Хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги шартномаларни рўйхатга олиш жорий этилмоқда

preview

Шу кунларда ДСҚ солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинетларида янги сервис - хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида тузилган шартномаларни электрон рўйхатга олиш ишга туширилади. Buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ Стратегик ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Нодиржон АҲМАДЖОНОВ ва ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» ИАМ идентификация воситалари билан маҳсулотлар маркировкасини жорий этиш бўлими бошлиғи Жавоҳир ИСМОИЛОВ янгилик тўғрисида батафсил гапириб беришди:

Нодиржон АҲМАДЖОНОВ:

- Шартномаларни рўйхатга олиш ихтиёрий бўлади. Олдиндан айтаманки, тадбиркорлар учун қулайлик яратиш ва ЭҲА имкониятларини кенгайтириш учун – биз халқаро тажриба асосида уларни электрон шаклда шакллантириш ва тузиш имконини берадиган тизимни жорий этиш масаласини ишлаб чиқишимиз лозим бўлади. Янги тизим ёрдамида улар ўз офислари, ўз шаҳарларида қолган ҳолда, реал вақт режимида контрактларни расмийлаштиришлари мумкин бўлади.

Шартномаларни электрон рўйхатга олиш сервиси шартномалар ҳисобини соддалаштиради ва тизимлаштиради. Ҳужжатни ва у бўйича муҳим ахборотларни топиш жуда содда бўлади.

Шунингдек, бир муддатдан кейин шартнома тўғрисидаги маълумотларни электрон ҳисобварақ-фактураларга киритиш жараёнини автоматлаштирадиган сервис ишга туширилади. Бу ҳам ишни соддалаштириши ва ЭҲФни шакллантиришда хатоларни қисқартириши керак.

Шартномаларни электрон рўйхатга олиш сервиси яқин 2-3 кунда тўлиқ ишлашни бошлайди, бу ҳақда ДСҚнинг сайти ва ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларида хабар берилади. Бироздан кейин олинган тажрибани инобатга олган ҳолда сервис ишини регламентлайдиган НҲҲ тасдиқланади.

Жавоҳир ИСМОИЛОВ:

– Ҳар бир рўйхатга олинган шартномага тизим томонидан контрактнинг электрон идентификаторлари – рақами ва QR-коди берилади. Солиқ тўловчининг шахсий кабинетида тузилган шартномаларнинг электрон реестри шакллантирилади.

Рақами ёки QR-коди бўйича шартнома маълумотларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлиш мумкин. Маълумотлардан ҳам my.soliq.uz да, ҳам мобиль иловада фойдаланиш мумкин.

Шартномани рўйхатга олиш учун солиқ тўловчининг шахсий кабинетида хизматлар рўйхатида “Шартномаларни электрон рўйхатга олиш” модулини танлаш ва очилган шаклни тўлдириш зарур бўлади.

Шаклда қуйидагилар кўрсатилади:

  • контракт тури;
  • уни тузиш санаси;
  • рақами;
  • тарафлар реквизитлари (СТИР, компаниянинг номи, манзили, банк номи, счёт рақами ва ИФУТ коди. Барча ушбу маълумотлар ташкилот СТИРи киритилгандан сўнг, автоматик тарзда тўлдирилади);
  • контракт номи, коди, штрих коди, ўлчов бирлиги, нархи, акциз суммаси, ҚҚС суммаси, умумий суммаси.

Солиқ тўловчининг шахсий кабинетида шартномаларнинг электрон реестрида  Божхона қўмитасининг тизимларида, махсус алмашиш платформасида ва мамлакатимизда ишлаётган бошқа тизимларда рўйхатга олинган шартномалар ҳам автоматик тарзда акс эттирилади.

Зарурат бўлганда тадбиркорлар электрон реестрнинг маълумотларига тузатишлар киритишлари мумкин бўлади.

Шартномаларнинг электрон реестридан маълумотлар ЭҲФни шакллантиришда автоматик тарзда қўлланилиши учун шартнома кучга кирган пайтдан эътиборан 10 кун давомида ёки ЭҲФ тақдим этилгунга қадар рўйхатга олинган бўлиши керак. Ушбу қоидага шартномаларни электрон рўйхатга олиш тизими электрон ҳисобварақ-фактуралар тизими билан интеграция қилингандан кейин риоя қилиш лозим бўлади.

Барча тизимдан фойдаланувчилардан тизим ишидаги носозликлар ҳақида хабар беришларини ва уни такомиллаштириш юзасидан таклифларни  Давлат солиқ қўмитасига ёки «Янги технологиялар» ИАМга юборишларини сўраймиз.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

ЭҲА ЭҲА ЭҲА /ru/publish/doc/text164947_hujalik_yurituvchi_subektlar_urtasidagi_shartnomalarni_ruyhatga_olish_joriy_etilmoqda