Полезное для бухгалтера в ноябре:
Лойиҳа: юридик шахсларнинг ишончлилик рейтинги қандай аниқланади
Савдо-саноат палатаси томонидан Тадбиркорлик субъектининг ишончлилик рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси ишлаб чиқилди. Рейтинг маълумотлари юридик шахсларга преференциялар бериш ва рағбатлантириш чораларини кўриш тўғрисида қарор қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қилиши керак.
Лойиҳани ҚҲТБТ порталида муҳокама қилиш 12 декабрга қадар давом этади. Buxgalter.uz эслатиб ўтади, ҳар қандай хоҳловчилар муҳокамада иштирок этишлари мумкин: https://regulation.gov.uz/uz/d/89397.
Дастлаб таклиф этилаётган НҲҲ мазмуни ҳақида
Ишончлилик рейтингини жорий этиш Президентнинг 2023 йил 4 сентябрдаги ПҚ-292-сон қарорида режалаштирилган (1-иловадаги Йўл харитасининг 24-бандига қаранг).
Ишлаб чиқувчилар рейтинг давлат органлари ва идораларининг ахборот тизимида мавжуд маълумотлардан фойдаланилган ҳолда шакллантирилишини режалаштиришмоқда. Унинг натижалари:
- баҳолаш амалга оширилган кундан бошлаб 1 кун ичида солиқ тўловчининг шахсий кабинетига юборилади;
- улардан Солиқ қўмитасининг расмий сайтида фойдаланиш мумкин.
Солиқ қўмитаси рейтингни юритиш билан шуғулланади. Ахборот тизимлари балларни ҳисоблайди (кўпи билан 100 балл тўплаш мумкин) ва AAA дан D гача – ўнта рейтинг тоифаларидан бирини беради.
Лойиҳада ҳар бир мезон бўйича баҳолаш услубияти келтириб ўтилган.
Тизимга юридик шахсларнинг ишончлигини баҳолашнинг қуйидаги мезонларини киритиш режалаштирилмоқда:
- компаниянинг фаолиятни амалга ошириш даври (EBITA – мажбурий тўловлар, солиқлар ва амортизация харажатлари бўйича фоизлар чегирилгунга қадар фойда асосида);
- компаниянинг кредит тарихи;
- ўз кўчмас мулкининг (шу жумладан ижара шартномасининг) мавжудлиги;
- тармоқ ва ҳудуд бўйича бир нафар ходимга тўғри келадиган иш ҳақи жамғармасининг нисбати;
- солиқларнинг ўз вақтида тўланиши;
- солиқлар бўйича инкассонинг мавжуд эмаслиги;
- солиқ ҳисоботининг ўз муддатида тақдим этилиши;
- электрон ҳисобварақ-фактураларнинг вақтида расмийлаштирилганлиги;
- ЭҲФ расмийлаштириш орқали харид қилинган ва сотилган маҳсулотлар нисбати;
- текширувдан олдинги таҳлил натижасида аниқланган ноаниқликларнинг тузатилиши
Шунингдек, тизимда рейтингни камайтириш ва оширишга кўмаклашувчи мезонлар бўлади.
Режалаштиришларига кўра, рейтингнинг камайтирилишига қуйидагилар таъсир қилади:
- корхона рўйхатдан ўтказилган жойни тез-тез ўзгартириши: охирги 12 ой давомида бир мартадан ортиқ;
- раҳбарнинг қўнимсизлиги: охирги 12 ой давомида икки мартадан ортиқ маротаба;
- таъсисчи ёки раҳбарга ишонч даражасининг пастлиги (банкротликда иштирок этган, жиноий иши юзасидан судланган);
- солиқ ва божхона соҳаларида ҳуқуқбузарликлар;
- МХИКдан нотўғри фойдаланиш: бир ой мобайнида бир ҳолатдан кўп;
- илгари тақдим этилган солиқ ҳисоботига катта миқдорда тузатишлар киритилиши;
- ҚҚС тўловчиси гувоҳномасининг амал қилишининг бекор қилиниши ёки тўхтатиб турилиши;
- илгари солиқ қарзининг мол-мулк ҳисобидан ундирилишига қаратилганлиги;
- кредиторлар томонидан қарзни ундириш бўйича суд иши юритишнинг мавжудлиги: 12 ой мобайнида бир мартадан ортиқ.
