Полезное для бухгалтера в ноябре:
«Аванс» тариқасида таътил берилган бўлса, нима қилиш керак
Олти ойдан сўнг ходимга таътил берилиб, бир йил учун таътил пули тўланди. Таътил тугагач, ходим ишдан бўшади. Бундай вазиятда нима қилиш керак: олдиндан тўланган, ҳали ишлаб берилмаган таътил пулини ходимдан ундириб олиш мумкинми?
«Аванс» тариқасида, ҳисобидан йиллик ҳақ тўланадиган таътил берилган ходим иш йили тугамасдан туриб ишдан бўшаса, иш берувчи унинг розилигидан қатъи назар, таътилнинг ишланмаган даврга тегишли кунлари учун унинг меҳнат ҳақидан ушлаб қолиш ҳуқуқига эга, ходим қуйидаги асослардан бирига кўра (МКнинг 164-моддаси) ишдан бўшаётган ҳоллар бундан мустасно:
- янги меҳнат шартлари асосида ишлашни давом эттиришни рад этганлиги сабабли (МКнинг 89-моддаси 4-қисми);
- технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан (МКнинг 100-моддаси 2-қисми 1-банди);
- ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши муносабати билан (МКнинг 100-моддаси 2-қисми 2-банди);
- ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилган тақдирда (МКнинг 106-моддаси 1-банди);
- шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланган тақдирда (МКнинг 106-моддаси 2-банди);
- ўқишга кирганлиги ёки пенсияга чиққанлиги муносабати билан.
Ходим бошқа сабаблар ва асосларга кўра ишдан бўшаганда иш берувчи ортиқча тўланган таътил пулини унинг меҳнат ҳақидан ушлаб қолишга ҳақли бўлади. Биз кўриб чиқаётган вазиятда ходимга таътил пули кейинчалик иш йили давомида ишлаб бериш шарти билан берилган, бироқ ходим олдинроқ ишдан бўшаб, бу шартни бажармаган.
Ўтган йилларда меҳнат таътилидан қандай фойдаланганига ҳам эътибор беринг. Мисол учун, ушбу ходим ўтган даврларда меҳнат таътилидан (таътилнинг қанчадир кунидан) фойдаланмаган бўлса, ишдан бўшаётганда унга компенсация тўланиши керак бўлади (МКнинг 151-моддаси), унинг суммаси ортиқча тўланган таътил пули суммасини қоплаши (қисман қоплаши) эҳтимолдан холи эмас.
Ходимга ҳисобланган меҳнат ҳақи қарзни сўндириш учун етарли бўлмаса, унга ортиқча олган суммасини ихтиёрий равишда қоплашни расман таклиф этиш лозим. Ходим қарзни ихтиёрий равишда сўндиришдан бош тортган тақдирда иш берувчи қарзни ундиришдан воз кечиши ёхуд суд тартибида иш кўриши мумкин.
Бу – муҳим! Ходимни меҳнат дафтарчасини беришни, ишдан бўшашини расмийлаштиришни (МКнинг 108-моддаси) кечиктириш ва бошқа йўллар билан нақд пул маблағларини ташкилот кассасига тўлашга мажбурлашга йўл қўйилмайди. Ишдан бўшатиш тартиб-таомилини расмийлаштиришни ҳар қандай тарзда кечиктирганлик учун иш берувчи МКнинг 188-моддасида белгиланган жавобгарликка тортилади.
Татьяна Лимарева.