Прочтите, если выплачиваете доходы нерезидентам, не связанные с ПУ:
Янги шакллар бўйича фойда солиғи ҳисоботини қандай топшириш керак
Ҳисоб-китобга янги иловаларни тўлдириш чоғида нимага эътибор бериш ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гульнора ЭРГАШЕВА гапириб берди:
– Энг катта ўзгартиришлар 10205 40 ва 10205_39 шакллари билан боғлиқ. Биринчи ҳолда одатдаги шаклни янги иловалар билан тўлдиришди, иккинчисида эса – ўхшаши бўлмаган янги шаклни жорий этишди.
Ўзгартиришлар СКнинг янги қоидаларига риоя қилган ҳолда ишлаш имконини беради. Хусусан, 10205_40 шаклнинг янгилангани солиқ тўловчи товарлар ва хизматлар таннархини ҳисоб-китоб қилишнинг тўғридан-тўғри ёки мутаносиб усулини қўллаши мумкинлигига асосланган илгари камерал текширувлар натижалари бўйича юзага келган саволларни олиб ташлайди, деб ўйлайман.
Ушбу шаклда бирданига бир нечта иловалар пайдо бўлди, хусусан:
- 2.1-илова “Солиқ ҳисоби маълумотларига кўра харажатлар (зарарлар) фақат йил якунлари бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этишда тўлдирилади”;
- 2.1(а)-илова “Бевосита харажатлар моддалари асосида товарлар (хизматлар) таннархи (ўз маҳсулоти (шу жумладан бажарилган хизматлар), сотиб олинган товарлар) ҳисоб-китоби”;
- 2.1(б)-илова “Бевосита харажатлар суммаси асосида товарлар (хизматлар) таннархи (ўз маҳсулоти (шу жумладан бажарилган хизматлар), сотиб олинган товарлар) ҳисоб-китоби”.
- 4-илова “Асосий воситаларнинг амортизацияси ҳисоб-китоби маълумотномаси”;
- 5-илова “Номоддий активлар амортизация харажатлари ҳисоб-китоби маълумотномаси”.
Аммо I–III чоракларда улар сизнинг ҳисоботларингизга ҳеч қандай тарзда таъсир кўрсатмайди, сабаби уларни фақат бир йилда 1 марта – йиллик ҳисоботни топширишда тўлдириш лозим.
Яна бир янгиликка эътибор беринг: йиллик ҳисоботни топширишда Ҳисоб-китобнинг энг бошида харажатлар моддалари ва суммаси асосида товарлар (хизматлар) таннархини аниқлаш юзасидан қўлланиладиган усулни кўрсатиш лозим. I–III чораклар учун ҳисоботларда ушбу майдонларни тўлдирмаса бўлади. Аммо, келгусида корхонада муаммолар бўлмаслиги учун ҳозир ҳисоб-китоб қилиш усулини аниқлаштириб олиш ва бутун йил мобайнида унга риоя қилиш керак. Бунда СКнинг 80-моддасига амал қилинг.
10205_40 кодли шаклда 12-илова ҳам янги ҳисобланади – у трансферт нархни белгилаш ва солиқ тўловчига СКнинг 177-моддаси талабларига риоя қилиш имкониятини тақдим этиш билан боғлиқ. Айнан: агар трансферт нархнинг белгиланиши бир ёки бир нечта солиқнинг (бўнак ва жорий тўловининг) суммалари камайтирилишига ёки зарар суммасининг кўпайтирилишига олиб келган бўлса, солиқ тўловчи солиқ базасига ва (ёки) тегишли солиқларнинг (зарарнинг) суммасига мустақил равишда тузатишлар киритишни амалга оширишга ҳақли. Бундай тузатиш киритиш қуйидаги солиқлар бўйича солиқ даврини (солиқ даврларини) ўз ичига олувчи календарь йил ўтгач амалга оширилади:
1) фойда солиғи;
2) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;
3) ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ;
4) қўшилган қиймат солиғи;
5) акциз солиғи.
Солиқ тўловчи қайси битимга нисбатан солиқ базасига ва (ёки) солиқ суммасига мустақил равишда тузатиш киритган бўлса, ўша битимни идентификация қилиш имконини берадиган маълумотларни Ҳисоб-китобга 12-иловада кўрсатиш лозим.
Эслатиб ўтаман, амалга оширилган тузатиш киритиш натижаларига кўра солиқ тўловчи томонидан СКнинг 177-моддаси 3-қисмига мувофиқ мустақил равишда аниқланган тўланмаган солиқлар суммаси тегишли солиқ даври учун фойда солиғини (ЖШДСни) тўлаш санасидан кечиктирилмаган муддатда тўланиши керак. Бу ҳолда тўланмаган солиқлар суммасига пенялар ҳисобланмайди .
Яна бир муҳим жиҳат: календарь йил ичида тугайдиган солиқ даврларининг (ҳисобот даврларининг) якунлари бўйича солиқларни (бўнак ва жорий тўловларни) ҳисоблаб чиқаришда солиқ тўловчи битимларнинг ҳақиқий нархларидан фойдаланишга ҳақли.
Ушбу ҳисоб-китоб бухгалтерия ҳисоби маълумотлари билан тўлдириладиган шакл ва корхонанинг умумий даромади акс эттириладиган фақат битта иловадан иборатдир. Иловани тўлдиришда:
- 021–026-сатрларда фаолият турлари бўйича товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадни кўрсатинг
- 030–180-сатрларда – операцион фаолиятдан олинган даромадларни кўрсатинг. 070-“Текин олинган мол-мулк (олинган хизматлар)” сатрни тўлдиришда СКнинг 299-моддасига амал қилинг;
- 190–198-сатрларда – бошқа сатрларда ўз аксини топмаган ҳар қандай бошқа даромадларни кўрсатинг.
2022 йил 1 сентябрдан кейин жами даромади жорий солиқ даври мобайнида илк марта 10 млрд сўмдан ошган солиқ тўловчилар ҳам жорий солиқ даври ва кейинги солиқ даври мобайнида пасайтирилган фойда солиғи ставкасини қўллашлари мумкин. Бироқ – башарти ушбу солиқ даврларида солиқ тўловчининг жами даромади 100 млрд сўмдан ошмаса.
Бунинг учун улар:
1) my.soliq.uzда “Солиқ имтиёзларидан фойдаланиш тўғрисида мурожаат қилиш” интерактив хизмати орқали мурожаат топширишлари;
2) мурожаат маъқулланганидан кейин – 10205_40 шакл бўйича ҳисоботни топширишлари лозим. Бунда улар имтиёзни солиқ ҳисоботи шакллари мазкур пакетининг “Имтиёзлар” иловаси ёрдамида қўллашлари мумкин.Олег ГАЕВОЙ тайёрлади