Полезное для бухгалтера в декабре:
Айдар-Арнасой кўллар тизими: туризм ва балиқчиликни ривожлантириш
Вазирлар Маҳкамасининг 22.04.2019 йилдаги 347-сон қарори билан Айдар-Арнасой кўллар тизимининг (бундан кейин – Тизим) биологик ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тасдиқланди.
Маълумот учун: Айдар-Арнасой кўллар тизими – Айдаркўл, Тузкон ва Шарқий Арнасой кўлларини ўз ичига оладиган турғун кўллар тизими. Қизилқум чўлининг шарқида, Чордара сув омборининг жануби-ғарбида жойлашган.
Ҳужжат аҳолининг балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, ҳудудда ҳайвонот ва ўсимлик дунёси муҳофазасини кучайтириш, туризм салоҳиятидан унумли фойдаланиш мақсадида қабул қилинган. Бунинг учун қуйидаги устувор йўналишлар белгиланган:
- ҳудудда жисмоний ва юридик шахслар томонидан биологик ресурслардан фойдаланиш, табиатни муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилинишини таъминлаш;
- Тизимнинг биологик хилма-хиллигини сақлаш ҳамда сув ҳавзаларида етиштирилиши мумкин бўлган янги балиқ турларини балиқчилик саноатига киритиш;
- ҳудудга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш ҳамда балиқчилик кластерларини ташкил этиш орқали балиқ етиштириш, қайта ишлаш, қадоқлаш, сақлаш ва экспорт қилишни жадал ривожлантириш;
- Кўллар тизимини мамлакатимиздаги балиқ чавоқларини етиштирувчи асосий ҳудудлардан бирига айлантириш;
- ҳаваскор ва спорт балиқ ови туризмини, туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш, сайёҳларга кўрсатиладиган хизматлар ҳажмини ошириш.
Кўллар тизимини ташкил этилган «Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси» ДУК (бундан кейин – Дирекция) бошқаради. Бош прокуратура тузилмасида махсус ташкил этилган бошқарма Тизимни ривожлантиришда қонунчилик ижроси устидан назорат қилади, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти тузилмасида ташкил этилган тегишли бўлим эса Тизим ресурсларидан фойдаланиш соҳасида иқтисодий ҳуқуқбузарликларга қарши курашади.
Ҳужжатда белгиланган тартибга кўра:
биринчидан, 2019 йил 1 июлдан бошлаб Тизимнинг бўш сув ҳавзалари контурлари танлов асосида «Е-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончаси орқали ижарага берилади, 1 майдан бошлаб эса Тизим участкаларини ижарага бериш тўғрисидаги шартнома шартларини бажармаётган тадбиркорлик субъектлари билан тузилган шартномалар бекор қилинади;
иккинчидан, Дирекция маҳаллий ҳокимликлар, манфаатдор вазирликлар ва идоралар, балиқ овлаш фаолияти билан шуғулланувчи хўжаликлар билан биргаликда ҳар ойнинг биринчи шанба куни Тизим ҳудудида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва кўллар тубини чиқиндилардан тозалаш ишларини амалга оширади;
учинчидан, балиқ овлаш мавсуми давомида ҳар ҳафтанинг якшанба куни балиқ ва балиқ маҳсулотлари савдо ярмаркалари ташкил этилади;
тўртинчидан, бир ой муддатда Навоий ва Жиззах вилоятлари ҳудудий бошқармаларининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекциялари штат бирликларини ошириш ҳисобига Тизимнинг акваториясида куну тун фаолият юритадиган давлат экологик назоратини амалга оширувчи пунктлар ташкил этилади. 2019–2020 йилларда пунктлар махсус автомашиналар, катерлар, GPS навигаторлар, видеокузатув ва бошқа техник воситалар билан жиҳозланган учувчисиз учадиган аппаратлар билан таъминланади. 1.01.2021 йилга қадар шакллантириладиган рўйхатлар бўйича Бош прокуратура ҳамда Экология давлат қўмитаси томонидан олиб кириладиган товарлар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинади;
бешинчидан, 3 ой муддатда Тизимда туризмни ривожлантириш учун ажратиладиган ҳудудлар тасдиқланади ва улар ҳақидаги маълумотлар Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг расмий веб-саҳифасида жойлаштирилади;
олтинчидан, 2019–2020 йилларда Тизим ҳудудига қадар олиб борувчи маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль йўллари босқичма-босқич реконструкция қилинади ва таъмирланади;
еттинчидан, бир ой муддатда Тизим ҳудудининг кадастр йиғмажилди тайёрланади ва давлат рўйхатидан ўтказилади, шунингдек ҳудуднинг жойлашишини ифодаловчи батафсил электрон харитаси ишлаб чиқилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.04.2019 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова.