Етказиб бериш ва йиғиш – харидор ҳисобидан бўлса, шартнома ва ЭҲФни қандай расмийлаштириш керак

preview

“Ишлаб чиқариш корхонаси тайёр маҳсулотларни реализация қилади. Шартномада алоҳида сатр билан етказиб бериш ва йиғиш алоҳида тўловга (буюртма қийматининг 4%и) амалга оширилишини кўрсатамиз. Юкхати-ҳисобварақ-фактураларда муайян қиймат бўйича реализация қилинадиган маҳсулотларни ажратамиз ва алоҳида сатрда етказиб бериш, харидорнинг ҳудудида юкни тушириш ва маҳсулотларни йиғиш қийматини (товарни реализация қилиш қийматининг 4%и) кўрсатамиз. Шартнома ва юкхати-ҳисобварақ-фактурани шу тарзда расмийлаштириш қонунийми? Агар биз фақат ўз маҳсулотларимизни етказиб берсак, шаҳар ичида юк ташиш учун лицензия олиш керакми?”.

Саволга “Норма” эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА жавоб берди: 

 

– Ҳа, сиз олди-сотди (етказиб бериш) шартномасига товарларни (маҳсулотларни) етказиб бериш ва йиғиш учун қўшимча тўлов белгилаш тўғрисида бандни киритишингиз мумкин . Бу – сизнинг харидор билан шартномага оид муносабатларингиз, қонун ҳужжатларида етказиб бериш ва йиғиш учун алоҳида тўловга чекловлар мавжуд эмас.

Бунда товарни етказиб бериш тадбиркорлик фаолиятининг мустақил тури сифатида эмас, балки етказиб берувчининг етказиб бериш шартномаси бўйича мажбуриятларини бажариш усули сифатида қаралади.

Товар етказиб бериш шартномасида назарда тутилган шартларда, транспортда  етказиб берилиши мумкин. Агар етказиб бериш шартномасида улар белгиланмаган бўлса, етказиб берувчи танлаш ҳуқуқига эга бўлади .

 

Лицензиялаш

Автомобиль транспортида юкларни халқаро ташиш лицензияланади.  Шунингдек, йирик габаритли ва оғир юкларни ташишга рухсатнома олиш лозим.

Агар етказиб берувчи ички ташишларни амалга оширса ёки йирик габаритли ва оғир юклар тоифаси таъсири остига тушмайдиган юкларни ташиса, лицензия ёки рухсатнома талаб қилинмайди.

 

ЭҲФ

Юкхати-ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришда ҳам етказиб бериш қийматини алоҳида сатр билан ажратишга йўл қўйилади. Лекин бу ҳолда МХИКни кўрсатиш зарур бўлади. Бу ерда мураккаблик юзага келиши мумкин, сабаби МХИК рўйхатида ҳозирча “ўз маҳсулотларини етказиб бериш” хизмати учун алоҳида МХИК мавжуд эмас.

Шу боис етказиб бериш қийматини товарни (маҳсулотни) реализация қилиш нархида ҳисобга олиш ёки – бундай мақсадлар учун алоҳида МХИК кодини рўйхатдан ўтказиш тўғрисида сўров топшириш лозим бўлади.