Полезное для бухгалтера в ноябре:
2024 йилда Soliq мобил иловаси орқали кешбек тўлаш давом этади
«Soliq mobil иловасида чеклар бўйича рўйхатдан ўтган кешбеклар 2024 йилда ҳам ҳисобланади ва тўланадими? Бу бўйича «2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида»ги қонунда маълумот йўқ.
Вазиятни buxgalter.uz илтимосига кўра Солиқ қўмитасида изоҳлашди:
– 2024 йилда чеклар бўйича 1% қайтариш сақланиб қолади. Бу ҳақда «2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида»ги қонунда тўғридан-тўғри кўрсатма йўқ, чунки Вазирлар Маҳкамасининг 12.05.2022 йилдаги 255-сон қарори амал қилмоқда. Ушбу қарор билан «Сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисмини жисмоний шахсларга қайтариш тартиби тўғрисида Низом» тасдиқланган. Унга кўра кешбек тўлаш Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тасдиқланган схема бўйича амалга оширилади.
Шундай қилиб, харидорлар касса чекларини Soliq мобил иловасида рўйхатдан ўтказишда ва кешбек олишда давом этишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, қуйидаги ҳолатларда Soliq мобил иловасида фискал белгили чеклар рўйхатдан ўтказилмайди :
- берилган кундан бошлаб ўн календарь кун ўтган чеклар;
- аввал рўйхатдан ўтказилган ёки сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисми қайтарилган чеклар;
- автомобиль, ҳаво ва темир йўл чипталарини сотиб олиш натижасида олинган, шунингдек, алоқа ва коммунал хизматлар учун амалга оширилган тўлов чеклари;
- шубҳали харидорлар реестрига киритилган жисмоний шахслар чеклари;
- жисмоний шахслар томонидан ўзини ўзи банд қилган шахслардан харид қилинган товарлар (хизматлар) чеклари.
Шубҳали харидорлар реестри Солиқ қўмитаси томонидан юритилади.
Унга Soliq мобил иловаси орқали ўн беш ёки ундан ортиқ шахслар томонидан ўзганинг чекини рўйхатдан ўтказиш ва (ёки) ҳуқуқбузарлик содир этиш тўғрисида шикоят келиб тушган жисмоний шахслар киритилади .
Солиқ қўмитаси қуйидаги ҳолларда жисмоний шахсларни шубҳали харидорлар реестридан чиқариб ташлайди :
- жисмоний шахслар томонидан товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисмини қайтариш ҳуқуқини олишнинг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ёки суд қарори тақдим этилганда;
- жисмоний шахслар шубҳали харидорлар реестрига киритилган кундан бошлаб ўн икки календарь ой ўтганидан кейин.
Солиқ қўмитаси қуйидаги ҳолларда товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисмини қайтариб беришни тўлиқ ёки қисман рад этиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли :
- товарлар (хизматлар) сотувчиси томонидан солиқ органларига солиқ ҳисоботлари тақдим этилмаганда ва (ёки) 1 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги мавжуд бўлганда;
- аҳоли билан ҳисоб-китоблар тўғрисида онлайн режимда келиб тушадиган маълумотлар ва солиқ органларида мавжуд бўлган бошқа маълумотлар асосида товарларни сотиш ва сотиб олишда товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисмини қайтариб олишга қаратилган ҳуқуқбузарлик белгилари аниқланганда;
- онлайн назорат-касса техникаси чекини рўйхатдан ўтказган жисмоний шахснинг шубҳали харидорлар реестрига киритилганлиги;
- сотиб олинган товарлар номенклатурасида бўлмаган товарлар билан савдо қилинганда ёки сотилган товарлар сони сотиб олинган товарлар сонидан кўп бўлганда;
- онлайн назорат-касса техникалари чекларида идентификация кодлари ва штрих-кодлари нотўғри акс эттирилиши аниқланганда ёки уларда солиқ органлари маълумотлар базасида йўқ идентификация кодлари ва штрих-кодлари билан акс эттирилганда;
- солиқ органларининг ахборот тизимларида жисмоний шахслар томонидан онлайн назорат-касса машиналари чекларини рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумотларнинг йўқлиги;
- жисмоний шахслар томонидан рўйхатдан ўтказилган онлайн-назорат касса техникалари чеклари билан боғлиқ бўлган товарларни (хизматларни) сотишдан тушган даромад суммаларини сотувчи томонидан солиқ ҳисоботида акс эттирилмаслиги.
Солиқ қўмитаси қуйидагиларга ҳақли:
– онлайн назорат касса техникаси чекини солиқ органларининг мобиль иловасида рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсдан унинг ҳақиқий харидлари тўғрисидаги тасдиғини сўраб олишга;
– харид ҳақиқатда ушбу жисмоний шахс томонидан амалга оширганлиги шубҳали бўлган тақдирда товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисмини қайтаришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилишга.
Кешбек солиқ органларининг махсус мобил иловасида фискал белгили чеклар рўйхатдан ўтказилган ойдан кейинги ойнинг йигирма бешинчи кунидан кейин қайтарилади .