Полезное для бухгалтера в декабре:
Товарларни маркировкалаш ишончли компания зиммасига юклатилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги алоҳида турдаги товарларни маркировкалашнинг жорий этилаётган мажбурий тизими тўғрисида расмий баёнот берди.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 1 августдан импорт қилинадиган ва республикада ишлаб чиқариладиган алоҳида тоифадаги товарларни ҳимояланган белги ва (ёки) нано-молекуляр технологиядан фойдаланган ҳолда мажбурий маркировкалаш жорий этилади (шарҳга қаранг).
Маркировкалашни жорий этишнинг асосий вазифалари – қалбакилаштирилган товарларнинг республикага ноқонуний олиб кирилиши, ишлаб чиқарилиши ва сотилишининг олдини олиш орқали аҳоли хавфсизлигини ва соғлиғини таъминлаш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар йиғилувчанлигини ошириш.
Сўнгги вақтларда турли Интернет ресурсларда бир қатор аноним материаллар берилиб, уларда турли хил маълумотларни қалбакилаштириш, фактларни бўрттириш орқали мажбурий маркировкалашни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган чораларни қоралашга ва обрўсизлантиришга уринмоқдалар.
Шу муносабат билан ЛБМА тушунтириш берди: 30.11.2018 йилдаги ПҚ–4042-сон қарорнинг 5-банди билан Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига 2019 йил 1 февралига қадар энг яхши таклифларни саралаб олиш асосида кўрсатиладиган хизматлар ишончлилиги ва сифатини, юқори ҳимояланганлик даражасини таъминлай оладиган, амалий тажрибага эга бўлган маркировкалаш бўйича хизматлар етказиб берувчисини танлаб олиш, маркировкаланиши мажбурий бўлган товарлар қийматининг сезиларли оширилмаслигини ҳисобга олган ҳолда у билан музокаралар ўтказиш вазифаси топширилган. Бунинг натижасида шартноманинг амал қилиш даврида кўрсатиладиган хизматлар баҳосини қатъий белгилаган ҳолда 5 йилдан 10 йилгача бўлган муддатга шартнома тузишни таъминлаш юклатилган.
2018 йилнинг декабрь ойида тадбиркорлик субъектларини жалб этган ҳолда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган, 80 дан ортиқ талабларни ўзида мужассамлаштирган техник топшириқ эълон қилинди. Уларнинг бири сифатида компаниянинг давлат назоратида бўлган саноат секторларидан мустақиллиги тўғрисидаги декларация киритилган эди.
Келиб тушган таклифларни кўриб чиқиш натижасида маркировкалаш бўйича ягона хизматларни етказувчи сифатида Швейцариянинг «SICPA» компанияси саралаб олинди. Бугунги кунда маркировкалаш хизматларнинг нархларини тушириш ва қатъий белгилаш бўйича музокаралар давом этмоқда. Маркировкалаш бўйича хизматларни кўрсатишга оид тегишли шартнома тузилмаган.
Маълумот учун: «SICPA» ҳимояланган чоп этиш, маркировкалаш ва товарларни кузатиб бориш бўйича жаҳонда машҳур компания бўлиб, у жаҳон валюталарининг аксарияти (евро банкноталари, АҚШ доллари ва ўзбек сўми) учун, шунингдек ҳимояланган ҳужжатлар ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар – паспортлар учун ҳимояловчи сиёҳларни ишлаб чиқариш бўйича етакчи компания ҳисобланади.
Компания «Давлат Белгиси» ДИЧБ ташкил этилган вақтидан бошлаб у билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Товарларни маркировкалаш ва кузатиб бориш бозорида фаол иштирок этади (Бразилия, Марокаш, Малайзия, Чили, АҚШнинг Массачусетс ва Калифорния штатлари, Канада, Туркия, Грузия, Кения). Компаниянинг офислари 32 та давлатда, маҳсулотлари 180 дан кўпроқ давлатда мавжуд, жаҳон бўйлаб 200 дан кўпроқ патенти бор.