Полезное для бухгалтера в декабре:
«Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурига янги импульс берилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2 май куни ушбу дастур ижросига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
У Президентнинг 2018 йил 7 июндаги ПҚ–3777-сон қарори билан қабул қилинган бўлиб, уни амалга ошириш учун барча ташкилий ва молиявий чораларни белгилаб берган. Шунингдек Президентнинг 7.03.2019 йилдаги «Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–4231-сон қарори қабул қилинди.
Тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун жорий йилда тижорат банклари орқали 6,2 триллион сўм ажратилди. Бироқ ушбу маблағларни ўзлаштириш қониқарсиз ташкил этилган.
– Бу рақамлар тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, пул ажратиш учун масъул бўлган раҳбарлар йил якунини кутиб ўтирганидан далолат беради, – деди Шавкат Мирзиёев. – Оқибатда аҳоли, айниқса ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, бандлигини таъминлаш, оилаларнинг моддий фаровонлигини яхшилаш кечикмоқда.
Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари фаолияти таҳлил этилди. Уларга юклатилган вазифалар, шу жумладан бўш турган майдонларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, биноларни ишлаб чиқариш ва хизматларни йўлга қўйиш учун тадбиркорларга ажратиш ишлари етарли даражада ташкил этилмагани кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда Дастур ижросини жойларда бевосита ташкил этиш учун ҳар бир ҳудудга республикадан масъулларни бириктиришга қарор қилинди. Имтиёзли кредитларга эҳтиёжни аниқлаш бўйича уйма-уй юриш тизими йўлга қўйилади. Бунга Халқ қабулхоналарининг жойлардаги вакиллари, маҳалла раислари, хотин-қизлар, Ёшлар иттифоқи ва касаба уюшмалари вакиллари ҳам жалб этилади.
Ҳар бир ҳудудда доимий ишловчи мини-технологиялар кўргазмалари ташкил этилади, аҳолига зотли чорва моллари етказиб берилади, бизнесга доир семинарлар ўтказилиши ташкил этилади, ОАВ орқали муваффақиятли тадбиркорлар фаолияти ёритилади.