Полезное для бухгалтера в ноябре:
Бошқа даромадлар ва харажатларга бир томонлама ЭҲФ қандай шакллантирилади
Бугун, 2022 йилнинг 22 ноябрида Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низомнинг 59-1-банди кучга киради. У бир томонлама ЭҲФ тақдим этиш йўли билан расмийлаштириладиган харажатлар ва бошқа даромадлар рўйхатини белгилайди.
Buxgalter.uz илтимосига биноан нормани солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:
– ДСҚнинг мазкур банд бўйича расмий тушунтириши солиқ тўловчиларга катта ёрдам берган бўларди, сабаби у бўйича кўплаб саволлар туғилмоқда.
Ушбу бандда бундай дейилган:
- Солиқ солиш объекти сифатида қуйидаги ҳаражат ва бошка даромадларга бир томонлама электрон ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади:
– акциз тўланадиган товарларни қайтариш шарти билан қайта ишлаш учун топшириш, шунингдек қайтариш шарти билан берилган хом ашё ва материалларни қайта ишлаш маҳсули бўлган, шунингдек акциз тўланадиган шундай хом ашё ва материалларнинг маҳсули бўлган, акциз тўланадиган товарларни қайтариш шарти билан берилган хом ашё ва материалларнинг мулкдорига ишлаб чиқарувчи томонидан топшириш;
– акциз тўланадиган товарлардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш;
– акциз товарларни реализация қилиш нархи ва таннархи ўртасидаги ижобий фарқ;
– Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқарилган ва (ёки) Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига импорт қилинадиган акциз тўланадиган товарларнинг бузилиши, йўқотилиши, яроқсизлиги, камомад, йўқотиш ёки шикастланиш (синиш, бўлиниш) аниқланиши;
– узоқ муддатли шартномалар бўйича даромадлар;
– РЕПО операциялари бўйича даромадлар;
– қимматли қоғозлар ва (ёки) муддатли битимларнинг молиявий воситаларига доир операциялар бўйича олинган даромадлар;
– асосий воситаларнинг ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинган даромадлар;
– текинга олинган мол-мулк (олинган хизматлар);
– инвентаризация натижасида аниқланган ортиқча товар-моддий захираларнинг ва бошқа мол-мулкнинг қиймати тарзидаги даромадлар;
– қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришдан олинган даромадлар;
– талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича олинган даромадлар;
– илгари чегириб ташланган харажатлар ёки зарарларнинг ўрнини қоплаш тарзидаги даромадлар;
– шартнома мажбуриятларини бузганлик учун тўланиши лозим бўлган жарималар, пенялар ва бошқа санкциялар, шунингдек зарарларнинг (зиённинг) ўрнини қоплаш суммалари;
– валюта ҳисобварақлари бўйича ижобий курс фарқининг салбий курс фарқидан ошиши;
– акциядор (мулкдор, иштирокчи, муассис) юридик шахс фойдасига ўз улушининг (улуши бир қисмининг) қийматини олишдан воз кечиш натижасида устав фонди (устав капитали) камайиши муносабати билан олган даромадлар ёки юридик шахснинг устав фонди шакллантирилганда (кўпайтирилган ёки камайтирилганда);
– Солиқ кодексининг VII бўлимида белгиланган ҳолларда ва тартибда назорат қилинадиган чет эл компаниясининг фойда тарзидаги даромади;
– дивидендлар тарзида олинган даромадлар;
– фоизлар тарзида олинган даромадлар".
Бошқа ҳеч қандай тафсилотлар йўқ, барча келтириб ўтилганларни кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз.
Ушбу норма ким учун?
Назаримда, ушбу бутун банд фақат айланмадан олинадиган солиқ тўловчиларга дахл қилади. Айнан улар учун Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобини тўғри шакллантириш учун барча ушбу солиқ солиш объектларини акс эттириш зарурдир.
Ушбу норма амалиётга 2022 йилнинг январь ойида жорий этилган, бироқ қонун ҳужжатларида фақат 22.08.2022 йилдаги 471-сон ВМҚ чиқиши билан ёзилди ва 2022 йилнинг 22 ноябридан кучга кирди.
