Полезное для бухгалтера в ноябре:
МВ ва ДСҚ ҚҚСга доир саволларга тушунтириш берди
Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси жорий йилнинг 12 мартидаги ДС/04-01-34/1689-сон ва 20-07598-сон хати билан ҚҚСга доир бир қатор саволларга биргаликда тушунтириш берди
1. Вазирлар Маҳкамасининг 31.12.2018 йилдаги 1065-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида ишлаб
чиқариладиган реализация қилиш оборотлари ҚҚСдан озод этиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхати тасдиқланган. Унга нон маҳсулотлари ҳам киради. Нон маҳсулотлари етарлича кўп миқдордаги маҳсулотларни қамраб олиши сабабли «нон маҳсулотларига» нималар кириши хусусида савол юзага келди.
Қўшма хатга иловада ҚҚСдан озод этиш бўйича ВМнинг 1065-сон қарори амал қиладиган, тасдиқланган стандартлар бўйича нон маҳсулотларининг тўлиқ рўйхати келтирилган.
2. Эркин иқтисодий зоналар (ЭИЗ) иштирокчилари, айниқса солиқ тўловчилар соддалаштирилган ҚҚС тўловчиси ҳисоблансалар, ҚҚС тўлашлари керакми?
Президентнинг 26.10.2016 йилдаги ПФ–4853-сон Фармонига мувофиқ ЭИЗ иштирокчилари ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахслар мулк солиғи, ЯСТни тўлашдан озод этилган.
ҚҚС имтиёз берилган солиқлар таркибига киритилмаган. Шу сабабли эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ умумбелгиланган ва соддалаштирилган ҚҚС тўлашлари керак.
3. Соддалаштирилган ҚҚС тўловчиси бошқа реализация қилиш оборотларидан солиқни қандай ставкада тўлайди?
Солиқ даври давомида ялпи тушуми 3 млрд сўмдан ошмайдиган юридик шахслар, шу жумладан ЯСТ тўловчилари ҳисобланган юридик шахслар ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини танлаш ҳуқуқига эга (Солиқ кодексининг 226-1-моддаси).
Солиқ солинадиган оборотлар бўйича ҚҚС солиқ солинадиган база ва Солиқ кодексининг 226-4-моддасида белгиланган фарқланган ставкалардан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади (Солиқ кодексининг 226-3-моддаси).
Солиқ солинадиган база реализация қилинаётган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати асосида, унга ҚҚСни киритмаган ҳолда белгиланади (Солиқ кодексининг 204-моддаси). Асосий фаолият бўйича оборотларга солиқ солиш билан бир вақтда бошқа реализация қилиш оборотларига ҳам солиқ солинади.
Масалан, корхона асосий маҳсулотларни ишлаб чиқариш билан бир қаторда фойдаланилмаётган асосий воситаларни реализация қилишга қарор қилди. Асосий воситаларни реализация қилиш чоғида ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база уларни реализация қилиш қиймати асосида, бироқ уларнинг қолдиқ (баланс) қийматидан кам бўлмаган, ҚҚС киритилмаган ҳолда аниқланади (Солиқ кодексининг 204-моддаси).
Илгари (01.01.2019 йилгача) ҚҚС тўловчилар фаолиятнинг барча турлари бўйича ягона ставкада (20%) тўлаган бўлсалар, энди соддалаштирилган ҚҚС учун фарқланган ставкалар тизими жорий этилди. ҚҚСнинг турли фарқланган ставкалари белгиланган бир неча фаолият турлари билан шуғулланадиган ҚҚС тўловчилар ушбу фаолият турлари бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиш ҳамда солиқ тўловчиларнинг тегишли тоифалари учун белгиланган ставкалар бўйича ҚҚСни тўлаши керак (Солиқ кодексининг 226-4-моддаси).
Бунда савол юзага келади – бошқа реализация қилиш оборотларига қандай солиқ солинади? МВ ва ДСҚнинг фикрича: бир неча фаолият турларини амалга оширадиган ва турли ставкаларда ҚҚС тўлайдиган корхона бошқа реализация қилиш оборотлари бўйича ўз фаолиятидаги энг юқори ставка бўйича солиқ тўлаши керак.
Буни мисол ёрдамида кўрсатиш мумкин. Кўп тармоқли корхона чакана савдо билан шуғулланади (ҚҚС ставкаси – 6%), қаҳвахонага эга (яъни умумий овқатланиш корхонаси – ҚҚС ставкаси 10%) ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаради (ҚҚС ставкаси – 7%). Бир вақтнинг ўзида корхона бошқа фаолиятни амалга оширган – ишлатилмаётган ускунасини сотган. Ушбу оборотга 10% – корхона қўллайдиган солиқ ставкаларининг энг юқори миқдоридаги ставкада ҚҚС солинади.
Ж. Абдуллаев, «Norma» МЧЖ эксперти.