Полезное для бухгалтера в ноябре:
Трансферт нархларнинг солиқ солишга оид жиҳатлари (3-4-қисм)
Трансферт нархлар нафақат солиқ солиш масалаларида, бухгалтерия ҳисоби ва бошқарув учун ҳам аҳамиятли ҳисобланади. MBA, ДипИФР, «SFAI Buxgalter-audit» МЧЖ Аудиторлик ташкилоти аудитори Иброҳим Аҳмадхонов Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (ИҲТТ) трансферт нархлар бўйича йўриқномасини қўллашга оид халқаро амалиётлар хусусида туркум мақоллар тайёрлаган. Бугун buxgalter.uz ўқувчилари учун мазкур туркумдаги мақолаларнинг 3-4-қисмини чоп этамиз.
Жаҳон солиқ тизими ҳозирги вақтда "алоҳида ташкилот" тамойилига асосланади. Ушбу тамойилга кўра, ҳар бир ташкилот солиқ органлари томонидан алоҳида мустақил солиқ тўловчи деб қабул қилинади. Натижада, компаниялар гуруҳига кирувчи ҳар бир компаниянинг солиққа тортиладиган фойдаси алоҳида асосда белгиланиши лозим. Трансферт нархни белгилаш фойдани бир ташкилотдан бошқасига ўтказиш имконини берувчи восита бўлганлиги сабабли, миллий солиқ органлари трансмиллий компаниялар трансферт нархларини белгилаш амалиётига ва уларнинг юрисдикциясида солиққа тортиладиган фойдани манипуляция қилиш имкониятларига шубҳа билан қарашади.
Давлатлар трансмиллий компанияларнинг солиқдан қочиш учун трансфер нархларини қўллаш қобилиятини анча олдин тан олган. Биринчи йирик иқтисодиётлар (AҚШ ва Буюк Британия) йигирманчи аср бошларида трансферт нархлари қоидаларини жорий қилдилар. Бироқ, 1960-йилларга қадар трансферт нархлари танқидий кўриб чиқилмаган, чунки бу даврда унинг улуши халқаро савдога нисбатан аҳамиятсиз эди. 1960 ва 1970-йилларда трансмиллий компаниялар ва солиқ органлари ўртасида трансферт нархлари бўйича биринчи эътиборга молик келишмовчиликлар пайдо бўлди (асосан AҚШда). Бунга бошқа давлатлар ҳам эргашдилар ва 1990-йиллар ва 2000-йилларнинг бошларида OECD (ИҲТТ) ва кўплаб юрисдикциялар бир қатор трансферт нархлари бўйича кўрсатмалар ва қоидаларни эълон қилдилар. Ҳозирги вақтда деярли ҳар бир мамлакатда ўз солиқ базасини манипулятив трансферт нархларидан ҳимоя қилишга қаратилган қонунчилик мавжуд.
"Қўл узунлиги тамойили" трансферт нархлар учун асос
Трансферт нархлар бўйича солиққа тортиш асосида "Қўл узунлиги тамойили" ётади. Бу инглиз тилида "Arm's length principle" деб аталади. Ушбу тамойил бир томоннинг бошқасига ортиқча таъсири ёки назоратини таъминлаш учун етарлича узоқ деб ҳисобланган масофани англатади.
Тамойил номининг келиб чиқиши ҳам маънога эга. Тасаввур қилинг- икки киши бир-бирига қўл узатган ҳолда турибти. Агар бу қўллар бир-бирига тегмаса, мана шунда "Қўл узунлиги тамойили" бажарилган бўлади. Қўлнинг узун бўлиши ўзбек тилида бошқа маънода ишлатилади.
Ушбу тамойилнинг иқтисодий маъноси икки компания тижорий битим тузганда уларнинг орасида "икки қўл узунлигида масофа бўлиши кераклигини" билдиради. Ана шу масофа битимнинг бозор нархида шаклланишини таъминлайди.
Масалан, АБС компанияси узум етиштиради ва уни ўзига боғлиқ бўлмаган, мустақил дистрибьютор компанияга килосини 50 000 сўмдан сотади. Ушбу томонлар ўртасидаги битим "Қўл узунлиги тамойили"ни қаноатлантиради. Чунки улар бир-бирига боғлиқ томонлар эмас. Лекин, АБС компания ўзининг дистрибьютор компаниясини ҳам ташкил қилди ва унга узумларни 30 000 сўмдан сотиш бўйича битим тузилди. Мазкур ҳолатда "Қўл узунлиги тамойили"ни қаноатлантириш учун нарх 50 000 сўм этиб белгиланиши лозим.
Мазкур мисолдан компаниялар ўзининг боғлиқ томонларига ушбу тамойилни қўллаб бозор нархида битим тузиш керак деган хулоса келиб чиқмайди. Бозор иқтисодиёти шароитида нархлар эркин шаклланади. Лекин, уларни солиқ мақсадларида ҳисобга олиш учун ушбу тамойил қўлланади ва битимга тузатиш киритилади. Албатта, бу солиқнинг муҳим тамойили - адолатлиликни таъминлашга хизмат қилади.
Мазкур тамойил жуда оддий кўриниши мумкин. Бироқ, уни қўллашда сезиларли амалий қийинчиликлар мавжуд. АБС компания фақат ўз дистрибьютор компаниясига узум сотади ва мустақил шахслар билан битимлар тузмайди (шунинг учун учинчи томон нархи мавжуд эмас). Ёки, масалан, АБС компания бозорда бошқа нархга эга бўлиши мумкин бўлган бошқа навдаги узумларни сотади. АБС компания мустақил дистрибьюторларга олма сотган бўлиши мумкин. Ушбу маълумот қандайдир тарзда ўзининг дистрибьютор компаниясига сотган узумга нисбатан нархларни белгилашда ишлатилиши мумкинми? Бу каби саволлар жуда ҳам кўп.
Энди реал ҳаётни кўриб чиқайлик. Хизматлар, интернет ва молиявий бозорлар замонавий иқтисодиётнинг асосидир. Гуруҳ ичидаги хизматлар транзакциялари ва своп каби молиявий воситаларга ушбу тамойилни қўллаш техник муаммога айланиши мумкин. Трансмиллий копманиялар кўпинча ўз йўналиши бўйича табииий глобал монополияни ҳосил қилган ва кўпинча ўзининг ярим тайёр компонентлари уникал хусусиятга эга. Масалан, Google бир шўба компанияси гуруҳдаги бошқа компанияга бир хизматни сотиши мумкин ва дунёда шунга ўхшаш хизмат бошқа такрорланмаслиги мумкин.
Шунинг учун халқаро амалиётда трансферт нархларни аниқлашга қаратилган кўрсатмалар ва тартиблар жуда катта хажмга эга бўлмоқда (ОЕСD кўрсатмалари 2800 варақдан ортиқ). Ушбу кўрсатмаларнинг энг муҳим жиҳатлари ЎзР Солиқ кодексига 2022 йил 1 январдан бошлаб амалиётга жорий қилинди.