Ташкилот раҳбари ўзининг солиқ тўловчи-жисмоний шахснинг шахсий кабинетини текшириб туриши керак

preview

Солиқ ҳисоботларини топширишда кечикишлар бўлган ташкилот раҳбарлари my.soliq.uz сайтидаги солиқ тўловчи - жисмоний шахснинг шахсий кабинетини мунтазам равишда кўриб чиқишлари керак. Бу солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим қилмаганлик учун жарима тўғрисидаги қарорни ўтказиб юбормаслик ва бу ҳақда биринчи мартa Мажбурий ижро бюросидан келган чақирув қоғозидан хабар топмаслик учун муҳимдир.

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига кўра солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА изоҳлади:

 

Муҳим тушунтиришларни ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Февраль ойида солиқ тўловчилардан нега уларни Мажбурий ижро бюросига чақиришаётгани борасида кўплаб мурожаатлар келиб тушди. Ушбу чақирув хатигача улар ўзлари бошқараётган корхона бўйича солиқ ҳисоботларини ўз вақтида топширмаганликлари учун уларга маъмурий жарима солинганлиги тўғрисида бирон бир ҳужжат олишмаган, аниқроғи кўришмаган.

Март ойида Солиқ қўмитаси ўзининг «Soliq xizmati xabarlari – Rasmiy kanal» телеграм-каналида тушунтириш эълон қилди: «Маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жарима солиш тўғрисидаги ҳар бир қарор, шу жумладан солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим қилмаслик солиқ органларининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали қайд этилади ва у чиқарилган кундан бошлаб 3 кун ичида солиқ тўловчининг шахсий кабинетига юборилади (СК 56-м.)».

Бу вазиятни тушунтиради, аммо муаммонинг самарали ечими саналмайди.

Юридик шахснинг солиқ ҳисоботини кечиктирганлиги учун маъмурий жарималар юридик шахс раҳбарига юклатилади . Тегишинча, солиқ ҳисоботини кечиктирганлик учун маъмурий жарима солиш тўғрисидаги қарор солиқ тўловчи юридик шахснинг шахсий кабинетига эмас, балки солиқ тўловчи жисмоний шахс, яъни раҳбарнинг шахсий кабинетига келади.

Жисмоний шахсларнинг my.soliq.uz сайтидаги шахсий кабинетига камдан кам одам киради. Юридик шахс раҳбари, албатта, ҳисоботларни юбора олиши учун барча ваколатларни бухгалтерга топширган. Бунинг учун кўпинча директор номига олинган юридик шахснинг ЭРИси ишлатилади. Аммо бу ЭРИ жисмоний шахс – раҳбарнинг шахсий кабинетига эмас, балки фақат юридик шахснинг шахсий кабинетига кириш имконини беради. Жисмоний шахснинг шахсий кабинетига кириш учун жисмоний шахснинг ЭРИси керак.

Солиқ кодексининг 56-моддаси 4-қисмига мувофиқ my.soliq.uz сайтидаги шахсий кабинетдан фақат юридик шахслар ва  якка тартибдаги тадбиркорлар фойдаланишлари шарт, жисмоний шахслар эса ўз хоҳишига кўра фойдаланишлари мумкин.

Демак, юридик шахс раҳбари ҳеч бўлмаганда ўзи бошқараётган корхонада солиқ ҳисоботи ўз вақтида топширилмаганда жисмоний шахснинг шахсий кабинетига кириб туриши керак. Бу жисмоний шахснинг ЭРИсини олиш учун аввалроқ ҳаракат қилиш кераклигини англатади. Аммо бу мажбурият қонун билан мустаҳкамланмаган. Тегишинча, директор ўзининг  солиқ тўловчи жисмоний шахснинг шахсий кибинетига кирмаётгани учун унга ҳуқуқбузарлик сифатида ҳеч ким таъсир қила олмайди.

Бироқ директор айбдор эмаслигини, жарима солиш тўғрисидаги қарорни ўз вақтида олмаганлигини фақат маъмурий судда исботлаши мумкин.

Вазиятни қонунчиликни такомиллаштириш ёхуд солиқ тўловчининг эътиборига унга жарима солиш тўғрисидаги маълумотни қандай етказишнинг бошқа вариантларини ишлаб чиқиш орқали ҳал қилиш мумкин. My.soliq.uz сайтида шахсий кабинетдан фойдаланиш барча учун мажбурий бўлиши керак. Ёки солиқ органлари жисмоний шахсга жарима солиш тўғрисидаги қарорни шахсий кабинетга юборишдан ташқари, шунингдек электрон почтага юборишлари ёки телефонга хабар йўллашлари мумкин.

Умуман олганда, жисмоний шахсга жарима солиш тўғрисидаги қарор солиқ органи хабар ҳақиқатан ҳам қабул қилинган ва ўқилганига ишонч ҳосил қилган тақдирдагина жисмоний шахс эътиборига етказилган деб тан олиниши кераклиги борасида норма қабул қилиниши керак. Акс ҳолда ўқилмаган қарорлар Мажбурий ижро бюроси иш ҳажмининг манбаи бўлиб қолаверади.

 

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади