Полезное для бухгалтера в ноябре:
Молиявий ҳисобот шаклларига ўзгартиришлар киритилди
Молия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 15.02.2019 йилда 1209-10-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан молиявий ҳисобот шакллари ва уларни тўлдириш бўйича қоидаларга ўзгартиришлар киритилди.
Молиявий ҳисобот шаклларини Солиқ кодекси нормаларига мувофиқлаштириш мақсадида уларга ўзгартиришлар киритилди.
Молиявий ҳисоботнинг барча шаклларидан титул варағида қайд этилган ва БҲУТ – бошқарув ҳужжатлари таснифлагичи бўйича шакл кодини акс эттирувчи сатр чиқариб ташланди. Ўзбекистонда бундай таснифлагич тасдиқланмаганлиги сабабли унга доир маълумотларни тўлдиришга ҳожат йўқ.
Молиявий натижалар тўғрисида ҳисоботда (2-сон шакл) нималар ўзгарди
- Бюджетга тўловлар бўйича маълумотноманинг 300-сатри чиқариб ташланди. Унда бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун солиқ суммаси акс эттирилар эди. 2019 йилдан ушбу солиқ бекор қилиниб, унинг ўрнига охирги истеъмолчига бензин, дизель ёқилғиси ва газ реализация қилинаётганда акциз солиғи тўланмоқда.
- Бюджетга тўловлар бўйича маълумотноманинг 410-сатрида энди автотранспорт йиғимлари акс эттирилади, илгари улар Республика йўл жамғармасига йиғимлар дея номланар эди. 2019 йилгача ушбу сатрда давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар суммалари кўрсатилар эди, улар 2019 йилдан бекор қилинди.
- Бюджетга тўловлар бўйича маълумотноманинг 440-сатрида энди фақат ягона ижтимоий тўлов суммаси кўрсатилмоқда. Ўзгартиришлар киритилгунга қадар фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари суммаси ҳам ушбу сатрда акс эттирилар эди, улар 2019 йилдан бекор қилинди.
Молиявий ҳисобот шаклларини тўлдириш бўйича қоидаларда нималар ўзгарди
- Аниқлик киритилишича, молиявий ҳисобот шакллари раҳбар ҳамда бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи шахс томонидан имзоланиши мумкин. Агар раҳбар бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини ўз зиммасига олган бўлса, у бош бухгалтер ўрнига ҳам имзо қўяди.
- 2019 йилдан бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун солиқ бекор қилингани муносабати билан аниқлик киритилишича, «Маҳсулот (товарлар, ишлар ва хизматлар) сотилишидан соф тушум» (010-сатр) моддасида маҳсулот, товарлар, ишлар ва хизматларни сотишдан олинган тушум кўрсатилади, бунда солиқлар (ҚҚС, акциз солиғи) ҳамда қайтарилган товарлар ва тайёр маҳсулотнинг қиймати, харидорнинг сотиш нархларидан чегирмалари чегирилади.
Ўзгартиришлар 2019 йил 15 февралдан кучга кирди.