Фермерларга бухгалтерия ҳисоби бўйича бепул маслаҳатлар берилади

preview

 

Вазирлар Маҳкамасининг 15.02.2019 йилдаги 131-сон қарори билан Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказлари (бундан кейин – Марказ) томонидан бепул консалтинг хизматлари кўрсатиш тартиби тасдиқланди. 

 

Эслатиб ўтамиз, Марказлар Президентнинг 2.07.2018 йилдаги ПҚ–3824-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган, уларнинг асосий мақсади – фермер хўжаликларида ҳисоб-китоб тизимини ва банк хизматлари кўрсатилишини тубдан такомиллаштириш. Ҳар бир Марказ штати 3 бирликдан иборат: директор, солиқ ва статистика ҳисоботлари бўйича маслаҳатчи ҳамда молиявий ҳужжатларни юритувчи бухгалтер. Битта бухгалтер 20 та фермер хўжалигига бириктирилади.

 

Юқорида кўрсатилган ҳужжат билан Марказлар томонидан фермер хўжаликларига консалтинг хизматлари кўрсатиш тартибини тасдиқлаш вазифаси ҳам топширилди. Қабул қилинган ҳужжатда бундай хизматларга қуйидагилар киритилган:

  • бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини таъминлаш;
  • ходимларнинг иш ҳақи ва мажбурий ажратмаларни ҳисоблаш;
  • асосий воситалар, товар-моддий бойликлар, қишлоқ хўжалиги мавсуми якунлари бўйича дебиторлик ва кредиторлик қарзларини хатловдан ўтказиш;
  • солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича солиқ органлари билан бирга солиштириш далолатномаларини тузиш ва уларнинг ўз вақтида тўланишини ташкил этиш;
  • солиқ, молиявий ва статистика ҳисоботларини тузиш ҳамда уларни тегишли органларга тақдим қилиш;
  • даромадлар ва харажатларни таҳлил қилиш, келгуси йил учун бизнес-режа тузишда амалий ёрдам кўрсатиш.   

 

Марказлар қуйидагиларга бепул консалтинг хизматларини кўрсатишлари мумкин:

  • туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари (бундан кейин – Кенгашлар) аъзоси ҳисобланадиган, давлат эҳтиёжлари учун пахта хом ашёси ва ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларига;
  • туман Кенгашларининг таклифига кўра молиявий ресурслари чекланган ва бухгалтерия ҳисобига эга бўлмаган, аъзолик бадалларини ўз вақтида тўлайдиган, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланувчи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бошқа турларини етиштирувчи фермер хўжаликларига. Хизматлар кўрсатиш шартномага мувофиқ амалга оширилади.

 

 

Бошқа фермер хўжаликларига, шунингдек қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи бошқа хўжалик юритувчи субъектларга пуллик консалтинг хизматлари кўрсатилади. 

 

Хизматлар кўрсатиш бўйича шартнома тузиш учун фермер хўжалиги ихтиёрий тартибда Марказга консалтинг хизматларидан фойдаланиш эҳтиёжи тўғрисида буюртма беради. Буюртмани кўриб чиқиш (3 кун мобайнида) якунлари бўйича Марказ буюртмачига (бепул ёки пуллик) консалтинг хизматлари кўрсатиш бўйича шартнома тузишни таклиф қилади. Бепул консалтинг хизматларини кўрсатиш шартномаси 1 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилади.    

 

Бепул хизмат кўрсатилганда Марказ ва фермер хўжалиги ўртасида ҳар ойда тасдиқланган шакл бўйича кўрсатилган хизматлар тўғрисида далолатнома тузилиб, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмай тегишли туман Кенгашларига тақдим қилинади. 

 

Фермер хўжаликлари туман Кенгашларига аъзолик бадалларини ўз муддатида тўламаган тақдирда мазкур шартнома бекор қилиниши мумкин. 

 

Марказларнинг ходимлари консалтинг хизматларини тўлиқ, сифатли ёки ўз вақтида кўрсатмаган ҳолларда уларга нисбатан интизомий чоралар кўрилади.  

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.02.2019 йилдан кучга кирди.

 

Ленара Хикматова.



Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /ru/publish/doc/text148325_fermerlarga_buhgalteriya_hisobi_buyicha_bepul_maslahatlar_beriladi