2024 йилга мўлжалланган давлат дастури: бизнес учун қулайликлар

preview

21 февраль куни Президент томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармон имзоланди. Шарҳимизда – айрим товарлар импорти бўйича имтиёзнинг узайтирилиши ва бизнес учун янги преференциялар ҳақида.

 

Телеграм-каналида бизнинг материалларимизни кузатиб боринг.

 

Президентнинг 2021 йил 20 октябрдаги ПҚ-5262-сон қарорида назарда тутилган рўйхат бўйича товарларга импорт божхона божининг ноль ставкасини қўллаш муддати 2027 йил 1 январга қадар узайтирилади. Ушбу рўйхатда – хом ашё ва ярим тайёр маҳсулотларнинг 82 та позицияси (елимлар, матолар, бўёвчи моддалар, каустик сода ва бошқалар) мавжуд.

Давлат активларини бошқариш агентлигига қуйидагилар топширилди:

  • 3 ойдан ортиқ муддат мобайнида очиқ савдоларда сотилмаган давлат активларининг бошланғич баҳосини босқичма-босқич пасайтириш. Нарх 50 фоизгача пасайтирилиши мумкин;
  • ер участкалари 6 ой давомида сотилмаганда – улар учун бўлиб тўлаш имкониятини яратиш. Айнан: тўловнинг 15 фоизини 3 ой муддатда, қолган қисмини – 10 йил муддатда.

2024 йил 1 июлдан бошлаб нуфузли халқаро брендлар билан ишлаб чиқаришни бошлаётган корхоналарга:

  • халқаро стандартларни жорий этиш ва экологик сертификатлаш харажатлари қоплаб берилади;
  • нуфузли халқаро брендлар остида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун зарур бўлган барча хом ашёлар маҳаллийлаштириш даражасини камида 60 фоизга етказиш шарти билан божхона божидан озод этилади;
  • нуфузли халқаро брендлардан жалб қилинган технолог, дизайнер, маркетолог каби мутахассислардан Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома берилганлиги учун тўлов бекор қилинади.

1 майдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар учун янги мажбурий тўловлар ва йиғимлар фақатгина қонунда белгиланади.

Бундан ташқари, давлат дастурида “Автомобилсиз кун” жамоатчилик лойиҳасини амалга ошириш назарда тутилган. У Тошкент шаҳрида ҳар ойнинг 1 иш куни давомида автомобиллар ҳаракатланишини қисқартиришга қаратилган. Лойиҳа экологияга автомобиллар чиқинди газларининг зарарли таъсирини камайтиришга қаратилган.

 

 

 

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /ru/publish/doc/text197081_2024_yilga_muljallangan_davlat_dasturi_biznes_uchun_qulayliklar