Бизнес ва шаҳарсозлик учун ер – фақат онлайн-аукцион орқали

preview

1 октябрдан бошлаб тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш ер участкаларини беришнинг янги тартиби жорий этилади (Президентнинг 13.08.2019 йилдаги Фармонига қаранг).

Шу санадан бошлаб кўрсатилган мақсадлар учун ерни барча ҳудудларда фақат «E-IJRO AUKSION» савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали олиш мумкин бўлади. Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ ер участкалари бериш ҳоллари бундан мустасно. Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ушбу тартибни бузганлик учун шахсан жавобгар бўладилар.

Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахслар “YERELEKTRON” ААТда[1] аниқ инвестиция мажбуриятлари билан бирга ер участкаси ва режалаштирилаётган қурилиш майдончаси тўғрисидаги маълумотларни кейинчалик уларни электрон онлайн-аукционга қўйиш масаласини кўриб чиқиш учун жойлаштириш тўғрисида таклифлар киритиш ҳуқуқига эга бўлди.

“Давергеодезкадастр” қўмитаси тадбиркорлик ва шаҳарсозлик учун таклиф қилинадиган ер участкаларининг жойлашуви тўғрисидаги ахборотларни очиқ маълумотлар порталида ва ўз расмий сайтида жойлаштириб боради.

Бир ой муддатда юқоридаги янгиликларни ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали тадбиркорлик фаолияти учун тақдим этишнинг янги тартибини жорий этишга йўналтирилган ҳужжат ишлаб чиқилади. Унда, жумладан, қуйидагилар акс эттирилади:

  • “Давергеодезкадастр” қўмитаси органлари томонидан “YERELEKTRON” ААТга маълумотларнинг мустақил киритилиши;
  • ер участкаларини танлаш бўйича материалларни ваколатли органларга келишиш ва хулоса бериш учун автоматик тарзда юбориш;
  • ер участкаларини танлаш бўйича материалларни келишиш пайтида қурилишга рухсат берилган ёки тақиқланган объектлар турларини аниқлаш, архитектура-режа топшириғини ишлаб чиқиш, шунингдек, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш учун техник шартларни тақдим этиш;
  • ер участкаларини танлаш бўйича материаллар юзасидан муайян давлат органлари хулосаларини олиш талабини бекор қилиш;
  • келишув ва ижобий хулосалар берилгандан сўнг қўшимча қарорларсиз ер участкаларини “YERELEKTRON” ААТ орқали электрон онлайн-аукционга қўйиш;
  • электрон онлайн-аукцион натижалари тўғрисидаги баённома асосида ер участкасига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш, шунингдек, аукцион ғолибига ер участкасини ажратиш тўғрисидаги қарор ўрнига Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан кўчирма бериш.

Олег Заманов. 


[1] “YERELEKTRON” ААТ – ер участкаларини бериш юзасидан материалларни йиғиш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ва ташкилотлар билан келишиш тартиботини аукцион воситасида амалга ошириш учун автоматлаштирилган ахборот тизими.

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text153017_biznes_va_shaharsozlik_uchun_er_-_faqat_onlayn-aukcion_orqali