Полезное для бухгалтера в ноябре:
Текширувларни бизнес-омбудсман мувофиқлаштиради
Президентнинг 2019 йил 15 мартдаги «Тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш ва прокуратура органлари фаолиятини оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5690-сон Фармони эълон қилинди.
Қабул қилинган ҳужжат бизнесда текширувлар ўтказилишига дахлдор.
Биринчидан, 2019 йил 1 апрелдан Бош прокуратура текширувларни мувофиқлаштиришни тўхтатади. Ушбу ваколатлар Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тасарруфига ўтказилади. Бизнес-омбудсманнинг текширувларга оид қарорлари назорат қилувчи органлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, текширувлар 2 гуруҳга бўлинади:
- ваколатли орган билан келишилган ҳолда ўтказиладиган (4 турдаги);
- Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига маълумотларни киритиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган (29 турдаги). 27.07.2018 йилдаги ПФ–5490-сон Фармонга қаранг.
2019 йил охиригача молия-хўжалик фаолиятини текширишга мораторийни ҳисобга олган ҳолда, яъни 1 апрелдан бизнес-омбудсман қонун бузилишига доир мурожаатлар бўйича, шунингдек хавфни таҳлил қилиш натижалари бўйича бизнесда текширувлар ўтказишга розилик бера бошлайди, ушбу текширувлар муддатларини узайтиради ёки кўчиради. Унинг розилигисиз бундай текширувлар ўтказиш – қонунга хилоф.
Бундан ташқари, Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими ҳам Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тасарруфига ўтказилади.
3 та ҳолатга эътибор қаратинг:
- ваколатлар шахсан бизнес-омбудсманга берилмоқда, унинг аппаратидаги ходимларга эмас;
- хронометраж кўздан кечириш ва мавзули экспресс-ўрганиш текширув турларига кирмайди. Шу сабабли солиқ органлари ушбу назорат тадбирларини, илгаригидек, келишмай ўтказишда давом этадилар;
- 2019 йил 16 мартдан (15.03.2019 йилдаги ПФ–5690-сон Фармон эълон қилинган сана) 31 мартгача бўлган даврда бизнесда текширувлар ўтказилишини прокуратура органлари мувофиқлаштиради.
Иккинчидан, бизнес-омбудсман бизнесда текширувлар ўтказиш қонунийлигини назорат қилади.
Бу МЖТКнинг 241-2-моддаси бўйича (тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузиш) маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомаларни расмийлаштириш ваколатини ҳам назарда тутади.
Бироқ ушбу жараёнда прокуратуранинг ўрни юқорилигича бўлиб қолади. ЖКнинг 192-2-моддаси (тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузиш) – прокуратура терговчилари томонидан олиб борилади (ЖПКнинг 345-моддаси 2-қисмига қаранг). Шу сабабли ноқонуний текширув бўйича жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги қарорни прокуратура қабул қилади.
Бундан ташқари, прокуратура умумий ваколатлари доирасида ҳар қандай қонунбузарлик юзасидан прокурор аралашуви чораларини кўришга ҳақли. Шу муносабат билан текширувлар устидан шикоятлар билан прокуратурага мурожаат қилишга йўл қўйилади.
Учинчидан, бизнесда текширувлар ўтказиш соҳасидаги норматив база ўзгаради. Ҳукуматга бир ой муддатда Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. У қабул қилингунга қадар Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш тартиби ҳақидаги вақтинчалик низом амал қилади.
Тўртинчидан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларнинг қонунийлиги устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш Савдо-саноат палатаси зиммасига юклатилди. Эслатиб ўтамиз, ССПнинг ушбу масалаларга оид ваколатлари «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасида мустаҳкамланган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 16.03.2019 йилдан кучга кирди.
Самир Латипов.