Полезное для бухгалтера в ноябре:
Онлайн-НКТ чеклари ҳақида “қизғин” савол-жавоблар. 1-қисм
Биз онлайн-НКТ чекига мажбурий талаблар тўғрисидаги вебинар якунларини чиқардик ва энг муҳим савол-жавобларни эълон қиламиз, улар қўл остингизда бўлсин.
Эслатиб ўтамиз: вебинар иштирокчиларининг саволларига “RIG” МЧЖ директори Рустам ЁҚУБОВ жавоб берган:
1. “ТХКМ ходими биз касса чекларида МХИКда хато мавжуд бўлган савдо шохобчаси сифатида ФМО маълумотига тушганимиз ҳақида огоҳлантирди. Ҳатто нотўғри МХИК билан чеклар сони ва улар бўйича реализация қилинган товарнинг умумий қиймати ҳисоблаб чиқилган. Бизда бу тахминан миллион сўм бўлди. Мутахассис хатоларни ой тугагунга қадар тузатишни тавсия қилмоқда ва 1 мартдан бошлаб товарлар номенклатурасига мувофиқ бўлмаган МХИК учун жарималарни назарда тутувчи СКнинг 223-моддаси нормаси кучга кирганлигини эслатиб ўтмоқда. ТХКМда бундай ахборот қаердан олинган? Жарима ишлаб олмаслик учун энди нима қилиш керак? Чекларга тузатиш киритиш – бу жуда кўп меҳнат талаб қилидиган жараён, биз бу ишни ҳеч кимга топширолмаймиз”.
– Ҳақиқатан, ФМО ТХКМга чекларида хато МХИК мавжуд мижозлар тўғрисида ахборотни тақдим этади. Бу ТХКМ ўз мижозларига касса техникасини созлашда кўмак беришлари ва чеклар хатосиз урилиши учун амалга оширилади. Аммо ТХКМ томонидан олинадиган ахборот – тўлиқсиз бўлиб, у фақат солиқ органларининг дастурлари аниқлаши мумкин бўлган хатоларни ўз ичига олади. Бундай хатоларнинг эҳтимолий сабаблари қуйидагилар:
- кассада эскирган МХИКни янгисига автоматик тарзда алмаштиришни қўллаб-қувватламайдиган эскирган дастурий таъминот ўрнатилган;
- онлайн-НКТ хотирасига товарлар номенклатурасини киритишда сизнинг операторингиз йўл қўйган хато. Масалан, 1234567 ўрнига у бехосдан 1234568 ни киритган. Бундай МХИК каталогда йўқ;
- товар онлайн-НКМга МХИКсиз киритилган.
Аммо амалиётда бундай хатолар кўпроқ бўлиши мумкин. Масалан, ҳолат бўйича колбаса сотилган, МХИКда эса картошка кўрсатилган. Ёки – чекда товар гуруҳи (масалан, “дори-дармонлар”) ва аспириндан амалда бўлган МХИК кўрсатилган. Дастур ҳозирча бундай қоидабузарликларни аниқлай олмайди, бироқ улар ҳам СКнинг 223-моддаси таъсири остига тушади ва жаримага сабаб бўлади. Улар сизнинг электрон чекларингизни ўрганиш ёки сайёр солиқ текшируви чоғида аниқланиши мумкин.
Шу боис чекларни мониторинг қилишни мунтазам равишда амалга ошириш лозим, хатолар аниқланган тақдирда эса тузатиш киритишни охирги кунга қадар кечиктирмаслик керак.
Шундай қилиб, агар МХИКда хато аниқланса:
1) ҳисобварақ-фактураларни уларда кўрсатилган МХИК tasnif.soliq.uzнинг жорий версиясига мувофиқ келишига ишонч ҳосил қилмагунча имзоламанг. Тўғри МХИКни онлайн-НКТга ўтказинг.
2) Онлайн-НКТ хотирасидаги нотўғри МХИКни тузатинг. Бу хатоларнинг кейинчалик такрорланишини тўхтатади.
3) МХИКнинг tasnif.soliq.uzнинг жорий версиясига мувофиқ автоматик тарзда янгиланишини қўллаб-қувватлайдиган ДТнинг охирги версиясидан фойдаланинг. Виртуал кассаларда ушбу жараён касса ёқилганда автоматик тарзда ишга туширилади, онлайн-НКМда маълумотлар базасини компьютерда янгилаш, сўнгра онлайн-НКТ хотирасига қайта ўрнатиш керак.
4) Вақти-вақти билан кўрсатилаётган МХИКнинг тўғрилигини текшириб туринг, техника ҳам назоратни талаб қилади.
5) Хато билан урилган чекларга тузатиш киритинг. Қуйидаги тавсия сизга ёрдам тариқасида:
2. “Сотувчиларимиз шошилганда баъзан чек бўйича сотилган товарнинг сонини чекларда кўрсатишмайди, қийматини эса қўлда киритишади. Бу қандай оқибатларга сабаб бўлиши мумкин?”.
– Чекнинг ҳар бир белгиланган реквизити муайян функционал юкламага эга бўлади. Агар нимадир кўрсатилмаган бўлса, тизим тўғри ишлай олмайди. Сизга бизнинг тавсиямиз фойдали бўлади:
Хусусан, чек бўйича реализация қилинган товарнинг сони кўрсатилмаса, онлайн-НКМ тизими товар бўйича ҳисоботни тўғри шакллантиролмайди. Ундан my.soliq.uzдаги “Онлайн-НКМ ва виртуал кассаларга оид ахборот” интерактив хизматида фойдаланиш мумкин. Масалан, агар сиз 3 бирлик товарни сотган бўлсангиз, чекда сонини кўрсатмаган бўлсангиз, ҳисоботни шакллантиришда машина товарнинг 1 бирлигини учтасининг қиймати бўйича ҳисоблаб чиқаради.
