Полезное для бухгалтера в декабре:
Банкротлик билан манипуляция қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
Сохта банкротлик, банкротликни яширганлик ва қасддан банкротликка олиб келганлик учун санкциялар оширилмоқда (28.05.2019 йилдаги ЎРҚ–543-сон Қонунга қаранг). Тузатишлар уч ой ўтгач кучга киради.
Қасддан банкротликка олиб келганлик (МЖТКнинг 1795-моддаси) учун маъмурий жарималар сезиларли даражада: амалдаги 15–20 ЭКИҲдан 50–150 ЭКИҲгача оширилади.
ЖКнинг 180, 181 ва 1811-моддалари биринчи қисмларига киритилган ўзгартишлар ҳам кўрсатилган жиноятлар учун санкциялар қатъийлаштирилишига олиб келади, хусусан:
- жарималар миқдорлари оширилиб, 150 ЭКИҲдан 250 ЭКИҲгача миқдорни ташкил этади (ҳозир – 100 ЭКИҲдан 200 ЭКИҲгача);
- муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш санкциялар сирасидан чиқариб ташланади, у судга жаримага қўшимча жазо сифатида, яъни жазонинг асосий тури билан бир вақтда 1 йилдан 3 йилгача муддатга уни тайинлаш, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш билан жазолаш ҳуқуқини беради;
- мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликдан маҳрум қилиш жазосининг энг қуйи чегараси жорий этилади – тегишинча, 300 соатдан ва 2 йилдан;
- озодликни чеклашнинг энг қуйи чегараси оширилади – 2 йилдан (ҳозир – 1 йилдан).
Эслатиб ўтамиз, етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди. Биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан 30 кунлик муддатда етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.
Жиноятга оид қонунчиликнинг вақт бўйича амал қилиш қоидаларини ҳам эслатиб ўтамиз. Жиноят ва қилмишни жазолаш у содир этилган вақтда амал қилган қонун билан белгиланади. Жазони кучайтирадиган Қонун қайтар кучга эга эмас. Бинобарин, жиноят иши қўзғатилган ёки суд ҳукми чиқарилган санадан қатъи назар, кўрсатилган ўзгартишлар тузатишлар кучга киргунга қадар ушбу жиноятларни содир этган шахсларга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.
Қонун «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган ва ушбу қисмда 30.08.2019 йилдан кучга киради.
Олег Заманов.