Полезное для бухгалтера в ноябре:
Аниқлаштирилган ҳисобот учун нега аудиторларни жазолашмоқда
Йирик солиқ тўловчилар бўйича минтақалараро ДСИ айрим аудиторлик ташкилотларини ёлғон хулосалар беришда айблаб, уларни жазолашни талаб қилди. Корхоналар текширув натижаларига кўра ижобий аудиторлик хулосасини олганларидан кейин аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини қайта топширганлари сабабли айбли деб топилдилар. Ўзбекистон Аудиторлар палатаси раиси Неъматулла КАРИМОВ ва Ўзбекистон Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий ассоциацияси Кенгаши раиси Миновар ТЎЛАХЎЖАЕВА биргаликда ушбу вазият юзасидан buxgalter.uz учун махсус тушунтириш бердилар:
– «Аудиторлик ташкилотларининг фаолияти, бошқалардан ташқари, қўллаш учун мажбурий бўлган аудиторлик фаолияти стандартлари билан тартибга солинади.
Молиявий ҳисобот ва у билан боғлиқ молиявий ахборот аудити унинг ишончлилигини ва бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида ўтказилади.
Солиқ ҳисоботи молиявий ҳисобот таркибига кирмайди. Бироқ текширув натижаларига кўра аудитор шу жумладан солиқ мажбуриятлари, солиқлар бўйича харажатларни ҳам тасдиқлайди.
Аудиторлик текшируви молиявий ҳисобот тўғри эканига тўлиқ ишонч ҳосил қилиш имконини бера олмайди. Аудит стандартлари хатарларни ва аудиторнинг хато қилиш хатарини камайтиришга қаратилган интилишларини тавсифлайди. Шу сабабли стандартларда «муҳимлик даражаси» тушунчаси назарда тутилган, бунда молиявий ҳисобот бузиб кўрсатилишининг чекланган қиймати тушунилади. Ушбу даражадан ўтиб кетганда ҳисобот ишончли бўлмай қолади. Ҳар бир корхона учун муҳимлик даражаси алоҳида ҳисобланади.
Аудиторлик хулосаси фақат жиддий муносабатларда молиявий ҳисоботнинг ишончлилиги ҳақидаги аудиторнинг фикрини ифодалайди.
Солиқ тўловчининг текширув натижаларига кўра ижобий аудиторлик хулосасини олганидан кейин аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши аудиторлик текшируви вақтида тақдим этилмаган ҳужжатларнинг ҳисобда акс эттирилиши билан боғлиқ. Стандартда бундай ҳолатлар назарда тутилган.
Чунончи, молиявий ҳисобот эълон қилинганидан кейин аудиторлик ташкилоти текширилган ҳисобот даврига тааллуқли ҳодиса ҳақида хабар топса ва молиявий ҳисоботга тузатишлар киритилишини ёки унда ахборот очиб берилишини талаб қилса, аудиторлик ташкилоти:
- молиявий ҳисоботни қайта кўриб чиқиш зарурати ҳақидаги масалани кўриб чиқиши;
- уни хўжалик юритувчи субъект раҳбарияти билан муҳокама қилиши;
- бундай вазиятларда мақсадга мувофиқ бўлган чораларни кўриши лозим.
Ана шундай энди маълум бўлган ҳодиса жиддий таъсир кўрсатмаса, аудитор аудиторлик хулосасига ўзгартиришлар киритмаслик ҳақида қарор қабул қилиши мумкин. Бунда қўшимча ҳисобланган активлар, мажбуриятлар, харажатлар, даромадлар ва солиқларнинг суммаси муҳимлик даражаси доирасида бўлиши, яъни малакали молиявий ҳисоботдан фойдаланувчиларнинг фикрига таъсир кўрсатмаслиги керак.
Солиқ тўловчининг аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши аудиторлик ташкилотига нисбатан жазони қўллаш учун асос ҳисобланмайди.
Молия вазирлиги аудиторлик ташкилотининг лицензия талабларига риоя этиши устидан назорат қилади. Бундан ташқари, аудиторлик ташкилотлари профессионал жамоат ташкилотларида ташқи сифат назоратидан ўтишлари шарт. Аудиторлик ташкилотларининг солиқ органлари томонидан назорат қилиниши эса қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган.
Аудиторлик ташкилотининг молиявий ҳисобот ҳақида нотўғри хулоса чиқарилган аудиторлик хулосасини тузиши оқибатида зарар етказгани учун унинг фақат аудиторлик текшируви буюртмачилари ва бошқа молиявий ҳисоботдан фойдаланувчилар олдидаги жавобгарлиги назарда тутилган.
Тушунтиришларимиз аудиторлик ташкилотларининг жавобгарлигига оид масалаларга ойдинлик киритишда ёрдам беришига умид қиламиз».
«Norma» МЧЖ экспертлар гуруҳи раҳбари
Татьяна БЕЛОУСОВА тайёрлади.