Полезное для бухгалтера в ноябре:
Агар таътилдан чақириб олишса, нима қилиш керак
Таътил бошланди. Атрофда қуёш, денгиз... Бироқ раҳбар таътилни тўхтатиш ва ишлаб чиқариш зарурати туфайли ишга чиқишни талаб қилмоқда. Нима қилиш керак? Иш берувчи ходимни таътилдан чақириб олиш ҳуқуқига эгами?
Меҳнат қонунчилиги ишлаб чиқариш эҳтиёжига кўра ходимни меҳнат таътилидан ишга чақириб олиш имкониятини назарда тутади. Бунда чақириб олишга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади (МКнинг 147-моддаси).
Ходим таътил вақти тугагунга қадар ишга чиқишни рад этишга ҳақли ва бундай рад этиш (сабабидан қатъи назар) меҳнат интизомини бузиш деб ҳисобланмаслиги лозим. Ўз навбатида, ходим унга берилган таътилни тўхтатиши ва иш берувчидан уни таътилдан чақириб олишга фармойиш беришни талаб қилишга ҳақли эмас.
Бунда ишга режалаштирилмаган ҳолда чиқиш таътилнинг фойдаланилмаган қисми билан хайрлашишни билдирмайди. Сизда вариантлар бор:
- таътилни кейинроқ олиш;
- таътилнинг қолган кунларини кейинги йилга ўтказиш;
- кейинчалик дам олишдан воз кечиш ва раҳбардан пуллик компенсация тўлашни илтимос қилиш.
Таътилдан чақириб олишда мажбурий тартибда тегишли буйруқ расмийлаштирилиши керак, ходимнинг розилиги бунга асос бўлади. Ходимнинг розилиги ариза шаклида бўлиб, унда у қуйидагиларни кўрсатиши мумкин:
- таътилнинг фойдаланилмаган қисми кўчирилиши лозим бўлган аниқ муддат;
- ёки таътилнинг фойдаланилмаган қисми пуллик компенсация билан алмаштирилиши кераклиги.