Қазиш ишларидан олдин ер қаъридан фойдаланувчининг харажатлари қандай ҳисобга олинади

preview

“Ер қаъридан фойдаланувчи бўлган корхона оҳактош, лёсслар қазиб олади, амалдаги ва қазиб олиш режалаштирилаётган очиқ конларга эга. Қазиб олишни бошлашдан олдин корхонада конга доир тайёргарлик, устки қатламни очиш ва бурғулаш ишларига доир харажатлар юзага келади. Бундай харажатларни қайси счётда юритиш керак? Қандай ҳисобдан чиқариш ва ҳисобда акс эттириш лозим?”. 

Саволларга “Норма” экспертлари Миржалол МИРФАЁЗОВ и Дилором САИДОВА жавоб беришди:

 

– Солиқ ҳисоби мақсадларида қазиб олиш соҳаси корхоналари СКнинг 311-моддаси ва солиқ турига боғлиқ ҳолда бошқа нормаларга амал қилишади.

Амалдаги қонун ҳужжатларида қазиб олишни бошлашдан олдин геологик жиҳатдан ўрганиш, қидириш, фойдали қазилмаларни қазиб олишга доир тайёргарлик ишлари учун амалга оширилган харажатлар, шу жумладан баҳолашга, жиҳозлашга доир харажатларни, шунингдек бошқа харажатларни қандай акс эттириш айтилган алоҳида стандарт ёки йўриқнома мавжуд эмас.

Харажатлар таркиби тўғрисидаги низомнинг 1.5.12-бандига асосан қазиб олувчи тармоқларда тайёргарлик ишлари бўйича харажатлар, агар улар капитал харажатларга тегишли бўлмаса (яъни асосий воситалар сифатида капиталлаштирилмаса), келгуси даврлар харажатлари сифатида қаралади. Улар сўндиришнинг белгиланган муддати мобайнида тенг равишда ишлаб чиқариш таннархига ёки қазиб олинган маҳсулотнинг ҳажми ва миқдорига мутаносиб равишда ҳисобдан чиқарилади. Келгуси даврлар харажатларини ҳисобдан чиқаришнинг танланган усули хўжалик юритувчи субъектнинг ҳисоб сиёсатида акс эттирилган бўлиши керак.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, фикримизча, фойдали қазилмаларни қазиб олишни бошлашдан олдин амалга оширилган харажатларни бухгалтерия ҳисоби мақсадларида кечиктирилган харажатлар ёки келгуси даврлар харажатлари сифатида ҳисобга олиш мақсадга мувофиқдир.

Бунда 0990, 3190, 3290-счётларидан фойдаланиш ёки алоҳида субсчётлар очиш мумкин. Ҳисобдан чиқариш муддатига боғлиқ ҳолда уларни узоқ муддатли ва жорий харажатларга ажратиш мумкин.

Бундай харажатларни уларни сўндиришнинг белгиланган муддати мобайнида ёки қазиб олинган маҳсулотнинг ҳажми ва миқдорига мутаносиб равишда ҳисобдан чиқариш мумкин. Келгуси даврлар харажатларини ҳисобдан чиқаришнинг танланган усулини корхонанинг ҳисоб сиёсатида акс эттиринг.

Солиқ солиш мақсадларида бундай харажатлар фойдали қазилмаларни қазиб олиш бошланган ёки устки қатламни очиш ишлари якунланган пайтдан эътиборан жами даромаддан амортизация ажратмалари тарзида чегириб ташланади. Бундай мақсадлар учун чекланган нормалар белгиланган . Шуни кўзда тутингки, бухгалтерия ҳисоби мақсадларида ва солиқ солиш мақсадларида аниқланган харажатлар суммалари мувофиқ келмаслиги мумкин. Бу ҳолда фойда солиғи бўйича вақтинчалик фарқ ҳосил бўлади.

Агар корхона халқаро стандартлар бўйича молиявий ҳисобот тақдим этса, “Очиқ коннинг қазиб чиқариш босқичидаги устки қатламни очиш сарфлари” (IFRIC) 20-сон МҲХСШҚ шарҳига эътибор беринг.

 

 

Фойда солиғи Фойда солиғи Фойда солиғи /ru/publish/doc/text189732_qazish_ishlaridan_oldin_er_qaridan_foydalanuvchining_harajatlari_qanday_hisobga_olinadi