Нима учун солиқ органининг ҳар бир хатига жавоб талаб қилинмайди

preview

Компания солиқ органлари инспекторидан my3.soliq.uz шахсий кабинетида хабарнома олди. Инспектор ўзини таништириб, компанияни эҳтимолий қонунбузарликлар ҳақида хабардор қилади. Хатда чиқувчи рақам, сана, QR-код йўқ... 

Бухгалтер ҳайратда қолиб, бундай хабарномага жавоб бериш керакми деган савол туғилди. Buxgalter.uz ўқувчилари учун солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳ беради:

Керакли тушунтиришни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм каналимизга обуна бўлинг.

 

Солиқ органлари солиқ тўловчилар билан ўзаро муносабатларда қандай принципларга риоя қилиши керак

– Солиқ кодексининг 19-моддасига кўра солиқ органлари ҳужжатларни солиқ тўловчининг шахсий кабинетига электрон ҳужжат шаклида юборади.

"Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида"ги Қонунга (4–6, 11-м.) кўра электрон ҳужжат қуйидаги ҳолатларда юридик аҳамиятга эга деб тан олинади:

  • нoёб рақам ва тузилган санага эга бўлса;
  • ваколатли шахснинг ЭРИси билан имзоланган бўлса;
  • қонунчиликда назарда тутилган мажбурий реквизитларни ўз ичига олса;
  • юборувчини идентификация қилиш ва ҳужжат бутунлигини таъминлаш имкони мавжуд бўлса.

Шахсий кабинетга юборилган хабарномани қуйидаги вазиятларда юридик кучга эга расмий электрон ҳужжат деб ҳисоблаш мумкинми:

❌ рўйхатга олиш рақамини ўз ичига олмаса;

❌ тузилган санани ўз ичига олмаса (фақат етказиб бериш санаси эмас);

❌ QR-код ёки ҳужжатнинг нoёб идентификатори мавжуд бўлмаса;

❌ ЭРИ билан имзоланмаган бўлса (ёки ким имзолагани кўрсатилмаган бўлса)?

"Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида"ги Қонун билан белгиланган ҳужжатни расмийлаштириш талабларига суяниб жавоб бераман: "Йўқ". Демак, шахсий кабинетга бундай хабарни солиқ органининг расмий хабарномаси эмас, балки ноформал ёзишма деб баҳолаш мумкин.

Солиқ тўловчи олган хабарнома билан камерал текширув хабарномасини солиштиринг.

Солиқ инспекторининг "норасмий" хатига қандай жавоб бериш керак

Мажбурий реквизитларсиз солиқ инспектори – жисмоний шахснинг хатига юридик шахс қуйидагича жавоб бериши мумкин:

"Ҳурматли ______________, ҳуқуқий аниқлик мақсадида Ўзбекистон Республикасининг "Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида"ги Қонуни (29.04.2004 й. 611-II-сон) ва Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари тўғрисида"ги Қонунида (11.09.2017 й. ЎРҚ-445-сон) назарда тутилганидек, рўйхатга олиш рақами, хат санаси, нoёб идентификатор кўрсатилган ва ЭРИ билан имзоланган расмий хабарнома юборишингизни сўраймиз".

"Солиқ инспектори юридик шахсга бундай хабарномани қандай асосда ёзади: қандай назорат доирасида у бундай ҳаракатларга ваколатли?" деган савол туғилади.

Агар солиқ органларида солиқ тўловчилар билан "норасмий" ёзишма олиб боришга имкон берувчи ички регламент мавжуд бўлса, у норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки мавжуд НҲҲларга ўзгартиришлар шаклида чиқиши керак.

Қонунчиликка кўра бундай ҳаракатлар солиқ назорати, солиқ текширувлари ва солиқ органлари раҳбарлари ёки раҳбар ўринбосарлари имзолаган ҳужжатлар доирасида содир бўлиши керак. Тегишли имзо ва санасиз инспектор хати юридик шахсдан ҳисоботни қайта кўриб чиқишни тавсия этиш ёки талаб қилиш учун етарли ҳуқуқий асосга эга эмас.

Жисмоний шахслар – солиқ инспекторлари томонидан юридик шахсларга қонунчилик талабларига мувофиқ тегишли тарзда расмийлаштирилмаган хатлар ҳуқуқий ноаниқликка сабаб бўлгани учун, ушбу вазиятда қуйидагиларни тавсия этаман:

  • инспектор ҳаракатларининг қонуний эканлиги ва хатга муносабат билдириш зарурлиги ҳақида тушунтириш олиш учун бизнес-омбудсманга мурожаат қилинг. Қисқа рақам 1100 ёки телеграм-канал орқали мурожаат қилиш мумкин;
  • хат юборган инспекторнинг мақоми ва ваколатлари тўғрисида юқори солиқ органидан тушунтириш сўранг.

 

Юлия ТАРШИЛОВА тайёрлади

Солиқ назорати Солиқ назорати Солиқ назорати /ru/publish/doc/text209841_nima_uchun_soliq_organining_har_bir_hatiga_javob_talab_qilinmaydi