Қуйидагилар ишончлилик рейтинги баҳосининг оширилиши учун асос бўлиб хизмат қилади:
- муҳтож ва эҳтиёжманд шахслар (“темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”), шунингдек ногиронлиги бўлган шахслар бандлиги таъминланганлиги;
- МҲЭКМдан ортиқ иш ҳақи олган ходимлар сонининг ортиши;
- тармоқ бўйича ўртача ҚҚС ёки айланмадан олинадиган солиқнинг йирик суммаларининг тўланиши.
Мазкур мезонлар билан юқори балл тўплаш – мураккаб вазифа.
Биринчидан, ҳар бир мезон батафсиллаштириш ва аниқлаштиришни талаб қилади. Солиқ ҳисоботини камерал солиқ текшируви асосида қайта топшириш бир масала. Турли ҳаётий ҳолатлар туфайли эҳтиётсизлик оқибатида йўл қўйилган хатоларни мустақил равишда тузатиш – умуман бошқа масала. Мисол учун, бухгалтерга касаллик варақаси ҳақида ўз вақтида хабар беришмади. Ёки янгиликларни қўллаш бўйича батафсил йўриқноманинг мавжуд эмаслиги туфайли, улар ўз вақтида регулятор томонидан тушунтирилмаганлиги сабабли йўл қўйилган хатолар. Корхонанинг эмас, балки унинг контрагенти айби билан юзага келган ноаниқликларни ҳам – шу қаторга киритиш мумкин.
Иккинчидан, айрим вазиятларда норматив-ҳуқуқий базани ривожлантириш лозим. Мисол тариқасида МХИКнинг етарли даражада такомиллаштирилмаганлигини келтириб ўтиш мумкин. МХИКни қўллаш қоидаларини белгиловчи норматив-ҳуқуқий база қаерда хатога йўл қўйилган, қаерда йўл қўйилмаганлигини субъектив равишда баҳолаш учун етарли даражада эмас. 28.04.2021 йилдаги 249-сон ВМҚда назарда тутилган Маҳсулотлар (товар ва хизматлар) ягона электрон миллий каталогини жорий этиш тартиби энг асосий ҳужжатлардан бирига айланиши керак. Аммо НҲҲ ҳануз қабул қилинмаган.
МХИКнинг ўзи жорий этилган вақтдан буён 5 белгилидан 17 белгилигача эволюциядан ўтган ва уларни мақбуллаштириш давом этмоқда. Бироқ, ҳатто мақбуллаштиришдан ўтказилган МХИК ҳам мукаммалликдан йироқдир. Мисол учун, тиббиёт учун МХИКни олайлик. Улар “мутахассислик бўйича шифокорлар маслаҳатлари” ва “даволаш ва муолажалар ўтказиш учун мутахассис шифокорлар хизматлари”га бўлинган. Фақат маслаҳатлар ёки фақат даволаш ва муолажалар ўтказиладиган шифокор қабулига мисоллар анча кам учрайди. Кўпинча ушбу барча учта таркибий қисмлар шифокорнинг ҳар қандай қабулида мавжуд бўлади. Бизда учта МХИК мавжуд “Дерматолог маслаҳатлари”, “венеролог маслаҳатлари”, “дерматовенеролог маслаҳатлари” мавжуд. Аммо амалиётда буларнинг барчаси дерматовенеролог дипломига эга шифокорлардир. Шунга ўхшаш бўлиш, ўйлаймизки, солиқ маъмуриятчилиги учун аҳамиятга эга эмас, бироқ у ёки бу вазиятда қандай МХИКни қўллаш юзасидан талай саволларни юзага келтиради. Оқибатда, МХИКни расмиятчилик учун қўллашга олиб келади. Ҳар бир МХИК учун ҳар қандай вазиятлар эҳтимолида қўллаш бўйича йўриқнома бўлса, жуда соз бўларди.
Баҳолаш мезонларида аниқлик ва ойдинлик бўлмагунича таклиф этилаётган юридик шахсларнинг ишончлилик рейтингини адолатли ва холис дейиш амри маҳолдир. Ахир имтиёз ва преференцияларни эса, эҳтимол, фақат юқори балл тўплаган тадбиркорлик субъектлари олади.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади