Полезное для бухгалтера в декабре:
ҚҚС тўлашга ихтиёрий равишда ўтиш муддатлари вақтинча ўзгартирилди
Солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллаётган солиқ тўловчилар томонидан ихтиёрий равишда ҚҚСни тўлашга ўтиш масалалари юзасидан тушаётган саволлар ва таклифларни инобатга олиб, ДСҚ ўз сайтида расмий ахборот жойлаштирди.
ДСҚнинг расмий ахборотига кўра, қуйидаги солиқларни тўлашга ихтиёрий равишда ўтиш юзасидан билдиришларни тақдим этиш муддатлари 2019 йил 10 апрелгача бўлган муддатга ўзгартирилди:
- ЯСТ ва ЯЕС тўловчилар томонидан ҚҚС. Улар фақат умумбелгиланган тартибда (20%лик ставка бўйича ва ҳисобга олиш механизмини қўллаган ҳолда) ДСИга билдириш тақдим этган ойдан кейинги ойнинг бошидан ҚҚС тўлашлари мумкин.
Бунда улар учун ЯСТ суммасини бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммасига, лекин ЯСТ суммасининг 50%идан кўп бўлмаган миқдорга камайтириш тартиби сақланиб қолади. Ушбу тартиб ЯЕС тўловчиларига нисбатан татбиқ этилмайди;
- ЯСТ тўловчилар томонидан умумбелгиланган солиқлар. Улар умумбелгиланган солиқлар, шу жумладан ҚҚСни умумий тартибда, ДСИга билдириш тақдим этган ойдан кейинги ойнинг бошидан тўлашлари мумкин. Бироқ бу тартиб мол-мулкни ижарага берувчи хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Эслатиб ўтамиз, Солиқ кодексида қуйидаги солиқларни тўлашга ихтиёрий равишда ўтиш юзасидан билдириш тақдим этишнинг бошқа муддатлари белгиланган:
- ЯСТ тўловчилар томонидан ҚҚС – ҳисобот даври бошланишидан камида бир ой олдин ;
- умумбелгиланган солиқлар – ҳисобот даврининг бошидан бошлаб 10 кун ичида .
Шунингдек ахборотда қайд этилишича, ДСИ раҳбарлари ҚҚСни ҳисоблаб чиқаришнинг соддалаштирилган тартибини (фаолият турига қараб пасайтирилган ставкалар бўйича ва ҳисобга олишни қўлламай) танлаган солиқ тўловчиларга ҚҚСни ҳисоб-китоб қилишнинг умумбелгиланган тартибининг афзалликларини тушунтиришлари лозим.
Бироқ расмий ахборот чиққанига қарамай, солиқ тўловчилар ДСИ ходимлари бундай билдиришларни қабул қилишни рад этаётганликларидан шикоят қилмоқдалар. Рад этиш сабаблари шундаки, билдиришларни тақдим этиш муддатлари Солиқ кодексига зид, дастурий таъминот эса ҳали бундай ўзгартиришларга мослаштирилмаган.
Сайтимизнинг Маслаҳатлар бўлимида ДСҚнинг расмий ахбороти билан батафсил танишиб чиқишингиз мумкин.