Нима учун солиқчилар 1 январдан бошлаб ҚҚС тўловчиларнинг ҳисобга олиш суммаларига тузатиш киритмоқдалар?

preview

Корхона 2020 йил 1 январдан бошлаб фойда солиғи ва ҚҚС тўловчисига айланди. Ўтиш санасига келиб 2017–2019 йилларда харид қилинган товарларнинг қолдиқлари бўйича ҚҚС ҳисобга олинган эди. Бироқ солиқчилар ҳисобга олинган суммани қабул қилмай, 2019 йилда харид қилинган товарлар қийматидан келиб чиқиб унга тузатиш киритдилар. Улар тўғри иш қилдиларми? «Норма» эксперти Ирина АХМЕТОВА вазиятга ойдинлик киритди:


– Ҳа, солиқчилар ҚҚС бўйича ҳисобга олинган суммага тузатиш киритиб, тўғри иш қилганлар.

Корхона 2020 йил 1 январдан бошлаб ҚҚС тўловчисига айлангани сабабли ушбу санага келиб балансда мавжуд бўлган ТМЗ қолдиқлари ва узоқ муддатли активларнинг баланс қийматида ҳисобга олинган солиқ суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга .

ҚҚС тўлашга ўтиш санасига келиб ТМЗ қолдиқлари ва узоқ муддатли активлар бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш учун қуйидаги шартларга риоя этиш керак :

1) ТМЗ ва узоқ муддатли активлардан солиқ солинадиган реализация қилиш бўйича айланмада, шу жумладан ноль даражали ставка бўйича айланмада фойдаланилиши;

Диққат
2020 йилдан бошлаб реализация қилиш жойи Ўзбекистон деб эътироф этилмайдиган хизматларни кўрсатиб, ушбу айланмада фойдаланилган товарлар ва хизматлар бўйича «кирувчи» ҚҚСни ҳам ҳисобга олиш ҳуқуқига эгасиз. Ҳисобга олиш учун ушбу айланма солиқ солинадиган айланмага тенглаштирилади .

2) «кирувчи» ҚҚС етказиб берувчининг ҳисобварақ-фактурасида ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатда ажратиб кўрсатилиши;
3) етказиб берувчи ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилиши;
4) товарлар олиб кирилганда (импорт қилинганда) «божхона» ҚҚС бюджетга тўланиши.

ҚҚС тўлашга ўтиш чоғида ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасини қуйидагича аниқланг :

  • ТМЗ қолдиқлари бўйича – ўтиш санасидан олдинги сўнгги 12 ой давомида харид қилинган товарларнинг (хизматларнинг) ҳақиқий қийматидан келиб чиқиб. Бу солиқ суммаси сўнгги 12 ойда (яъни 2019 йилда) харид қилинган, ўтиш санасига келиб сизда мавжуд бўлган ТМЗ қолдиқлари қийматидан «чиқарилишини» англатади;
  • узоқ муддатли активлар бўйича – ўтиш санасига келиб уларнинг баланс (қолдиқ) қийматидан келиб чиқиб – тегишли солиқ суммасини ўз ичига оладиган қайта баҳолашни ҳисобга олмасдан. Узоқ муддатли активлар бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш тартиби 2019 йилдан жорий этилгани боис фақат 2019 йил 1 январдан кейин харид қилинган узоқ муддатли активларни ҳисобга олинг.
Диққат
ТМЗ ва узоқ муддатли активлар қийматини ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасига камайтираётганда етказиб берувчи ушбу ТМЗ ва узоқ муддатли активларни харид қилиш чоғида ҳисобварақ-фактурада кўрсатган ҚҚС ставкасини инобатга олинг. Уларнинг қийматига 20%лик ставкада ҚҚС киритилган бўлса (2019 йил 1 октябргача харид қилинганда), уни ҳам 20%лик ставкада «чиқариш» керак.

 

Мисол
01.01.2020 йилдан бошлаб тўловчига айланган корхонада ҚҚСни ҳисобга олиш
Корхона 2019 йилда ЯСТ тўлаган, 2020 йилдан бошлаб ҚҚС тўловчисига айланган.
2020 йил 1 январдаги ҳолатга кўра корхона балансида қуйидагилар қайд этилган:
  • ҚҚС билан харид қилинган, 100 млн сўмлик суммадаги ТМЗ. Шундан:
сўнгги 12 ойда (2019 йил 1 январдан 31 декабргача) харид қилинган – 70 млн сўмлик, шу жумладан қуйидаги ставкадаги ҚҚС билан:
– 20%лик ставкада (2019 йил 1 октябргача) – 24 млн сўмлик;
– 15%лик ставкада – 46 млн сўмлик;
2017–2018 йилларда харид қилинган – 30 млн сўмлик;
  • ҚҚС билан харид қилинган асосий воситалар, қайта баҳолашни инобатга олмаганда қолдиқ қиймати – 200 млн сўм. Шундан 2019 йилда харид қилинган АВнинг қолдиқ қиймати 15%лик ҚҚСни инобатга олган ҳолда 69 млн сўмни ташкил этади.
2020 йил 1 январдаги ҳолатга кўра корхона 19 млн сўм миқдоридаги ҚҚСни ҳисобга олишга ҳақли, шу жумладан:
  • ТМЗ қолдиқлари бўйича – 10 млн сўм (24 : 120 х 20 + 46 : 115 х 15);
  • асосий воситалар бўйича – 9 млн сўм (69 : 115 х 15).