Полезное для бухгалтера в ноябре:
2020 йилда фойда солиғи қандай тўланади ва ҳисобот топширилади
2019 йил учун тўлов ва ҳисобот
2019 йил учун ҳисобот 2020 йилда топширилади. СКнинг 4-моддаси 1-қисмига мувофиқ солиқ солиш, агар СКнинг 4-моддасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ мажбуриятлари юзага келган пайтда амалда бўлган қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Шунинг учун янги таҳрирдаги Солиқ кодексида кўрсатилган муддатларга мўлжал оламиз. Яъни 2019 йил учун фойда солиғи бўйича солиқ ҳисоботи 2020 йил 1 мартдан кечиктирмай тақдим этилади.
Молиявий ҳисоботни топшириш муддатлари ўзгармади :
- вазирликлар, идоралар, уюшмалар, корпорациялар, концернлар ва давлат мулкини бошқарувчи бошқа органлар учун – 15 мартдан кечиктирмай;
- хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналар ва чет эл фирмаларининг ваколатхоналари учун - 25 мартдан кечиктирмай;
- бюджет ташкилотлари учун - 15 мартдан кечиктирмай;
- бошқа барча учун - 15 февралдан кечиктирмай.
Агар йил охирида фойда солиғи бўйича қарздорлик мавжуд бўлса, фойда солиғи молиявий ҳисоботда (Молиявий натижалар тўғрисида ҳисоботнинг 250-сатри; Бухгалтерия балансининг “Бюджетга тўловлар бўйича қарздорлик” 680-сатрида) акс эттирилиши боис аксарият корхоналар 2019 йил учун солиқни 15 февралдан кечиктирмай ҳисоблашлари лозим.
2019 йил учун фойда солиғи бўйича қарздорликни 2020 йилнинг 1 мартидан кечиктирмай сўндиринг.
2020 йилда фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини ким тўлайди?
Жами даромади жорий солиқ давридан олдинги солиқ даври, яъни 2019 йил учун киритилган тузатишлар ҳисобга олинган ҳолда 5 млрд сўмдан ошадиган корхоналар 2020 йилдан бошлаб бўнак тўловларини тўлайди.
2020 йилда бўнак тўловлар тўлаш заруратини қуйидаги формула бўйича аниқланг:
2019 йилнинг 9 ойи учун жами даромад: 9 х 12 > 5 млрд.сўм.
Шарт бажарилган тақдирда бўнак тўловларини ҳар ойда 23-санадан кечиктирмай тўланг. Масалан, январь ойида аванс тўловларини 23 январдан кечиктирмай тўлайсиз ва ҳ.к.
Агар:
- сиз янги корхона очган бўлсангиз;
- ёки юқорида кўрсатилган шарт бажарилмаса,
бироқ бунда сиз 2020 йилда 5 млрд.сўм миқдорга етган бўлсангиз, 5 млрд.сўм миқдорга етган чоракдан кейинги чоракдан бошлаб бўнак тўловларини тўлашни бошланг.
Қуйидагилар даромад суммасидан қатъи назар бўнак тўловларини тўламайди:
- бюджет ташкилотлари;
- нодавлат нотижорат ташкилотлар, бундан матлубот кооперативлари мустасно.
Фойда солиғи бўйича бўнак тўловлари қандай тўланади?
2020 йилдан бошлаб бўнак тўловлари бўйича маълумотномалар тақдим этиш шарт эмас.
I чорак учун бўнак тўловлари суммаси 2007 йил таҳриридаги Солиқ кодексига мувофиқ 2019 йилнинг IV чораги учун ҳисоблаб чиқарилган жорий (ойлик) тўлов миқдорида аниқланади. Улар 23 январь, 23 февраль ва 23 мартдан кечиктирмай тўланади.
II чоракда бўнак тўловлари сиз томондан I чорак учун ҳисобланган фойда солиғининг 1/3 қисми сифатида аниқланади. Улар 23 апрель, 23 май ва 23 июндан кечиктирмай тўланади.
III ва IV чоракларда бўнак тўловлари худди шундай тарзда аниқланади. Яъни олдинги чоракнинг фойдасидан келиб чиқиб аниқланади.
Ҳисоблаб ёзилган бўнак тўловларини сиз шахсий карточкада кўришингиз мумкин.
Олдинги чоракда фойда бўлмаса бўнак тўловлари ҳисоблаб ёзилмайди ва тўланмайди.
Солиқ органлари рўйхатдан ўтказиш органидан корхонани тугатиш тўғрисида қарор қабул қилганлиги тўғрисида ахборотни олган тақдирда бўнак тўловларини ҳисоблаб ёзишни тўхтатиб туради. Бўнак тўловлари бундай ахборот олинган ойдан бошлаб ҳисоблаб ёзилмайди.
Агар корхона фаолияти тикланса, бўнак тўловлари уларни ҳисоблаб ёзиш тўхтатилган ойдан бошлаб ҳисоблаб ёзилади.
2020 йилда тўлов ва ҳисобот
Фойда солиғи бўйича ҳисобот даври – чорак. Шу боис фойда солиғи чорак якунлари бўйича йил бошидан ошиб борувчи якун билан ҳисоблаб чиқарилади.
Фойда солиғи бўйича ҳисобот:
- I чорак учун – 20 апрелдан кечиктирмай;
- II чорак учун – 20 июлдан кечиктирмай;
- III чорак учун – 20 октябрдан кечиктирмай;
- IV чорак учун – 2021 йилнинг 1 мартидан кечиктирмай тақдим этилади.
Фақат йил якунлари бўйича ҳисоботни:
- бюджет ташкилотлари;
- нодавлат нотижорат ташкилотлар тақдим этади, бундан матлубот кооперативлари мустасно.
Агар ушбу корхоналарда йил учун жами даромад мавжуд бўлмаса, улар фойда солиғи бўйича ҳисоботни топшириши шарт эмас.
Солиқ худди ўша муддатларда тўланади. Бунда ҳисобот даври учун бўнак тўловлари шу давр учун солиқни тўлаш ҳисобига ҳисобга олинади.
Бу ерда қуйидаги вариантлар бўлиши мумкин:
- жорий тўловлар ҳисоб-китоб бўйича фойда солиғидан кўп. Бу ҳолатда фойда солиғини тўлаш лозим эмас, сабаби у бўнак тарзида тўланган. Жорий тўловларнинг ҳисоб-китоб бўйича солиқдан ошишини кейинги жорий тўлов ҳисобига ҳисобга олинг;
- жорий тўловлар ҳисоб-китоб бўйича фойда солиғига тўғри келди. Фойда солиғини ҳам тўлаш лозим эмас, сабаби у бўнак тарзида тўланган;
- жорий тўловлар ҳисоб-китоб бўйича фойда солиғидан кам. Бу ҳолатда ҳисоб-китоб бўйича солиқ билан жорий тўловлар ўртасидаги фарқни белгиланган муддатларда қўшимча тўлаш лозим.
Агар сиз жорий тўловларни тўламаган бўлсангиз, ҳисоб-китоб бўйича ҳисоблаб чиқарилган фойда солиғини ҳисобот тақдим этиш муддатларида тўланг.
Умид ҲАМРОЕВ,
ЎзР Молия вазирлиги бевосита солиқлар бошқармаси бошлиғи