Полезное для бухгалтера в ноябре:
Сув ва энергия учун тарифлар: нималарни кутиш мумкин
Ҳукумат электр энергияси, шунингдек сув таъминоти ва канализация хизматлари учун тарифларни шакллантириш тартибини тасдиқлади (ВМнинг 13.04.2019 йилдаги 309 ва 310-сон қарорларига қаранг).
Сув: тарифлар таннархни қоплайди, ҳар бир уйга – ҳисоблагич
Ҳудудий ҳокимликларга аҳолининг ичимлик сувни истеъмол қилиш нормативларини қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси топширилди. Бу 2019 йил 1 июлгача амалга оширилиши керак. Шу санагача бўлган муддатда барча гуруҳдаги истеъмолчиларнинг совуқ ва иссиқ сув приборлари билан жиҳозланиши ҳамда уларнинг текширилиш ҳолати хатловдан ўтказилади.
Ҳисоблагичлар дастур асосида ўрнатилади. У 1 августгача Вазирлар Маҳкамасига киритилади (муддат бироз сурилган, аввалига 1 июлгача муддат берилган эди, 30.11.2018 йилдаги ПҚ–4040-сон қарорга қаранг). Ҳужжатда якка тартибдаги ва кўп квартирали уй-жой фондида ҳисобга олиш приборларининг ўрнатилишини молиялаштириш манбалари ва тўлиқ якунлашнинг аниқ муддатлари кўрсатилиши керак.
Сув таъминоти ва канализация хизматлари учун тартибга солинадиган нархларни (тарифларни) шакллантириш, декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш тартиби тўғрисидаги низом 2019 йил 15 апрелдан кучга кирди. Бутун тартибот схемада кўргазмали равишда акс эттирилган.
Асосий жиҳати – тарифлар кўрсатиладиган хизматларнинг таннархини тўлиқ қоплайди, сув таъминоти ва канализация ташкилотларини ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш харажатлари ҳисобга олинади.
Электр энергияси: рентабеллик ҳисобга олинган тарифлар, кам таъминланганларга – кўмак
2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси электр энергетика тармоғидаги тариф сиёсатининг асосий йўналишлари қабул қилинди. Қуйидаги жиҳатлар эътиборга молик:
- илғор халқаро амалиёт ҳисобга олинган ҳолда 2023 йилгача тарифларни шакллантириш методикасига босқичма-босқич ўтилади. Тасдиқланган тарифлар 2023 йилдан бошлаб камида 3 йил амал қилади (оширилмайди);
- электр энергияси учун тарифлар операцион ва капитал харажатларни тўлиқ қоплаш, рентабелликни 10%дан кам ва 20%дан кўп бўлмаган оралиқда сақлаш ҳисобга олинган ҳолда, уни ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва сотиш бўйича асосланган харажатлардан келиб чиқиб шакллантирилади. Бунда рентабеллик электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва сотиш фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ барча харажатлар суммасига соф фойда миқдорини бўлиш орқали аниқланади;
- электр энергиясининг ягона харидори электр энергиясини Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси томонидан белгиланган тарифлар бўйича сотиб олади ҳамда сотади. Ушбу янги ташкил этилган орган Бош вазирнинг ўринбосари – молия вазири бошчилигидаги 7 нафар мансабдор шахсдан таркиб топади;
- аҳолининг кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш электр энергиясининг базавий нормасини қўллаш ҳамда электр энергияси учун тарифлар ошганда компенсациялар бериш йўли билан таъминланади.
Ҳужжат билан тасдиқланган электр энергияси учун тарифларни шакллантириш тартиби 2020 йил 1 январдан амалга киритилади. Унгача Товарлар (ишлар, хизматлар)га тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни шакллантириш, декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш ҳамда уларнинг қўлланилишини давлат томонидан назорат қилиш тартиби тўғрисида низом қўлланилади.
Ҳужжатлар Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган.
Олег Заманов.