Полезное для бухгалтера в ноябре:
ҚҚС нотўғри ҳисобга олинганда
2019 йил 1 июлдан бошлаб харидорлар ушбу солиқни тўламайдиганларнинг ҳисобварақ-фактурасида кўрсатилган ҚҚСни ҳисобга олишга ҳақли эмаслар. Бу қоида амалиётда қандай қўлланилиши ҳақида ДСҚ камерал назорат бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Ибрагимов сўзлаб берди.
– Бахтиёр Русланович, жорий йилнинг июль ойидан кучга кирган қўшилган қиймат солиғи бўйича янги нормалар ҳақида айтиб ўтсангиз.
– Аввало, таъкидлаш жоизки, мазкур норма Президентнинг 26.12.2018 йилдаги ПҚ-4086-сон қарорининг 10-бандида қайд этилган.
Эндиликда тадбиркорлик субъектлари ўз контрагентларининг ҚҚС тўловчиси эканлиги ёки тўловчиси эмаслигини, ҳисобварақ-фактурани тўғри расмийлаштирганини текшириб кўришлари лозим. Фақат ушбу ҳолатда улар таваккал қилмайдилар. Бундай қилмаса, нима бўлади? Очиғини айтаман, иккала корхона ҳам хатар зонасига тушиб қолади.
– Ушбу ҳолатни рақамлар орқали аниқ мисолларда тушунтириб берсангиз.
– Масалан, ҚҚС тўловчиси бўлмаган «А» корхонаси ҚҚС тўловчиси бўлган «Б» корхонасига қиймати 100 млн сўмлик товарларни етказиб берди. Бунда ҳисобварақ-фактурада асоссиз равишда 20 млн сўм ҚҚС акс эттирилди. Шу тариқа, умумий етказиб бериш суммаси 120 млн сўмни ташкил этган.
Бундай ҳаракатларни амалга оширганлиги учун «А» корхонасига нисбатан ноқонуний ажратилган ҚҚС суммасининг 20%и миқдорида молиявий жарима қўлланилади. Шунда корхона 4 млн сўм жарима ва 20 млн сўм ҚҚСни тўлаб беришига тўғри келади (Солиқ кодексининг 118-моддаси). «Б» корхонасига нисбатан молиявий жарималар қўлланилмайди.
2019 йил 1 июлдан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгаришларга мувофиқ «Б» корхонаси бюджет билан қайта ҳисоб-китобни амалга ошириши ва ҚҚС суммасини нотўғри ҳисобга олинган 20 млн сўмга камайтириши шарт.
– Контрагентни қандай қилиб текшириб кўриш мумкин? Ҳақиқатан ҳам ҚҚС тўловчиси ҳисобланадими ёки йўқми? Корхона контрагентни танлашда ишончли бизнес-ҳамкор эканлигини текшириб кўриши керак экан-да?
– Бизнес-ҳамкорни танлашда эҳтиёткорлик чораларини кўриш юзасидан бир нечта амалий тавсияларни берамиз.
Озгина вақт сарфлаб, қуйидагиларни билиб олишингиз мумкин:
- солиқ органларида ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган ёки ўтмаганлиги;
- ишбилармонлик обрўси;
- молиявий ҳолати;
- ишлаб чиқариш базаси ҳамда малакали ишчиларининг мавжудлиги.
Бизнесдаги ҳамкорингиз ҳақидаги маълумотларни билиб олиш учун сарфлаган вақтингиз зое кетмайди, ноқулай вазиятларга тушишнинг олдини оласиз.
– Сиз бизнес-ҳамкорни танлашда унинг холислигини аниқлашнинг айрим мезонларини айтиб ўтдингиз. Контрагентни текшириб кўриш учун маълумотлар олишда қандай очиқ манбалар мавжуд?
– Контрагентлар ҳақидаги маълумотларни ДСҚнинг soliq.uz расмий веб-сайтининг «ҚҚС тўловчиларни аниқлаш» бўлимига кириш орқали олиш мумкин.
Контрагентлар ҳақидаги маълумотларни олиш учун солиқ тўловчининг номи ёки СТИРи бўйича излаш функциясидан фойдаланиш мумкин.
Қуйидагилар ҳақида маълумот олишингиз мумкин:
- ҚҚС тўловчининг номи;
- солиқ тўловчининг СТИРи ва у давлат рўйхатидан ўтказилган сана;
- ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома мавжудлиги;
- ҚҚС бўйича ҳисоб-китоб топширилган охирги сана;
- ҚҚС бўйича охирги маротаба амалга оширилган тўлов санаси.
Ушбу хизмат, солиқ хатарларини истисно этган ҳолда контрагентингиз ҚҚС тўловчиси ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслигини аниқлашга имкон беради.
ДСҚ матбуот хизмати материалларидан.