Полезное для бухгалтера в декабре:
Тадбиркорлар мурожаатлари уч даражали тизим бўйича ҳал этилади
Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарини ишга тушириш масалаларига бағишланган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев жойларда бюрократия, таъмагирлик ва тадбиркор фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатлари ҳали ҳам учраб турганлигини таъкидлади.
Мисол учун, жорий йилнинг биринчи чорагида Президент Халқ қабулхоналарига тадбиркорлардан 16 000 та мурожаат тушган. Улар асосан ер ажратиш, газ, электр ва сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, кредит, солиқ масалаларига тааллуқли. 2 000 га яқин мурожаатда мансабдорларнинг хатти-ҳаракатларидан норозилик билдирилган.
Бу муаммоларни ҳал этиш, тадбиркорларга тезкор кўмак бериш мақсадида Бош вазирнинг қабулхоналари ташкил этилмоқда (Президентнинг 14.05.2019 йилдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони).
Президент Савдо-саноат палатаси раиси ва адлия вазири раҳбарлигида Республика ишчи гуруҳи тузиб, жойларда тадбиркорлар билан очиқ, амалий учрашувлар ўтказиш зарурлигини таъкидлади. Ҳудудга тааллуқли муаммолар билан вилоятлар ҳокимлари шуғулланиши белгиланди. Қабулхоналар иши уч босқичда олиб борилади.
Қабулхонада тасдиқланган кунлик жадвал асосида ҳокимликлар, Савдо-саноат палатаси, инвестиция бошқармаси, прокуратура, адлия, солиқ, қурилиш, кадастр, банк ва бошқа ташкилотлар вакиллари тадбиркорларни қабул қилади.
Ўз ечимини топмаган мурожаатлар вилоят қабулхоналарига юборилади. Натижа бўлмаса, Вазирлар Маҳкамасининг котибиятида Бизнес омбудсман, Савдо-саноат палатаси ва ваколатли идоралар иштирокида кўрилади.
Мурожаатлар бу босқичда ҳам ўз ечимини топмаса, тадбиркорларни Бош вазирнинг шахсан ўзи қабул қилади. Бош вазир қабулхонаси мурожаатларни таҳлил қилиб, бу борада вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириб боради. Президент Администрацияси ва Олий Мажлисга тадбиркорларга шароитларни янада яхшилаш бўйича таклифлар киритади.
Хорижий инвесторларга кўмаклашиш Бош вазир қабулхоналарининг асосий вазифаларидан бири бўлади. Шу боис уларга хорижий тилларни биладиган ва инвесторлар билан ишлаш салоҳиятига эга кадрлар ишга олинади.
Лола Абдуазимова.