Чегириладиган ва чегирилмайдиган хизмат сафари харажатлари қандай аниқланади

preview

Хизмат сафари харажатлари чегириб ташланмайдиган харажатлар рўйхатига кирмайди . Бироқ, уларнинг айримлари бутунлай жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромади бўлиши ва фойда солиғи ҳисоб-китобида чегириб ташланмайдиган харажатлар остига тушиши мумкин.

Бундай вазиятларнинг нозик жиҳатларини “Норма” эксперти Олег ЦОЙ тушунтирди:

- Хизмат сафари харажатларини чегириб ташланадиган харажатлар жумласига киритиш мумкин бўлиши учун улар иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаши ва ҳужжат билан тасдиқланган бўлиши керак .

 

Айнан:

  • даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ бўлса (музокаралар олиб бориш, хом ашё етказиб берувчилар билан шартнома тузиш, буюртмачи ҳудудида ишларни бажариш ва ҳоказо мақсадида хизмат сафари);
  • тадбиркорлик фаолиятини сақлаб туриш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан алоқаси аниқ асосланган бўлса (рақобатдошликни ошириш учун ходим ҳудудларда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг тақдимотини ўтказади, тармоқ кўргазмаларида иштирок этади ва ҳоказо).

Қуйидагилар хизмат сафари харажатларининг ҳужжат билан тасдиқланиши ҳисобланади:

  • хизмат сафарига буйруқ;
  • хизмат сафари гувоҳномаси (Ўзбекистон ҳудуди доирасида хизмат сафарида);
  • хизмат сафарига юборилган ходим учун режа-топшириқ;
  • бўнак ҳисоботи;
  • топшириқ бажарилганлиги тўғрисида ҳисобот;
  • транспорт, яшаш харажатлари ва ҳақиқатда қилинган бошқа харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар.

Тўғри расмийлаштирилган ҳужжатлар сизга хизмат сафарининг иқтисодий жиҳатдан оқланганлигини асослаб беришда ёрдам беради.

Хизмат сафарининг асосланганлиги ва ҳужжат билан тасдиқланганлиги ҳали барча харажатларни чегириб ташланадиган харажатларга киритиш мумкинлигидан далолат бермайди.

 

Суткалик харажатлар

Суткалик харажатларни ҳужжат билан тасдиқлаш шарт эмас, улар меъёрланади .  Белгиланган нормалардан ортиқча суткалик харажатлар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар таркибида компенсация тўловлари жумласиги киради .

Жамоа ёки меҳнат шартномасида ва солиқ ҳисоб сиёсатида суткалик харажатлар нормаларини назарда тутинг (улар минимал харажатлардан юқори бўлиши мумкин). Бу уларнинг иқтисодий жиҳатдан оқланиши бўлади ва фойда солиғи ҳисоб-китобида чегириб ташлаш имконини беради.

 

Йўл харажатлари

Хизмат сафарига юборилган ходимнинг йўл харажатлари тасдиқловчи ҳужжатлар асосида ҳақиқатда қилинган чиқимлар бўйича аниқланади. Улар мавжуд бўлмаганда эса тасдиқланган нормалар доирасида аниқланади.

Минимал норма – ҳар бир километр учун БҲМнинг 0,08%и .  Жамоа ёки меҳнат шартномасида, шунингдек ҳисоб сиёсатида сиз минимал миқдордан кам бўлмаган ўз нормангизни ўрнатишингиз мумкин.  Ва бу харажатларни чегириб ташлаш учун асос бўлади.

Норматив километраж билан боғлиқлиги боис, масофани навигатор ёки электрон харита ёрдамида тасдиқланг. Олинган маълумотларни қайд этинг ва солиқ регистрига киритинг.

Агар йўл харажатлари корхонада тасдиқланган нормалардан ошса ва хизмат сафарига юборилган ходим уларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмаган бўлса, бу - нормадан ошиш қисмида чегириб ташланмайдиган харажатлар.

Эътибор беринг
Йўл ҳужжатлари мавжуд бўлмаган тақдирда темир йўл транспортидаги (агар темир йўл қатнови бўлмаса, шаҳарлараро автобусдаги) йўл ҳақи қийматидан ёки авиачипта қийматининг 30%идан ошган суммани хизмат сафарига юборилган ходимнинг даромадига киритинг. Бу - меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги, ЖШДС ва ижтимоий солиқ солинадиган компенсация тўлови  .
Мисол
Тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда йўл харажатларини компенсация қилиш ҳисоб-китоби

Ходим Самарқанд шаҳрига хизмат сафарига юборилди, йўл харажатларини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмади.

Ходимдан:

  • ташкилот раҳбари номига харажатларни жамоа шартномаси ёки меҳнат шартномасида белгиланган миқдорларда қоплашни сўраб ариза ёки хизмат юзасидан маълумот ёзишини;
  • қопланадиган суммани бўнак ҳисоботига киритишини сўранг.

Аҳоли пунктлари орасидаги масофани аниқланг. Трасса бўйича Тошкент ва Самарқанд ўртасидаги масофа Интернет маълумотларига биноан 310 кмни ташкил этади. Бинобарин, бир томонга қопланадиган сумма:

  • 300 000 х 0,08% х 310 = 74 400 сўмни ташкил этади.

Бориб қайтиш:

  • 74 400 х 2 = 148 800 сўмни ташкил этади.

Истисно ҳолларда сиз раҳбарнинг рухсати билан ва тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда хизмат сафарига юборилган ходимга багажни олиб ўтиш билан боғлиқ харажатларни қоплашингиз мумкин . Агар багажда хизмат сафарига доир топшириқларни бажариш учун зарур  мол-мулк бўлганлигига ишончингиз комил бўлса, уларни қопланг.

Агар тасдиқловчи ҳужжатлардан (хизмат сафари тўғрисида ҳисобот,  хизмат юзасидан маълумот) багаж  хизмат сафарига доир топшириқларни бажариш билан боғлиқлиги кўриниб турса, бу бундай харажатларни чегириб ташлаш учун асос бўлиши мумкин.

 

Турар жойни ижарага олиш бўйича харажатлар

Бундай харажатлар ҳақиқатдаги чиқимлар бўйича тасдиқловчи ҳужжатлар асосида аниқланади.

Агар ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, турар жойга харажатларни хизмат сафарида бўлишнинг ҳар бир суткаси учун БҲМнинг 20%и ҳисобида қопланг . Ушбу нормадан ортиқча харажатлар тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда:

1) ходимнинг ЖШДС солинадиган моддий наф тарзидаги даромадларига киритилади  ;

2) фойда солиғи ҳисоб-китобида чегириб ташланмайдиган харажат ҳисобланади .

 

Бошқа харажатлар

Хизмат зарурати билан боғлиқ бошқа барча харажатлар (алоқа, почта, интернет ва ҳоказо) тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда қопланади .  Иқтисодий жиҳатдан асослаш учун, уларнинг рўйхатини жамоа ёки меҳнат шартномасида, шунингдек солиқ ҳисоб сиёсатида акс эттиринг.

Ушбу ҳужжатларда назарда тутилмаган қўшимча харажатларни қуйидагиларга киритинг:

1) ходимнинг ЖШДС солинадиган моддий наф тарзидаги даромадларига ;

2) фойда солиғи ҳисоб-китобида чегириб ташланмайдиган харажатларга .

 

 

Фойда солиғи Фойда солиғи Фойда солиғи /ru/publish/doc/text182956_chegiriladigan_va_chegirilmaydigan_hizmat_safari_harajatlari_qanday_aniqlanadi