Полезное для бухгалтера в ноябре:
Улушни норезидентга сотиш: солиқ қандай ҳисоблаб чиқарилади ва тўланади?
Ўзбекистон норезиденти бўлган юридик шахс Ўзбекистон МЧЖнинг устав фондида улушга эга. У ўз улушини бошқа юридик шахс-норезидентга сотади. Бу ҳолда ким солиқ агенти ҳисобланади ва фойда солиғини ҳисоблаб чиқариши ва тўлаши керак? Бу саволга жавоб беришни buxgalter.uz “Норма” эксперти Олег ЦОЙдан илтимос қилди:
- МЧЖ устав фондидаги улушни реализация қилишдан олинган даромад улушни реализация қилиш суммасининг сотиб олиш қийматидан ошган суммаси сифатида аниқланади.
Сотиб олиш қиймати ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак. Сотиб олиш қийматини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, солиқ агенти фойда солиғини ушлаб қолишни улушни реализация қилишнинг бутун қийматидан келиб чиққан ҳолда амалга оширади .
Мазкур вазиятда МЧЖ устав фондидаги улушни сотиб олувчи ва бошқа норезидентга даромад тўловчи Ўзбекистон норезиденти солиқ агентига айланади .
МЧЖдаги улушга бўлган мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказгунга қадар солиқ агенти ўзи мустақил равишда ёки ваколат берган шахс орқали МЧЖ рўйхатдан ўтказилган жойдаги солиқ органига Норезидентнинг мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлари бўйича фойда солиғи ҳисоб-китобини тақдим этиши керак.
Норезидентнинг мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлари бўйича фойда солиғи ҳисоб-китобини норезидент даромад оладиган валютада тузинг.
Ҳисоб-китобга қуйидагиларни илова қилинг:
- олди-сотди шартномаси нусхаси;
- сотувчи томонидан тақдим этилган ва улушни сотиб олиш қийматини тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг нусхалари (агар мавжуд бўлса).
Агар мол-мулкни сотиб олиш қиймати солиқ ҳисоботини тузиш валютасида ифодаланмаган бўлса, ушбу қийматни мол-мулкни сотиб олиш санасида МБ курси бўйича солиқ ҳисоб-китобини тузиш валютасига қайта ҳисобланг.
Солиқ ҳисоботи тақдим этилган санадан эътиборан 10 иш куни давомида солиқ органи сизга ҳисобот тақдим этиш санасида МБ курси бўйича миллий валютада солиқ суммаси билан тўлов хабарномасини беради.
Солиқни мол-мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказгунга қадар бюджетга тўлаш лозим. Шундан сўнг сиз солиқ тўланганлиги тўғрисида маълумотнома олишингиз ва МЧЖдаги улушга бўлган мулк ҳуқуқини расмийлаштиришингиз мумкин.