Полезное для бухгалтера в ноябре:
Салбий курс фарқи бўйича маълумотлардаги хатолар қачон тузатилиши керак
Текширувдан олдинги таҳлил жараёнида кўпинча 2021 йил учун Фойда солиғи ҳисоб-китобида ҳамда молиявий ҳисоботда салбий курс фарқи маълумотлари нотўғри кўрсатилганлиги аниқланади. Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА солиқ органларининг хабарномасида айнан шундай камчилик кўрсатилган вазиятда нима қилиш кераклигини гапириб берди:
– Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг (2-сон шакл) 200-устунида ҳамда Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-илованинг 0115-сатрида кўрсатилган маълумотлар бир-бирига мос келиши лозим. Солиқ тўловчилар аниқланган камчиликларни бартараф этишлари учун ДСҚ томонидан шундай тушунтириш берилади. Бинобарин, агар сиздаги маълумотлар мос келмаётган бўлса, қаерда хатога йўл қўйилганлигини топиш керак ва тегишинча Ҳисоб-китобни қайта топшириш лозим.
Бунда шуни ҳисобга олиш лозимки, ушбу маслаҳат фақат МҲХСга ўтмаган солиқ тўловчиларга тегишли бўлиб, 2021 йил учун ҳисоботлардаги маълумотлар таҳлил қилинганда қўлланилади.
Бухгалтерия ҳисобига ёндашув БҲМС ва МҲХС бўйича турличадир. Ҳатто БҲМС ва МҲХС бўйича ҳисоб юритадиганлар учун молиявий ҳисобот шаклларида салбий курс фарқини акс эттириш учун ажратилган сатрнинг реквизитлари турлича бўлади. Текширувдан олдинги таҳлил тизимида бу нарса ҳисобга олинган ва тушунмовчиликлар келиб чиқмайди деб ўйлайман. Бироқ қандайдир тушунмовчилик юзага келса, солиқ тўловчи СК ва МҲХС нормалари бўйича ҳисоботларда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилигини тушунтириб, текширувдан олдинги таҳлил хабарномасига жавоб йўллаши лозим.
Шунингдек эътиборни шунга қаратмоқчиманки, СКнинг 320-моддасига ўзгартиришлар киритилганлиги сабабли ушбу формулани 2022 йил учун солиқ ҳисоботларига, ҳатто БҲМС бўйича фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳам қўллаб бўлмайди. Энди қонун ҳужжатларида тўланган (олинган) авансларни қайта баҳолаш натижасида юзага келадиган ижобий (салбий) курс фарқи солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олинмаслиги аниқ-равшан қайд этилган. Бинобарин, ушбу ҳолатларда солиқ ва бухгалтерия ҳисоби маълумотлари бир-бирига мос келадиган бўлди.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.