Чекларга тузатиш киритиш учун мўлжалланган функционал ёрдамида илгари урилган чеклардаги хатони бартараф этиш мумкин. Янгиларида – ўлчов бирлиги ёки қадоқ тўғрисидаги ахборот онлайн-НКТ хотирасидан олинади, сонини эса сотувчи товарни реализация қилиш пайтида киритади. Ушбу операция моделга боғлиқ ҳолда ўзига хос хусусиятга эга бўлиши мумкин, шу боис ўз ТХКМ билан маслаҳатлашинг.
Эътибор беринг: агар чек онлайн-НКТга қўйиладиган Техник талабларнинг 5 ва 8-бандларининг ҳатто битта мажбурий талабига мувофиқ келмаса, онлайн-НКМ ва виртуал кассадан фойдаланиш тақиқланади. Товарларни онлайн-НКТни қўлламасдан реализация қилиш эса СКнинг 221-моддасида назарда тутилган санкцияларга сабаб бўлади.
3. “Фирма чакана савдо билан шуғулланади, бутун республика бўйича дўконлар тармоғини кенгайтирмоқда. Барча дўконлар учун ассортимент – стандарт тарзда, бироқ улар турли ишлаб чиқарувчилар ишлаб чиқарган ва турли моделдаги онлайн-НКМ ва виртуал кассалардан фойдаланади. Онлайн-НКТ билан ишлашда энг мураккаби ва кўп меҳнат талаб қиладигани – бу товар номенклатурасини киритиш. Ҳозир онлайн-НКМ ва виртуал кассанинг ҳар бир моделига биз алоҳида айни бир товарлар рўйхатини киритамиз. Ушбу ишни соддалаштиришнинг техник имконияти мавжудми?”.
– Ҳозирча бундай имконият мавжуд эмас.
Excel да барча зарур ахборот билан товарлар рўйхатини яратишни тавсия қиламан. Кейинчалик сиз Excel дан ахборотни онлайн-НКТ хотирасига шунчаки ўтказишингиз керак бўлади. Бунда МХИК билан эътиборли бўлинг: Excel дастлаб киритилган қийматларнинг шаклини ўзгартириши мумкин, масалан, агар МХИК ноль рақами билан бошланса, биринчи нолни олиб ташлаши мумкин.
“Yangi texnologiyalar” ИАМ онлайн-кассалар ишлаб чиқарувчилар билан биргаликда tasnif.soliq.uzдаги солиқ тўловчининг шахсий кабинетида янги функционални яратиш устида ишламоқда. Натижада солиқ тўловчида шахсий кабинетда онлайн-НКТ учун товарлар рўйхатини шакллантириш ва шу ердан махсус тугма ёрдамида уни онлайн-НКМ ёки виртуал касса хотирасига юбориш имконияти пайдо бўлади. Бунда кассанинг русуми ёки модели аҳамиятга эга бўлмайди. Рўйхатни масофадан туриб шакллантириш мумкин бўлади. Масалан – Тошкент шаҳридаги бош офисда ягона рўйхатни шакллантириш ва ҳар қандай бошқа ҳудудда ўрнатилган касса хотирасига юбориш. Шунингдек, ушбу функционал автоматик тарзда МХИКни янгилайди.
4. “Кассада вақт созламасини ўзгартириш ва керакли чекни ўтган сана билан уриш мумкинми, масалан, тегишли солиқ даврида барча зарур чекларни уришга улгурмаганимизда?”.
– Вақт созламасига аралашганда касса мажбурий Техник талабларга мувофиқ келмайди. Бу қонунга хилоф, бундай кассадан фойдаланиш мумкин эмас.
Онлайн-НКТ чеки бошқа куни ёки иш кунининг охирида эмас, балки сотиш пайтида урилиши керак.
5. “Бухгалтерияда ҳисоб-китоб учун ходимлардан олинган чоп этилган чекларни сақлаш керакми, ахир солиқ органларида улар электрон шаклда мавжуд?”.
– Электрон чеклар тизимда 5 йил сақланади, лекин бухгалтерияда чекларнинг асл нусхаларини сақлаш ортиқчалик қилмайди, деб ҳисоблайман. Маркетплейс ёки тўлов ташкилотининг чекини электрон ҳужжатга ҳавола тарзида сақлаш мумкин, онлайн-НКМ ёки виртуал касса чекини чоп этилган тарзда сақланг.
Чек – бу бошланғич бухгалтерия ҳужжати, у турли вазиятларда талаб қилиниши мумкин. Электрон версиясидан фойдаланиш учун QR-код зарур бўлади, кодсиз керакли чекни топиш жуда мураккаб бўлади. Шу боис илгаригидек йиғиш ва сақлашни тавсия қиламан. Соф амалий нуқтаи назардан электрон чекларнинг скринлари ва босма чекларнинг нусхалари (сканлари) энг қулай, сабаби сиз чек бўйича барча ахборотни кўрасиз.
Вебинарларимиз ёзувларини кўрган ҳолда сиз янада кўпроқ муҳим ахборотни олишингиз мумкин:
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади