2023 йилнинг I чораги учун молиявий ҳисобот топшириш керакми

preview

Ушбу саволга қонун ҳужжатларидаги номувофиқликлар туфайли жавоб бериш осон эмас. Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:

 

– Президентнинг 10.11.2022 йилдаги ПҚ-419-сон қарорига асосан:

1) юридик шахслар:

– 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат солиқ хизмати ва статистика органларига электрон тарзда топширилган молиявий, солиқ ва статистика ҳисоботларини;

– солиқ органининг автоматлаштирилган ахборот тизимлари орқали электрон шаклда расмийлаштирилган ҳужжатларни сақлаш ҳамда давлат ёки нодавлат архивларига топшириш мажбуриятидан озод этилган;

2) бухгалтерия ҳисоби субъектлари  учун молиявий ҳисоботларни солиқ ва статистика органларига ҳар чоракда тақдим этиш талаби бекор қилинган;

3) айланмадан олинадиган солиқни қатъий белгиланган солиқ ставкаси бўйича тўлайдиган тадбиркорлик субъектлари йиллик молиявий ҳисоботларни солиқ органларига топшириш мажбуриятидан озод этилган.

Бунда ҳануз Чораклик ва йиллик молиявий ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари тўғрисидаги низомга (942-сон) тегишли ўзгартиришлар киритилмаган. Мазкур Низом бекор қилинмаган, у амал қилишда давом этмоқда. Натижада корхоналар томонидан 2023 йилнинг I чораги учун молиявий ҳисоботни 2023 йилнинг 25 апрелига қадар тақдим этиш масаласи очиқ қолмоқда, бундан қуйидагилар мустасно :

  • чораклик ҳисоботларни ҳисобот чораги тугагандан сўнг 40  кундан кейин тақдим этадиган вазирликлар, идоралар, уюшмалар, корпорациялар, концернлар ва давлат мулкини бошқарувчи бошқа органлар;
  • молиявий ҳисоботларни бир йилда 1 марта – ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 25 мартидан кечиктирмай тақдим этадиган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ва чет эл фирмаларининг ваколатхоналари; 
  • молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботни бир йилда 1 марта ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 мартидан кечиктирмай тақдим этадиган юридик шахс мақомига эга бўлган бюджет ташкилотлари;
  • молиявий ҳисоботни бир йилда 1 марта ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай тақдим этадиган кичик корхоналар ва микрофирмалар.

Қонунчилик органларидан юзага келган вазиятга ойдинлик киритиш ва тегишли тушунтиришларни эълон қилишни сўраймиз.