ДСҚ ходимлари Туркияда нималарга алоҳида эътибор қаратишди

preview

ДСҚ мутахассислари гуруҳи Туркиядан солиқ маъмуриятчилигини автоматлаштириш тажрибасини ўрганиб қайтдилар.

– Туркия солиқ маъмуриятчилигини автоматлаштириш ва солиқ йиғимлари кўрсаткичлари бўйича энг юқори натижаларни қайд этаётган давлатлардан биридир, - деб таъкидлайди ДСҚ котибияти мудири Холбўта ИСМАТОВ.

Ўзбекистон риск-таҳлилнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этди. Ҳозирги пайтда сунъий интеллект ёрдамида турли манбалардан келиб тушадиган тадбиркорлик субъектлари фаолияти тўғрисидаги йирик ҳажмдаги маълумотлар қайта ишланади. Бу ҳар бир солиқ тўловчининг битимларга муносабатида солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг аниқлигини баҳолаш имконини беради. Дастурий таъминотни такомиллаштириш долзарб бўлиб қолмоқда, бу масаланинг ҳал этилиши солиқ органларининг солиқ тўловчига нисбатан асоссиз даъволари сонини камайтиришга имкон беради. Туркия, хусусан, дастурни бир вақтнинг ўзида 66 та мезон бўйича қайта ишлаш натижасида бундай самарага эришди.

Туркия ҚҚС тўлашдан қочиш ҳолатларининг олдини олишда IT-ечимларни фаол қўлламоқда. Мазкур солиқ у ерда ғазнани тўлдиришдаги аҳамиятига кўра иккинчи ўринда туради. Товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш ҳамда уларни тақсимлашнинг ҳар бир босқичида жисмоний ёки юридик шахслар томонидан тўланади. Бунда ҳар бир босқичда янги қўшиладиган маҳсулот ёки хизматлар қиймати улушига солиқ солинади. Қоидага кўра, солиқ тўловчилар кўпинча юридик шахслар бўладилар, якунловчи босқичда истеъмол товарлари сифатида маҳсулот ва хизматларни олишда жисмоний шахслар ҳам солиқ тўлайдилар. Ушбу солиқ тўлиқ тўланишини назорат қилиш мамлакат солиқ органлари учун катта иш кўламини ташкил қилганлиги боис, компьютер технологияларисиз бу ишни уддалаш мураккаб бўлиб қолди. Компьютер  технологияларининг қўлланилиши солиқ тўловчиларни интизомли бўлишини таъминлайди. Қонунга кўра солиқларни тўлиқ ёки қисман тўламаслик шахсий маблағлардан жарималар ва чегирмалар олинишига сабаб бўлади.

Ўзбекистонда электрон тижорат ривожлантирилмоқда. Бу солиқ органлари учун янги иш участкаси ҳисобланади. Туркия иқтисодиётида электрон тижорат салмоқли ҳажмни эгаллади. Ҳатто оммавий тадбирлар чипталари ҳам электрон кўринишга ўтказилиб, махсус тизимлар орқали сотилмоқда. Бугунги кунда савдо майдончалари махсус сайт орқали онлайн режимида солиқ идораларига ҳар бир товарлар ва хизматларга ҳақ тўлаш ҳолати тўғрисида маълумот бериб боради. Бу йилига 90 млн дан ортиқ транзациялар деганидир.

soliq.uz ахбороти асосида.

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /ru/publish/doc/text152889_dsq_hodimlari_turkiyada_nimalarga_alohida_etibor_qaratishdi