Ҳисоботларни кечиктириб топширганлик учун қандай жавобгарлик бор ва ундан қандай қутулиш мумкин

preview

Солиқ ҳисоботларини топшириш муддатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Аммо ҳар қандай кечикиш ҳам санкцияларга олиб келавермайди.

Ҳисоботларни кечиктириб топширганлик учун қандай жарималар белгиланган ва қайси ҳолларда улардан қутулиш мумкинлигини buxgalter.uz шарҳидан билиб олинг: 

Муҳим тушунтиришларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Санкциялар

Солиқ ҳисоботларини ўз вақтида тақдим этмаганлик учун солиқ тўловчи юридик шахснинг мансабдор шахси ёки солиқ тўловчи жисмоний шахс маъмурий жавобгарликка тортилади .

Эътибор беринг

1 августдан бошлаб ҳисоботни ўз вақтида топширмаганлик учун жарима миқдорлари қуйидагича белгиланган :

  • ташкилотнинг мансабдор шахси учун - 4 120 000 сўм (БҲМнинг 10 баравари);
  • якка тартибдаги тадбиркор учун - 1 236 000 сўм (БҲМнинг 3 баравари).

Ҳисоботларни топшириш ва солиқларни тўлашнинг барча жорий муддатлари – Бош бухгалтер режасида.

 

Солиқ ҳисоботини кечиктириб топширишнинг яна бир нохуш оқибати –  солиқ тўловчининг ҳисоб рақамини блоклаш ҳисобланади.

Агар ҳисоботларни топширишнинг белгиланган муддатидан 10 кун ўтган бўлса, солиқ органи қарздорнинг банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин . Қарор ижро этиш учун банкка юборилади. Шу билан бир вақтда солиқ тўловчининг шахсий кабинетига сабаби кўрсатилган ҳолда ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш тўғрисида хабарнома келиб тушади .

Ҳисоб рақами 10 кундан кўп бўлмаган муддатга блокланади. Ундан узоқроқ муддатга – фақат суд қарорига кўра солиқ органининг илтимосномаси асосида амалга оширилди .

Операцияларни тўхтатиб қўйиш қуйидагиларга нисбатан қўлланилмайди :

  • солиқларни тўлаш;
  • иш ҳақи, алимент, муаллифлик шартномалари бўйича ҳақ тўлаш, ҳаёт ва соғлиққа етказилган зарарни қоплаш;
  • махсус ҳисоб рақамлари.

Блоклашни бекор қилиш учун ҳисоботни топшириш лозим. Бунда ҳисобварақлар ҳисобот топширилганидан сўнг 2 кундан кечиктирмасдан очилади .

 

Юридик шахс ҳисоботни ўз вақтида топширмаганлиги учун ким жарима тўлайди

Солиқ органлари ташкилот раҳбарини ҳисоботларни ўз вақтида топширмаганлиги учун жавобгарликка тортади. Эслатиб ўтамиз, айнан юридик шахс раҳбари "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ солиқ ҳисоботи ва бошқа молиявий ҳужжатларнинг тайёрланишини, шунингдек ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаши шарт .

Юридик шахс раҳбари маъмурий жаримани қуйидаги йўллар билан тўлаши мумкин:

1) шахсий маблағларидан – банк ёки SoliqUz мобил иловаси орқали;

2) корхонанинг ҳисоб-китоб рақамидан. Раҳбар юридик шахснинг ҳисобварағидан маълум суммани тўлаш ва кейинчалик уни ўз иш ҳақидан ушлаб қолиш тўғрисида фармойиш (буйруқ) чиқаради. Бунда ҳар бир тўловда барча ушлаб қолишларнинг умумий суммаси ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақининг 50 фоизидан ошмаслиги лозим ;

3) раҳбарнинг фармойишига кўра корхонанинг ҳисоб-китоб рақамидан – иш ҳақидан ушлаб қолинмасдан, бироқ ушбу суммани жисмоний шахслар даромад солиғини ҳисоблашда унинг жами даромадига киритган ҳолда .

Агар ҳисоботни кечиктиришга бухгалтернинг бепарволиги сабаб бўлган бўлса (узрли сабаб бўлмаса), уни меҳнат қонунчилиги ва ташкилотнинг ички ҳужжатлари асосида интизомий жавобгарликка тортиш мумкин.

Тавсия 

 Интизомий жазолар ҳақида бу ерда ўқинг > > >

 

Маъмурий жазо қўллаш муддатлари 

Маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб бир йил ичида қўлланилиши мумкин .

Вазият

Солиқ идоралари қонунбузарликдан бир неча ой ўтгач раҳбарни жавобгарликка тортди

Ташкилот 2024 йил октябрь ойи учун ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботини 6 кун кечиктириб тақдим этди. 7 ойдан сўнг солиқ органи ташкилот раҳбарига нисбатан маъмурий жарима қўллади.

 

Солиқ органининг ҳаракатлари қонунийми?


