Полезное для бухгалтера в ноябре:
Ҳар ойда тузатилган ЭҲФ тақдим этилса, салбий оқибатлар юзага келадими
“ҚҚС тўловчиси бўлган компания – агентлик шартномаси бўйича норезидентга мижозлар шартномаларини кузатиб бориш билан боғлиқ воситачилик хизматлари кўрсатади. Воситачилик ҳақи суммасига бажарилган ишлар далолатномаси ҳар ойнинг охирги санасида расмийлаштирилади. Аммо бажариладиган хизматларнинг ҳақиқатда якуний ҳисоб-китоби ҳисобот ойи тугаганидан сўнг 10 кун мобайнида шакллантирилади. Шу туфайли биз ҳар ойда 5-санага қадар ЭҲА тизимига агентлик воситачилик ҳақининг тахминий қийматига бир томонлама ҳисобварақ-фактурани юклашга, якуний ҳисоб-китобдан кейин эса тўғри қиймат билан “тузатилган” белгиси билан ҳисобварақ-фактурани юклашга мажбур бўлмоқдамиз. Шу тарзда ҚҚС ҳисоб-китобига тўғри сумма келиб тушади.
Бундай тартиб компаниямизнинг солиқ тарихига салбий таъсир кўрсатиши мумкинми? Бундай вазиятда агентлик хизматларидан олинган даромадларни ЭҲА тизимида қандай тўғри акс эттириш керак?”
Саволларга buxgalter.uz илтимосига биноан Солиқ қўмитасининг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси бошлиғи Гулнора НИЗАМУТДИНОВА жавоб берди:
– Товарлар (хизматлар) экспорти (БЮД расмийлаштирилмайдиган ҳолатлар) бўйича етказиб берувчи электрон ҳисобварақ-фактурани ўзи шакллантиради. Бунда сотиб олувчининг фақат номи қайд этилади ҳамда “норезидент” сўзи қўшиб ёзилади .
Ҳисобварақ-фактура товарлар жўнатилган (топширилган) ёки хизматлар кўрсатилган календарь санада расмийлаштирилиб тақдим этилади .
Ҳисобварақ-фактуралар тўғрисидаги низомнинг 44-бандида илгари ёзиб берилган ҳисобварақ-фактура бекор қилиниб, унинг ўрнига сотиб олувчи томонидан тасдиқланадиган тузатилган ҳисобварақ-фактура расмийлаштириладиган ҳоллар белгиланган:
- хатоларни тузатиш натижасида солиқ базаси ўзгарган тақдирда;
- илгари ёзиб берилган ҳисобварақ-фактурага ўзгартиш ва (ёки) қўшимчалар киритиш зарурияти юзага келганда.
Тузатилган ЭҲФ тақдим этиш солиқ хавфининг юқори ёки ўртача даражаси мезонларига кирмайди . Шу боис, агар уларни тақдим этиш асосланган бўлса, белгиланган ҳолларда тузатилган ЭҲФни расмийлаштириш корхонанинг виждонли солиқ тўловчи сифатидаги обрўсига салбий таъсир кўрсатмайди. ҚҚС ҳисоб-китобига тўғри сумманинг келиб тушиши муҳимдир.
Аммо мунтазам равишда тузатилган ЭҲФни тақдим этиш солиқ органларининг эътиборини муқаррар солиқ тўловчига жалб қилади, сабаби хатоларни тузатиш мунтазам хусусиятга эга бўлмаслиги керак.
Бир томонлама ҳисобварақ-фактураларни тақдим этиш муддатига риоя қилиш лозим. Бунинг учун, масалан, шартномаларда қатъий белгиланган воситачилик ҳақини назарда тутиш мумкин.