ҚҚС тўловчиларга бундай ҳисобварақ-фактура керак эмас, сабаби улар буни қўллашмайди. Бундай ЭҲФни қўллашга уринишда эса тизим – “Бошқа даромадлар” туридаги бир томонлама ҲФ фақат айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар томонидан юборилишига йўл қўйилади” деган хабар чиқаради. Бундан ташқари, услубий жиҳатдан у ҚҚС ҳисоб-китобига тушмайди.
Бундай ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд эмас. Бинобарин, Низомнинг 59-банди нормаларига амал қиламиз. Кўрсатилган ҳолларда бир томонлама ЭҲФ ҳар бир календарь ой якуни бўйича – Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китоби шакллантириладиган календарь ойдан кейинги ойнинг 5 кунига қадар, календарь ойнинг охирги кунидаги сана билан 1 марта шакллантирилади.
Низомнинг 59-1-бандида харажатлар ва бошқа даромадларнинг 19 тури келтирилган, бироқ электрон ҳужжат айланиши тизимида ҳисобварақ-фактурани шакллантиришда бир томонлама ҳисобварақ-фактурани шакллантиришда “ҲФ тури” устунида илгаригидек фақат “Бошқа даромадлар”дан фойдаланиш мумкин, даромаднинг айнан қайси тури эканлигини МХИК устунида аниқлаштириш мумкин. Бошқа даромадлар ва харажатларнинг келтирилган ҳар бир турига МХИК боғланган ва “бир томонлама ҳисобварақ-фактура”, “Бошқа даромадлар” электрон шаклининг тегишли майдонларида кўрсатилганда улар “МХИК” устунида автоматик тарзда чиқади. Фақат кераклигини танлаш қолади.
Ўлчов бирликлари
Энг мураккаб ва ноаниқ бўлган масала – бу ўлчов бирликлари. Тушувчи йўл-йўриқлардан қайси бирини танлаш керак? Барча келтирилган ҳолларда “сўм” ўлчов бирлигидан фойдаланган мантиқан тўғри бўлади, лекин у рўйхатда мавжуд эмас. Валюта счётлари бўйича курсдаги ижобий фарқнинг курсдаги салбий фарқдан ошиши, акциз товарларини реализация қилиш нархи билан таннархи ўртасидаги ижобий фарқ, қимматли қоғозлар ва (ёки) муддатли битимларнинг молиявий воситаларига доир операциялар бўйича олинган даромадлар билан боғлиқ ҳолатда – “сўм” ўлчов бирлигидан бошқа ҳеч нарса тўғри келмайди.
Уч ойдан бери бизда фақат “сўм (хизмат)” ва “сўм (иш)” мавжуд. Бироқ келтирилган вазиятларнинг ҳеч бирида бизда хизматлар ҳам, ишлар ҳам мавжуд эмас. Ҳозирча регуляторнинг тушунтириши мавжуд бўлмаган пайтда мен “сўм (хизмат)” ўлчов бирлигини танлаган ҳолда ҳисобварақ-фактурани тақдим этишга уриниб кўрдим, сабаби “сўм (иш)”дан фарқли ўлароқ у ҳеч бўлмаганда СКга зид эмас. Менинг ҳисобварақ-фактурам ўтказилди.
Солиқ кодекси нуқтаи назаридан биз “сўм (иш)” ўлчов бирлиги умуман бўлиши мумкин эмас, сабаби СКга мувофиқ хизмат тушунчаси иш тушунчасини ҳам ўз ичига олади. Лекин, шунга қарамай, ўлчов бирликлари рўйхатида бизда “сўм (иш)” кўрсатилади.
Қайтариб ўтаман: ДСҚнинг батафсил расмий тушунтириши:
- солиқ тўловчиларга ушбу нормани қўллашда хато қилмасликка ёрдам беради;
- идоранинг солиқ тўловчиларнинг саволларига жавоб берадиган бўлинмасига юкламани камайтириш имконини беради.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади