Прочтите, если выплачиваете доходы нерезидентам, не связанные с ПУ:
ҚҚС салбий чиққан бош бухгалтер нималарга тайёр бўлиши керак
2019 йилдан қонунчиликка ўзгартиришлар киритилганлиги муносабати билан умумбелгиланган солиқлар, шу жумладан ҚҚСни тўловчилар сони ортди. Илгари фақат ЯСТ билан ишлаган аксарият бухгалтерлар энди ҚҚС ҳисоблаш, хусусан, уни ҳисобга олиш механизмидаги мушкулотларга тўқнаш келдилар.
ҚҚСни ҳисоблашнинг амалдаги тартибида ҳисобот даврида ҳақиқатда олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича солиқ суммалари ҳисобга олиниши назарда тутилган. Бундан ташқари, ҚҚС тўлашга ўтаётганда солиқ тўловчилар (соддалаштирилган ҚҚСга ўтаётганлардан ташқари) ТМЗ қолдиқлари бўйича солиқ суммасини ҳам ҳисобга олишлари мумкин. Бунда ҳисобварақ-фактуралар ва уларнинг ўрнини босувчи ҳужжатларни расмийлаштириш, солиқ солинадиган ва солиқ солинмайдиган оборотларнинг мавжудлиги, импорт, экспорт ва ҳ.к. бўйича муайян шартларга риоя этиш лозим (Солиқ кодексининг 218-моддаси).
Салбий ҚҚС нима ўзи
Ҳисобга олинадиган ҚҚС солиқ солинадиган оборотлар бўйича ҳисобланган солиқ суммасидан ортган ҳолларда тўланиши лозим бўлган салбий ҚҚС юзага келади. Тегишинча, солиқ ҳисоботида тўланиши лозим бўлган ҚҚС «айирув» белгиси билан кўрсатилади. Бундай вазият Солиқ кодексининг 227-моддасида назарда тутилган – ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасининг ҳисобот даври учун ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммасидан ортган суммаси ҚҚС бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ўтказилади (ноль даражали ставка бўйича ҚҚС тўловчиларда – тартиб ўзгача).
Солиқ органлари кўп ҳисоботлар салбий ҚҚС билан топширилаётганига эътибор бердилар. Бунда бошланғич ҳужжатлар билан тасдиқланмаган ҚҚС ҳисобга олинган ҳоллар кўпайди.
Салбий ҳисобот топшириш оқибатлари
Сизда айнан шундай вазият юз берган – салбий ҚҚС юзага келган бўлса, ҳисоботингиз солиқ органларининг эътиборини жалб этиб, сўнг камерал назорат ўтказилишига сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, камерал назорат солиқ тўловчининг ҳузурига бормасдан солиқчилар томонидан амалга оширилади. Солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган молиявий ва солиқ ҳисоботи, шунингдек унинг фаолияти тўғрисида солиқ органидаги мавжуд бошқа ҳужжатлар ўрганилади ҳамда таҳлил этилади (Солиқ кодексининг 70-моддаси). Бироқ амалиётда солиқчилар кўпинча солиқ тўловчилардан ҳужжатлар – ҳисобварақ-фактуралар, БЮД, ҳисоботлар, тўлов талабномалари, банк кўчирмалари ва ҳ.к. нусхаларини қўшимча равишда тақдим этишни талаб қиладилар.
Камерал назоратга тайёргарлик кўриш учун қуйидаги ҳужжатлар мавжудлигини текширинг:
- ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда харид қилинганини тасдиқловчи ҳисобварақ-фактуралар;
- импорт қилингани ва ҚҚС тўланганини тасдиқловчи БЮД;
- ҚҚС тўлашга ўтилган санадаги ТМЗ қолдиқлари бўйича инвентарлаш далолатномаси.
МВ ва ДСҚнинг тушунтириш хатида инвентарлаш далолатномасининг шакли келтирилган.
Ушбу ҳужжатлардан биронтаси мавжуд бўлмаганда солиқ органлари уларда кўрсатилган ҚҚС суммаларини ҳисобдан чиқариб ташлайдилар. Бунда ТМЗ қолдиқлари бўйича ҚҚС суммаси фақат сўнгги 12 ой мобайнида харид қилинган ТМЗ бўйича ҳисобга олинади. Солиқчилар қонунчиликка ҳеч қандай ҳавола қилмай, шуни маълум қиладилар.
Камерал назоратда ҚҚС ҳисоб-китобига (МВ ва ДСҚ қарорига 3-илова, АВ томонидан 21.01.2019 йилда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 4 ва 5-иловаларда акс эттирилган ҳисобварақ-фактуралар ва уларнинг ўрнини босувчи ҳужжатлар маълумотлари ҳам текширилади. ҚҚС тўламайдиганлардан харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҚҚС суммаларига алоҳида эътибор берилади. Бу ҳолларда тўланган ҚҚС ҳисобга олинмайди.
Камерал назорат оқибатлари
Камерал назорат натижасида хато ва камчиликлар (масалан, ҚҚС тўламайдиган етказиб берувчига ҚҚС тўлангани ва ҳисобга олингани; ТМЗ ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда харид қилинганини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмагани) аниқланса, солиқ органлари сизга хабар йўллайдилар. Хабарда кўрсатилган хато ва камчиликларни бартараф этмасангиз, талабнома юборилади. Талабнома олинган кундан эътиборан 10 кунлик муддатда тузатилган ҚҚС ҳисоб-китобини ёки солиқ органлари аниқлаган тафовутлар асосланган ва тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган хатни тақдим этиш лозим.
Сиз тақдим этган ҳужжатлардаги ахборотни тасдиқлаш учун солиқ органлари мавзули экспресс-ўрганиш ўтказишлари мумкин. Эслатиб ўтамиз, мавзули экспресс-ўрганиш камерал назорат натижалари бўйича солиқ тўловчи ҳузурига чиққан ҳолда амалга оширилади (Солиқ кодексининг 71-2-моддаси). Уни ўтказиш тартиби махсус Низом (ВМнинг 27.11.2018 йилдаги 965-сон қарорига илова) билан белгиланган.
Қуйидаги солиқ тўловчиларда биринчи навбатда экспресс-ўрганиш ўтказилади:
- ҚҚС тўлашга ўтилган санадаги ТМЗ қолдиқлари 1 млрд сўмдан ошадиган;
- ҳисобот ойида ҳисобга олинган ҚҚСнинг умумий суммаси 500 млн сўмдан ортиқни ташкил этган, бунда реализация қилиш ҳажми ТМЗ (қолдиқлари ва харид қилинганлари) қийматининг 30%идан камни ташкил этадиган.
Ирина Ахметова, «Norma» МЧЖ эксперти.