– Ҳа, солиқ идорасининг ҳаракатлари қонуний. 2024 йил октябрь ойи учун ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботини топширишнинг сўнгги муддати 2024 йил 20 ноябрь эди. Ҳуқуқбузарлик содир этилган кун 2024 йил 21 ноябрь ҳисобланади. Шу санадан бошлаб бир йил ичида, яъни 2025 йил 21 ноябргача маъмурий жарима қўлланилиши мумкин.

 

Қандай ҳолларда жарима қўлланилмаслиги мумкин

МЖтК 271-моддасининг 11-бандида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни қўзғатиш мумкин бўлмаган, агар қўзғатилган бўлса, тугатилиши лозим бўлган ҳолатлар белгиланган. Бу қуйидаги ҳолларда бўлиши мумкин:

  1. Қоидабузарлик биринчи марта содир этилган бўлса.
  2. Қоидабузарлик аниқланган кундан бошлаб 30 кун ичида бартараф этилган бўлса.
  3. Етказилган моддий зарар тўлиқ қопланган бўлса.

Демак, ҳисобот ўз вақтида топширилмаган тақдирда, агар қоидабузарлик биринчи марта содир этилган бўлса ва ҳисобот солиқ органи ёки бухгалтернинг ўзи топширилмаганлиги фактини аниқлаган пайтдан бошлаб 30 кун ичида тақдим этилган бўлса, жаримадан қутулиш мумкин.

Солиқ ҳисоботлари электрон шаклда тақдим этилгани сабабли, ўз вақтида топширилмаган ҳисоботлар тизимда дарҳол – реал вақт режимида аниқланади.

Жарима қўллашдан аввал электрон ҳисобот тизими мансабдор шахснинг илгари худди шундай ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортилган-тортилмаганлигини текширади. Агар илгари жавобгарликка тортилган бўлса, худди шундай маъмурий ҳуқуқбузарлик жазо ижроси тугаган кундан бошлаб 1 йил ичида ёки ундан кейин содир этилганми йўқми, текширилади. Агар маъмурий жазога тортилган шахс жазони ижро этиш тугаган кундан бошлаб бир йил ичида янги маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этмаган бўлса, у маъмурий жазога тортилмаган ҳисобланади .

Мисол

 Маъмурий жазони "бекор қилиш" муддатини қандай ҳисоблаш керак

Ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этмаганлик учун жарима 2025 йил 12 августда тўланган. Шу кундан бошлаб бир йиллик муддат ҳисобланади. Агар ташкилот 2026 йил 12 августгача солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатларини яна бузса ва раҳбар яна жавобгарликка тортилса, бу такрорий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Бундай ҳолатда жавобгарликдан озод қилиш мумкин эмас.

Агар янги ҳуқуқбузарлик 2026 йил 12 августдан кейин содир этилса, раҳбар маъмурий жазога тортилмаган ҳисобланади. Шунда – солиқ ҳисоботи тақдим этилиб, ушбу ҳисобот бўйича солиқ суммаси 30 календарь кун ичида тўлиқ тўланган тақдирда –маъмурий жарима қўлланилмайди.

Солиқ органлари ходимларининг ҳаракатлари устидан юқори турувчи солиқ органига ёки судга шикоят қилиш мумкин.

 

Бухгалтерга эслатма

1. Ҳисобот даврида бош бухгалтер тўсатдан касал бўлиб қолиш ҳолатида ҳисоботларни тайёрлаш ва топшириш вазифаларини бошқа масъул ходимга олдиндан топшириш ҳақида ғамхўрлик қилинг. Буни буйруқ ёки фармойиш билан расмийлаштиринг.

2. Ҳисобот тузиш ва топширишни охирги кунларга қолдирманг! Муҳим саналарни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг ойлик "Бош бухгалтер режаси"дан фойдаланинг. Унда нафақат ҳисоботларни топширишнинг сўнгги саналари, балки ҳисоботларни қандай тўлдириш ва солиқларни тўлаш бўйича тушунтиришларга ҳаволалар ҳам келтирилган.

3. Топшириш муддатидан 3-5 кун олдин ўзингизга "эслатмалар" яратинг. Buxgalter.uz ҳам ўзининг Телеграм каналида ҳисоботларни топширишнинг яқинлашаётган муддатлари ҳақида олдиндан эслатиб ўтади.

4. Солиқ органларининг ахборот хизмати ва электрон ҳужжат айланиш тизимларидан келаётган маълумотлардан доимий хабардор бўлиб туринг.

5. Ҳисоботни тўлдириш бўйича саволлар ва техник муаммолар юзага келганда:

  • тушунтиришлар олиш учун юридик шахсингизга бириктирилган инспекторга, бухгалтерларнинг профессионал гуруҳларига мурожаат қилинг;
  • Buxgalter Pro тавсияларини албатта ўқинг, уларда барча маълумотлар батафсил тушунтирилган.

 

 

Солиқ назорати Солиқ назорати Солиқ назорати /ru/publish/doc/text199008_soliq_hisoboti_uz_vaqtida_taqdim_etilmaganda_qachon_jarimaga_tortishlari_mumkin