ҚҚС бўйича бир қатор имтиёзлар бекор қилинди

preview

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги «Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ҚҚС бўйича айрим имтиёзлар бекор қилинди.

ЎзР солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг (29.06.2018 йилдаги ПФ–5468-сон) асосий йўналишларидан бири хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги солиқ юки даражасидаги номутаносибликларни бартараф этиш ҳисобланади. Ушбу номутаносибликларни кўпинча солиқ имтиёзлари юзага келтирмоқда, улар бозорда капитал бошқа ўзанга оқиб ўтишига олиб келмоқда, рақобатбардошликни ошириш учун рағбатлантирувчи омилларни, ички бозорнинг сифатли истеъмол товарлари билан таъминланишини сусайтирмоқда. Энг асосийси – солиқ имтиёзлари асосий принциплардан бири – барча субъектлар учун солиқ солишнинг адолатлилиги принципини (Солиқ кодексининг 8-моддаси) бузмоқда.

Айниқса ҚҚС бўйича имтиёзлар номақбул саналади. Ушбу солиқ товарни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш занжирининг ҳар бир босқичида ҳосил бўладиган «қўшилган» қийматдан ундирилади. Ушбу занжирдаги ҳалқалардан бири ҚҚСдан озод этилиши билан у узилади, бу эса солиқ ва нархдаги номутаносибликларни юзага келтиради. ҚҚС бўйича имтиёз олувчи харид қилиш чоғида тўланадиган солиқни харажатларга киритишга мажбур бўлади – натижада таннарх ошади. Имтиёз берилган товар харидори эса ҚҚС тўловчиси бўлса:

  • кирувчи ҚҚСни ҳисобга ололмайди – чунки у мавжуд эмас;
  • қўшилган қийматдан эмас, балки товарнинг бутун қийматидан солиқ тўлашга мажбур бўлади;
  • уни харид қилишга қизиқиши қолмайди.

Айнан ушбу номутаносибликларни бартараф этиш, барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг шарт-шароитлар яратиш ва иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида ҚҚС бўйича бир қатор имтиёзлар бекор қилинмоқда. Фармонга мувофиқ:

1) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ҚҚС тўловчиларига айланади:

  • 2019 йил январь ойидан сентябрь ойигача 1 млрд сўмдан ортиқ пул айланмаси (тушуми)га эга бўлган ёки 50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларига эга бўлган ягона ер солиғи тўловчилари ҚҚС тўловчилари ҳисобланадилар. Қолган ЯЕС тўловчилари 2019 йил 1 августдан бошлаб ҚҚСни ихтиёрий равишда тўлашга ҳақли;
  • 2019 йил 1 октябрдан бошлаб ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан белгиланган ҚҚС бўйича имтиёзлар бекор қилинади;
  • пахта хом ашёсини ишлаб чиқарувчилар 2019 йил ҳосилидан бошлаб ҚҚСни тўлашга ўтадилар. Бунда уларга 2018 йилнинг 1 октябридан илгари бўлмаган вақтда ҳақиқатда олинган ва 2019 йилги пахта хом ашёсини етиштириш учун ишлатилган товарлар (иш, хизматлар) учун тўланган ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилади;

2) бошқа жиддий ўзгартиришлар импорт билан боғлиқ операцияларга тааллуқли, хусусан, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб:

  • товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари, товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан тушум миқдоридан қатъи назар, ҚҚС тўловчилари ҳисобланадилар. Бунда товарларни биринчи марта импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари импорт шартномаси тузилган ойдан кейинги ойнинг 1-санасидан бошлаб ҚҚС тўловчиси сифатида ҳисобга туриши шарт;
  • асбест, кўмир, ёғоч материаллари, ёғоч ва ундан тайёрланган буюмлар, углеводород хом ашёси, соя данаги, кунгабоқар ва кунжут уруғлари, мойли хом ашё ва шакар хом ашёси, қишлоқ хўжалиги техникаси, автотранспорт воситалари, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик асбоб-ускуналар импорт қилинганда ҚҚС бўйича имтиёзлар бекор қилинади;

3) 2019 йил 1 октябрдан бошлаб бензин, дизель ёқилғиси ва газни ёқилғи қуйиш станциялари орқали охирги истеъмолчиларга сотадиган юридик шахслар, ушбу товарларни сотишдан тушумнинг миқдоридан қатъи назар, ҚҚС тўловчилари ҳисобланади.

ҚҚС бўйича имтиёзлар бекор қилиниши билан бир вақтда:

  • 2019 йил 1 октябрдан бошлаб юридик шахсларнинг тижорат банкларига жойлаштирган маблағларидан фоиз кўринишида олинган тўлов манбаини фойда солиғидан озод қилиш бўйича имтиёзлар бекор қилинади;
  • 2019 йил 1 августдан бошлаб календарь йили давомида хизматларни реализация қилишдан олган тушуми 100 млн сўмдан ошган, бироқ 1 млрд сўмдан кўп бўлмаган телекоммуникациялар операторлари ва (ёки) провайдерларига воситачилик хизматларини кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар хизмат ҳақи суммасидан 25% ставкада ягона солиқ тўловини тўлашга ўтади.

Юқорида тилга олинган янгиликларни самарали жорий этиш мақсадида, корхоналардаги молия соҳаси ходимларининг етарлича билимга эга эмаслигини инобатга олган ҳолда қуйидагилар назарда тутилган:

  • фермер хўжаликларига бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича хизматлар кўрсатиш учун ДСҚ томонидан ишлаб чиқилган махсус дастурий маҳсулотни ҚҚС суммасини ҳисоблаш ва ҳисобга олиш имкониятларини назарда тутган ҳолда қайта ишлаб чиқиш вазифаси топширилган;
  • маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ҚҚС, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва ягона ер солиғининг тўлов муддатини 24 ойгача муддатга кечиктириш ваколати уларнинг мазкур солиқлар бўйича имтиёз бериш ҳуқуқини бекор қилган ҳолда берилди. Солиқ тўловлари муддатини кечиктириш солиқ қарздорлиги бўйича белгиланган пеня миқдоридаги фоизларни ундириш шарти билан берилади;
  • тадбиркорлик субъектларига нисбатан асбоб-ускуналар ва (ёки) бутловчи буюмлар етказиб бериш бўйича импорт шартномалари юзасидан муддати ўтган дебитор қарздорлик учун, агарда асбоб-ускуналар ва (ёки) бутловчи буюмларни етказиб бериш муддати уларнинг техник хусусиятлари ва ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда 180 кундан ортиқ бўлса, молиявий жазо чоралари қўлланилмайди.

 Жорилла Абдуллаев, «Norma» МЧЖ етакчи эксперти.

 

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /ru/publish/doc/text151927_qqs_buyicha_bir_qator_imtiezlar_bekor_qilindi