Полезное для бухгалтера в ноябре:
Марказий банк КПК бўйича чекловларни шарҳлаб берди
Корпоратив пластик карта билан ҳисоб-китоблар тезкор ва қулай бўлиши учун мобиль тўлов иловалари – Click ёки PayMe дан фойдаланиш мақбулдир. Buxgalter.uz мавжуд чекловларнинг сабаби нимадалиги ва келгусида уларнинг бекор қилиш эҳтимоли қандай эканлигини тушунтириш беришга ҳаракат қилди.
Марказий банк позицияси
Марказий банк тўлов тизими департаменти бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Жаҳонгир ҚАЮМОВнинг тушунтириш беришича, 1470-сон билан рўйхатдан ўтказилган Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ юридик шахслар фаолият юритишлари билан боғлиқ бўлган харажатларни амалга оширадилар.
Корпоратив банк картаси сақловчиси – юридик шахс ва эмитент банк ўртасидаги шартнома асосида КПКдан фойдаланувчи юридик шахс ёки ваколат берган шахс. Бунда юридик шахс банк картаси сақловчиси сифатида фақат у билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузган ушбу юридик шахс ходими бўлган шахсга банк картаси сақловчиси сифатида ваколат бериши мумкин. Корпоратив банк картаси сақловчиси томонидан КПКдаги пул маблағлари қатъий тарзда ҳисобот берган ҳолда, фақатгина муайян мақсадлар учун сарфланади.
Карточка ҳисобрақами уни очган юридик шахснинг тўлов топшириқномасига асосан талаб қилиб олингунга қадар асосий ҳисобрақамдан тўлдирилади.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, корпоратив карталарни мобиль иловаларга боғлашга қуйидаги асосларга кўра йўл қўйилмайди:
- картадаги маблағлар уларни сақловчи шахснинг эмас, балки юридик шахснинг маблағи ҳисобланади ва қатъий мақсади бўйича сарфланади;
- мобиль иловалар орқали КПКдан фойдаланишда маблағлардан белгиланган мақсади бўйича фойдаланмаслик, пул маблағларини ноқонуний айлантиришга оид операциялар содир этилиши ва солиқларни тўлашдан бўйин товлаш хатари ошади.
Эслатиб ўтамиз, юридик шахслар банк ҳисобрақамларини масофадан бошқариш тизими (интернет-банкинг ва мобиль банкинг хизматлари) орқали барча тўловларни амалга оширишлари мумкин. Шу билан бирга юридик шахслар ўртасида тўловларни амалга ошириш имконини берувчи МБнинг лаҳзалик тўловлар тизими жорий этилган ва тизим туну кун ва дам олиш кунларисиз муваффақиятли ишламоқда.
Тўлов тизими позицияси
Банклараро миллий процессинг маркази (HUMO) директорининг биринчи ўринбосари Мақсад МУҲИДДИНОВ ва Plum Technologies компанияси ЯОПМ (UzCard) шуъба корхонасининг техник масалалар бўйича директори ўринбосари Азиз АБДУҒАНИЕВнинг маълум қилишича, HUMO ва Uzcard тўлов тизимларида корпоратив банк карталарини мобиль тўлов иловаларига боғлаб қўядиган техник чекловлар мавжуд эмас.
Бундан ташқари, Uzcard вакилининг таъкидлашича, бугунги кунда КПКдан фойдаланувчиларда уларнинг техник имкониятларини кенгайтирадиган сервисларга талаб мавжуд. Шу тариқа, юридик шахслар учун электрон ярмарка – Uzcardtrade ишга туширилган. Корпоратив пластик карточка ёрдамида b2b ҳисоб-китобларда тизим ЭҲФни автоматик тарзда шакллантиради, бу КПК ёрдамида ҳисоб-китоб қилишнинг мажбурий шарти ҳисобланади.
Buxgalter.uz нуқтаи назари
Сўнгги пайтда Ўзбекистонда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар бўйича янги технологиялар, шу жумладан банк карталари ва мобиль иловалардан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни амалга ошириш воситалари жадал жорий этилмоқда. Уларнинг кўпчилиги жисмоний шахслар учун мўлжалланган. Натижада банк хизматлари истеъмолчилари янги имкониятлардан – товарлар ва хизматлар учун контактсиз тўлов, валюта конвертацияси ва бошқалардан фойдалана оладилар.
Шунингдек мобиль тўлов иловалари ҳақиқатан ҳам қулайлиги сабабли қонун ҳужжатларига мувофиқ корпоратив пластик карталардан фойдаланиш тартиби ва шартларини қайта кўриб чиқилиши мумкин. Ҳар бир транзакцияда ЭҲФни шакллантиришнинг назарда тутилиши назоратни йўлга қўйишни яхшилайди.
Интернет-банкинг ҳам қулайдир, бироқ у қуйидагиларга боғланган бўлади:
- муайянга жойга – бош бухгалтернинг компьютерига;
- компаниянинг КПК ҳисобига ўтказилган муайян қисмдаги маблағларига эмас, балки барча пул маблағларига.
Умуман олганда, мобиль иловалар қулай ҳисобланади, улар ҳатто терминал бўлмаганда ёки у ишдан чиққанида ҳам КПКдан тўловни амалга ошириш имконини беради.
Директор ходим исталган вақтда ва исталган жойда товарлар ва хизматларга зудлик билан ҳақ тўлай олиши учун унга КПКни топшириб, у билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузмоқчи. Бунинг устига бу нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳисобланади, ҳаммаси очиқ-ошкора бўлади ва назорат осонгина амалга оширилади.
Хуллас, яхши тарафга ўзгаришларни кутяпмиз!
Олег ГАЕВОЙ.