Электромобиллар, электр энергияси, бензин ва газ бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш мумкинми

preview

"Корхонамизда бир вақтнинг ўзида ҳам бензин, ҳам газда ишлайдиган автомобиллар мавжуд. Шунингдек, электромобиль сотиб олишни режалаштирмоқдамиз. Сотиб олинаётган электромобиллар, шунингдек ёқилғи сифатида фойдаланиладиган бензин, газ ва электр энергияси бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш мумкинми?"

Buxgalter.uz илтимосига кўра вазиятни Солиқ қўмитаси Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси бошлиғи Гулнора НИЗАМУТДИНОВА тушунтирди:

- Умумий қоидаларга кўра, корхона қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида бажарилганда ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚС суммаларини ҳисобга олишга ҳақли:

  • товарлар (хизматлар) ҚҚСга тортиладиган, шу жумладан ноль ставкада солиқ солинадиган товарларни ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш (хизматлар кўрсатиш) бўйича фаолиятда фойдаланилади;
  • олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактура ёки етказиб берувчи тақдим этган бошқа ҳужжат олинган бўлиб, унда солиқ суммаси алоҳида ажратиб кўрсатилган;
  • товар (хизмат) етказиб берувчи солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган ва амалда бўлган гувоҳномага эга;
  • корхонанинг ўзида ҚҚС тўловчининг амалдаги гувоҳномаси мавжуд;
  • товарлар импорти ҳолатида солиқ бюджетга тўланган;
  • товарлар экспорти ҳолатида етказиб бериш хорижий харидор томонидан тўланган.

Бироқ енгил автомобиллар, бошқа моторли воситалар ва улар учун ёқилғи бўйича яна бир қоида мавжуд: уларни сотиб олишда (импорт қилишда) ҚҚС, агар бу воситалардан фойдаланиш амалга оширилаётган фаолият тури билан боғлиқ бўлмаса, ҳисобга олинмайди.

 

Электромобиллар енгил автомобилларга киради, шунинг учун уларга юқорида санаб ўтилган ҚҚСни ҳисобга олиш қоидалари татбиқ этилади.

Агар корхона енгил автомобиллардан тадбиркорлик (ишлаб чиқариш) мақсадларида фойдаланса, у улар бўйича ҚҚСни ҳисобга олишга ҳақли. Лекин агар автотранспортдан раҳбарият, ходимлар ёки бошқа шахслар амалга оширилаётган фаолият тури (маҳсулот ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш) билан боғлиқ бўлмаган шахсий мақсадларда фойдаланса, солиқни ҳисобга олиб бўлмайди.

Енгил автомобилларнинг ишлаши учун фойдаланиладиган ёқилғи бўйича ҚҚСни ҳисобга олишнинг шундай тартиби амал қилади. Агар автомобиль бир вақтнинг ўзида ҳам бензинда, ҳам газда ишласа, ҳар бир турдаги ёқилғини ҳисобдан чиқариш тартиби ва нормаларини ишлаб чиқинг, уларни ҳисоб сиёсатига киритинг.

Электромобилларнинг ишлаши учун электр энергияси талаб этилади. Агар корхона уни етказиб берувчилардан сотиб олса, электр энергияси бўйича ҚҚСни ҳисобга олишда ёқилғи учун амал қиладиган қоидалар қўлланилади.

Эътибор беринг

Корхона фаолиятини ўрганиш жараёнида солиқ органлари автотранспортнинг ишлаши бўйича қуйидаги ҳужжатларни таҳлил қилади:

  • йўл варақалари (йўналишлар ва босиб ўтилган масофа);
  • ёқилғини ҳисобдан чиқариш далолатномалари (шу жумладан ҳисобдан чиқариш нормаларига мувофиқлиги);
  • суғурта полислари;
  • ЙТҲ, ЙҲҚни бузганлик учун жарималар бўйича ҳужжатлар ва бошқалар. Агар корхонада ишламайдиган учинчи шахслар томонидан автомобилни бошқариш ёки автотранспортдан ишлаб чиқариш мақсадларидан ташқари фойдаланиш ҳолатлари аниқланса, транспорт воситалари, ёқилғи ва электромобиллар учун электр энергияси бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш бекор қилинади.

 

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /ru/publish/doc/text201406_elektromobillar_elektr_energiyasi_benzin_va_gaz_buyicha_qqsni_hisobga_olish_mumkinmi