Ишлаб чиқариш харажатлари Фойда солиғи ҳисоб-китобида қандай акс эттирилади

preview

II чорак якунига етди, ҳисоботларни топшириш пайти яқинлашди. Фойда солиғини тўловчилар ўтган даврларда ишлаб чиқарилган маҳсулот бўйича ишлаб чиқариш харажатлари ҳисоботда қандай акс эттирилади, деган саволга жавоб топишлари лозим. Бунда Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот ва Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-илованинг 020-сатрида акс эттириладиган ишлаб чиқариш таннархи ҳақида сўз бормоқда. «Норма» эксперти Наталья МЕМЕТОВА ҳаммасини қандай қилиб тўғри бажариш ва бунда нималарни инобатга олиш лозимлигини тушунтириб берди:

Диққат
Ҳисоботда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг эмас, балки реализация қилинган маҳсулотнинг таннархи акс эттирилади.

– Ишлаб чиқариш ва реализация қилиш даврлари мос келмаслиги мумкин. Ўтган даврларда ишлаб чиқарилган маҳсулот реализация қилинаётган бўлса, харажатларни турлари бўйича ажратиш лозим бўлган 2-илованинг иккинчи қисмини тўлдиришда қийинчиликлар юзага келади.

Мураккаблиги шундаки, реализация қилинган маҳсулотнинг ишлаб чиқариш таннархи бўйича харажатлар харажатларнинг моддалари бўйича эмас, балки маҳсулот номенклатураси бўйича 9100 гуруҳ счётларида ҳисобга олинади.

Реализация қилинган маҳсулот таннархида харажатларнинг ҳар бир тури суммасини аниқлаш учун у ишлаб чиқарилган даврда маҳсулотнинг умумий таннархидаги ушбу харажатлар улушини ҳисоблаб чиқариш лозим. Бунинг учун қуйидаги формулалардан фойдаланинг:

Реализация қилинган маҳсулот таннархидаги харажатлар = Маҳсулот ишлаб чиқарилган даврда ишлаб чиқарилган маҳсулот таннархидаги харажатлар : Маҳсулот ишлаб чиқарилган даврда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг умумий таннархи х Реализация қилиш даврида реализация қилинган маҳсулот таннархи

ёки

Реализация қилинган маҳсулот таннархидаги харажатлар = Ишлаб чиқариш даврида ишлаб чиқарилган маҳсулот таннархидаги харажатлар : Ишлаб чиқариш даврида ишлаб чиқарилган маҳсулот миқдори х Реализация қилиш даврида реализация қилинган маҳсулот миқдори

ёки бухгалтерия ҳисобига нисбатан қўллаганда

Реализация қилинган маҳсулот таннархидаги харажатлар = Маҳсулот ишлаб чиқарилган даврда 2010 счёт харажатлари субконтоси бўйича дебет айланмаси : Маҳсулот ишлаб чиқарилган даврда 2010 счёт бўйича умумий айланма х Маҳсулот реализация қилинган даврда 9100 счёт бўйича айланма

Формулалардан кўринганидек, маҳсулот ўтган даврларда ишлаб чиқарилган бўлса, харажатларнинг аниқ тури бўйича ахборотни у ишлаб чиқарилган ўтган даврлардаги маълумотлардан оламиз. У бошқа солиқ даври ҳам бўлиши мумкин.

Маҳсулотни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш даврлари мос келганда худди шу формулалардан фойдаланилади. Бунда барча маълумотлар битта даврга тегишли бўлади.

Диққат

Ҳар бир маҳсулот тури бўйича харажатларнинг аниқ тури суммасини аниқланг.

Ҳисоб-китоб қилиш мушкул бўлиши мумкин, шу сабабли бундай жараёнлар автоматлаштирилиши керак. Ҳисоб-китоб қилишнинг мушкуллигига қуйидагилар таъсир кўрсатади:

  • маҳсулот ассортименти;
  • маҳсулотни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш вақти орасидаги узилиш;
  • ишлаб чиқариш таннархига киритиладиган харажатлар таркиби.

Мисол
Ўтган даврларда ишлаб чиқарилган маҳсулот таннархидаги моддий харажатлар суммасини аниқлаш
Корхона ўтган даврда таннархи 10 000 минг сўмга тенг 1000 та маҳсулот бирлигини ишлаб чиқарган. Ишлаб чиқариш моддий харажатлари 6 000 минг сўмни ташкил этган.
Жорий ҳисобот даврида таннархи 7 000 минг сўмга тенг 700 та маҳсулот бирлиги реализация қилинган. Ҳисобот даврида реализация қилинган маҳсулотга тўғри келадиган хом ашё ва материаллар қийматини аниқлаймиз:
6 000 : 10 000 х 7 000 = 4 200 минг сўм
ёки
6 000 : 1 000 х 700 = 4 200 минг сўм.
4 200 минг сўмлик суммани Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-илованинг 020 ва 0101-сатрларига киритинг.

 

Фойда солиғи Фойда солиғи Фойда солиғи /ru/publish/doc/text160842_ishlab_chiqarish_harajatlari_foyda_soligi_hisob-kitobida_qanday_aks_ettiriladi