Солиқчилар хронометраж натижалари бўйича солиқларни қандай қилиб қўшимча ҳисобламоқчилар

preview

 

Давлат солиқ қўмитаси Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумни хронометраж кўздан кечиришни ўтказиш ҳамда камайтирилган тушум суммасидан солиқларни ҳисоблаб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини тақдим этди. 

 

Хронометраж кўздан кечириш (хронометраж) – хронометраж ўтказиладиган даврда тушумларнинг ҳақиқий ҳажмларини – пул тушуми суммаларини, ишлаб чиқариш ҳажмларини, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш ҳажмларини аниқлаш имконини берувчи солиқ назоратининг шакли.

 

Низом лойиҳасида қуйидагилар белгиланган:

  • хронометраж ўтказиладиган жой ва объектлар;
  • унинг муддатлари;
  • хронометраж ўтказиш билан боғлиқ расмиятчиликлар – буйруқ расмийлаштириш ва ҳ.к.;
  • солиқ тўловчилар ва солиқ органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари.

 

Таклиф этилаётган янгиликларга батафсил тўхталиб ўтамиз.

 

1. Хронометраж тайинлаш учун асослар белгиланган (лойиҳанинг 9-банди):

  • солиқ органлари томонидан ўрганиш натижалари бўйича олинган тушумлар ҳажмлари камайтириб кўрсатилишига оид шубҳали маълумотлар;
  • ташқи манбалардан (вазирликлар, идоралар) олинган худди шундай маълумотлар;
  • бир кўчада (маҳаллада) ёки савдо комплексида жойлашган, бир-бирига ўхшаш бўлган субъектларнинг тушумларига нисбатан солиқ тўловчида тушумлар бўйича кескин фарқ қиладиган тафовутли маълумотлар;
  • реализациядан тушган тушумлари ўтган даврга нисбатан камайиб кетганлиги ва нақд пул тушумлари тўлиқ топширилмаётганлиги тўғрисидаги МБ маълумотлари;
  • онлайн НКМдан камида 2–3 соат оралиғида чек урилмаганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
  • хронометраж ўтказилгандан кейинги даврларда тушумларнинг 50%дан юқори камайиб кетганлиги тўғрисидаги маълумотлар ва б.

 

2. Чакана савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш соҳасида хронометраж ўтказиш қоидалари (лойиҳанинг 17а-банди) моҳиятига кўра амалдагисидан (Нақд пул тушуми келиб тушишининг хронометражини ўтказиш тартиби тўғрисида низом, АВ томонидан 9.04.2008 йилда 1788-сон билан рўйхатдан ўтказилган) фарқланмайди. 

 

3. Ишлаб чиқариш соҳасида хронометраж ўтказиш тартиби (лойиҳанинг 17б-банди) илк бор белгиланмоқда. Унинг давомида:

  • маҳсулотларнинг таннархи ва сотиш нархи солиштирилади, омборхоналарда мавжудлиги ҳисобга олинади;
  • табиий ресурслардан (газ, электр энергияси, сув, ёқилғи-мойлаш материаллари) фойдаланилиши (ўлчов асбоблари орқали) ўрганилади;
  • маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун хом ашё ва материаллар сарфи таҳлил қилинади;
  • ускуналарнинг сони ва уларнинг қувватлари аниқланади;
  • ҳақиқатда ишлаётган ишчилар сони ҳисоботдаги маълумотлар билан солиштирилади;
  • ишлаб чиқарилаётган ва реализация қилинаётган маҳсулотлар тури ва миқдори аниқланади.

 

4. Хронометраж натижалари бўйича (лойиҳанинг 26-банди) солиқ органлари қуйидаги формулалар асосида солиқларни ҳисоблаб чиқадилар:

  • ЯСТ, ҚҚС, акциз солиғи ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича = (хронометраж натижалари бўйича ўртача кунлик тушум х ҳисобот давридаги иш кунлари сони) х солиқ ставкаси;
  • фойда солиғи бўйича = (хронометраж натижалари бўйича ўртача кунлик тушум х ҳисобот давридаги иш кунлари сони) х ўтган ҳисобот давридаги рентабеллик даражаси) х солиқ ставкаси.

 

Сўнг солиқ органлари ўз ҳисоб-китобларини солиқ тўловчи тақдим этгани билан солиштирадилар. Хронометраж кўздан кечириш ўтказилган даврга оид тақдим этилган солиқ ҳисоботида тушумнинг (тегишинча, солиқлар суммаларининг) камайтирилганлиги аломатлари аниқланса, солиқ органлари солиқ тўловчига талабнома юборадилар. Солиқ тўловчи солиқлар бўйича тузатилган солиқ ҳисоботини ёхуд аниқланган тафовутларнинг асосини тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга тақдим этиши шарт (Солиқ кодексининг 70-моддаси).

 

Солиқ тўловчида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумнинг камайтирилганлиги такроран аниқланган тақдирда, бу ҳаракатлар солиқларни тўлашдан бўйин товлаганлик сифатида таснифланади.

 

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

 

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /ru/publish/doc/text148700_soliqchilar_hronometraj_natijalari_buyicha_soliqlarni_qanday_qilib_qushimcha_hisoblamoqchilar