Полезное для бухгалтера в декабре:
Бюджет буюртмачилари закалат тўламайдилар
Давлат харидларига доир идоравий ҳужжатларга тузатишлар киритилди (22.04.2019 йилда 3015-1, 3016-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Махсус ахборот портали операторининг давлат харидларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш борасидаги фаолияти тўғрисидаги низомга ва Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:
биринчидан, бюджет буюртмачилари электрон дўконда харид қилиш жараёнида ва аукционда иштирок этишдан олдин закалат (тегишинча иштирокчи офертаси қийматининг ва аукцион бошланғич нархининг 3%и, таҳр.) тўлаш мажбуриятидан озод этилди. Бироқ корпоратив буюртмачилар учун бу илгаригидек мажбурий ҳисобланади. «Бюджетдагилар» электрон давлат харидларида иштирок этиш учун ўзларининг ҳисоб-китоб-клиринг палатасидаги (ҲККП) ҳисобрақамларига операторнинг воситачилик йиғимини ўтказадилар.
Шу тариқа, электрон давлат харидларида иштирок этиш шартлари қуйидагича:
- корпоратив буюртмачилар ва иштирокчилар учун – уларнинг ҲККПдаги ҳисобрақамларида аванс тўловининг етарли суммаси, яъни операторнинг воситачилик йиғими ва закалат суммасининг мавжуд бўлиши;
- бюджет буюртмачилари учун – Молия вазирлигининг давлат молиясини бошқариш ахборот тизими томонидан банд қўйилган эълон ёки офертанинг етарли суммаси, шунингдек операторнинг ҲККПдаги ҳисобрақамларида воситачилик йиғими суммасининг мавжуд бўлиши.
Маълумот учун.
Бюджет буюртмачилари – давлат органлари, бюджет ташкилотлари, харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш учун, шунингдек давлат мақсадли жамғармаларига йўналтириладиган бюджет маблағларини олувчилар.
Корпоратив буюртмачилар – 50% ва ундан ортиқ давлат улушига эга давлат корхоналари, юридик шахслар, шунингдек устав фондидаги 50% ва ундан ортиқ улуш 50% ва ундан ортиқ давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар.
иккинчидан, харид қилиш тартиб-таомиллари якунларига кўра тузилган шартномалар бўйича тўлов муддати:
- бюджет буюртмачилари учун белгиланди – Молия вазирлиги Ғазначилиги шартномалар тузилганлиги тўғрисидаги ахборотни олгандан сўнг 1 иш куни мобайнида шартнома суммасини ҲККПга ўтказиб беради. Бунда олдиндан тўлов шартлари шартномада назарда тутилади;
- корпоратив буюртмачилар учун қисқартирилди – шартнома порталда рўйхатга олинган пайтдан бошлаб 10 кундан 5 кунгача. Бу пайтда улар шартнома бўйича тўловларни тўлиқ ҳажмда тўлаш учун ўзларининг ҲККПдаги ҳисобрақамларига пул маблағларини ўтказишлари керак (закалат шартнома бўйича тўлаш суммасига қўшиб ҳисобланади);
учинчидан, ҳужжатларни илгари қабул қилинган қуйидаги ҳужжатларга мувофиқлаштириш мақсадида бир қатор ўзгартиришлар киритилди:
- давлат бошқаруви органлари қайта ташкил этилиши муносабати билан (бу ерга ва бу ерга қаранг);
- давлат харидлари соҳасида ваколатли орган ўзгариши билан боғлиқ бўлган – ушбу функциялар ЛБМАдан Молия вазирлигига ўтказилди;
- аукцион ва танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонларни жойлаштириш муддатлари ўзгаришига тааллуқли бўлган (27.09.2018 йилдаги ПҚ–3953-сон қарорнинг 4-бандига қаранг) ва ҳ.к.
Ҳужжатлар Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22.04.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.