ХУМШнинг пули бўлмаса, кредит бўйича қарзни ҳокимлик сўндиради

preview

Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан жалб этиладиган банк кредитлари бўйича туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан кафолатлар берилиши ва муддати ўтказиб юборилган қарздорликни қоплаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (ВМнинг 13.05.2019 йилдаги 396-сон қарори).

 Моҳияти нимада?

Туман (шаҳар) ҳокимлиги кафолат беришда  ХУМШ кредит шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини мустақил равишда белгиланган муддатларда бажармаган тақдирда  ХУМШ кредити бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорликни банкка сўндириш мажбуриятини олади.

Бу ҳолда банк ҳокимликка хат юборади, унга кафолат ва кредит шартномасининг нусхаси, шунингдек ХУМШда муддати ўтказиб юборилган қарздорлик борлиги тўғрисидаги маълумотнома илова қилинади. Ҳокимлик 5 кун ичида ҳужжатларни кўриб чиқади ва қарор қабул қилади. Қарздорликни сўндиришга бюджетдан ташқари маблағлар йўналтирилади, улар ҳар бир ширкат учун банкда алоҳида очиладиган 29801 (мижозлар билан ҳисоб-китоблар) ҳисоб рақамига ўтказилади.

Кафолат доирасида тўланган пуллар кейинчалик ХУМШ томонидан мол-мулки ёки дебиторлик қарзи ҳисобига қопланади.

Кафолат қандай олинади?

Кафолат ХУМШ томонидан амалга ошириш таклиф этилаётган лойиҳалар (тадбирлар) бўйича асосланган материаллар (ҳисоб-китоблар) киритилиши ва улар бўйича уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш бўлими ва молия бўлимининг ижобий хулосалари мавжуд бўлган тақдирда берилади.

Ҳокимликка тақдим этилган ҳужжатлар пакети юқорида кўрсатилган бўлимларга юборилади. Ҳужжатлар бўйича мулоҳазалар ва таклифлар бўлган тақдирда улар ҳокимликка қайтарилади. Бунда рад этишнинг аниқ сабаблари ва ширкат кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилади.

Мулоҳазалар бўлмаганда ҳокимликка лойиҳаларни (тадбирларни) амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги тавсиялар билан бирга хулосани берадилар. Ҳокимлик кафолат бериш тўғрисида қарор қабул қилади ва ХУМШ билан шартнома тузади, унда шу жумладан қоплаш шартлари қайд этилади. Барча тартиб-таомил (такроран кўриб чиқишни ҳисобга олмаганда) тахминан 12 иш кунини талаб этади.

Кафолат ҳокимликнинг фирма бланкасида расмийлаштирилади, у ҳоким томонидан, у бўлмаганда эса ҳокимнинг вазифаларини ижро этувчи ваколатли мансабдор шахс томонидан имзоланади. Кафолат имзоланган кундан бошлаб кучга киради. Кафолат берилганлиги учун тўлов (мукофот пули) ундирилмайди.

Кафолат кимга берилмайди?

Кафолат:

  • олдин ширкат томонидан жалб этилган банк кредитлари ва бюджет тизими тегишли даражалари бюджетларига тўловлар бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорлиги бор бўлган;
  • фаолияти салбий молиявий натижали ХУМШларга берилиши мумкин эмас.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 14.05.2019 йилдан кучга кирди.


Олег Заманов.


Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text150879_humshning_puli_bulmasa_kredit_buyicha_qarzni_hokimlik_sundiradi