Полезное для бухгалтера в декабре:
Электрон ҳисобварақ-фактураларга ўтиш учун бухгалтер яна нимани билиши зарур?
Кўп бухгалтерлар my.soliq.uz сайтидаги ўзларининг шахсий кабинетларида, E-factura» бўлимида электрон ҳисобварақ-фактуралар (25.06.2019 йилдаги 522-сон ВМҚ) билан ишлашни фаол синаб кўришмоқда.
2020 йил 1 январдан бошлаб бундай хизматлар пуллик бўлиши ва ЭҲФ оператори танланиши тўғрисидаги ДСҚнинг расмий хабари чиққандан кейин айниқса уларнинг фаоллиги ошди. Қўшимча саволлар туғилди.
buxgalter.uz портали ДСҚ матбуот хизмати ва ЭҲФ хизматларининг асосий роуминги – ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» ИАМ мутахассисларига саволлар билан мурожаат қилди ва уларга жавоб олди:
1) Электрон ҳисобварақ-фактура бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома юзасидан кимга мурожаат қилиш мумкин?
- Корхоналар ЭҲФ бўйича хизматларга шартнома юзасидан операторга мурожаат қилишлари мумкин. Бундай операторда ЭҲФларга ишлов бериш ва сақлаш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун тегишли лицензия (25.06.2019 йилдаги 522-сон ВМҚ) бўлиши керак. Бундай операторлар рўйхати soliq.uz ёки rouming.uz сайтида эълон қилинади.
2) Операторлар доираси чекланганми ёки очиқ бўладими?
- Операторлар сони бўйича ҳеч қандай чеклов йўқ. Исталган юридик шахс белгиланган талабларга мувофиқ келган тақдирда ЭҲФ оператори бўлиши мумкин.
3) ЭҲФ хизматлари қанчага тушади? Бу масалани ким тартибга солади? Тўлов табақалаштирилган бўладими?
Мисол учун, тўлов ва чегирма транзакция миқдоридан белгиланса, йирик корхона ойига 5 дан 10 тагача ҳисобварақ-фактураси бўлиши мумкин бўлган жуда кичик корхонадан камроқ тўлайди.
- ЭҲФ хизматлари учун тўлов хўжалик юритувчи субъект ва оператор ўртасида шартнома асосида келишилади. Яъни, нархларни мулкдор ёки электрон хизматларни ишлаб чиқарувчи бозордаги талаб ва таклифдан келиб чиқиб белгилайди. Операторлар орасидаги рақобат нархлар ўзгаришининг регулятори бўлади.
4) ДСҚ ЭҲФга ўтган тадбиркорлик субъектлари дуч келадиган муаммоларни батафсил ўрганадими? Олинган ахборотни инобатга олган ҳолда тизимни янада такомиллаштириш қандай рўй беради?
- ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» ИАМ қўллаб-қувватлаш хизмати орқали олинадиган мурожаатлар асосида юзага келадиган муаммоларни доимий асосда батафсил ўрганиб боради ва ЭҲФ тизимини такомиллаштиради.
5) ЭҲФларни жорий этиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида барча зарур ахборотни бухгалтерлар эътиборига қандай етказасизлар?
- Ҳозирги кунда бутун республика бўйлаб семинарлар ва хўжалик юритувчи субъектлар билан учрашувлар ўтказилмоқда. Шунингдек, биз уларга телефон орқали ҳам маслаҳатлар бермоқдамиз. Бундан ташқари, ЭҲФ билан ишлаш бўйича видео-йўриқнома тайёрланган – бу ерга қаранг.
6) Айрим тармоқлар эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ЭҲФ платформасини янада такомиллаштириш режалаштирилмоқдами? Масалан, қурилиш ташкилотларининг айтишича, мавжуд платформа уларга умуман тўғри келмайди...
- Ҳа, биз йил охиригача қурилиш, комиссия хизматлари, дилерлик хизматлари, фармацевтика, коммунал хизматлар ва бошқалар сингари айрим тармоқлар учун тизимни такомиллаштиришни режалаштиряпмиз.
7) Қайси сана ЭҲФ тақдим этилган сана ҳисобланади? Низомда бу саволга аниқ жавоб йўқ. Демак шу санани ҳам операторга ЭҲФ тақдим этилган сана, ҳам товар ёки хизмат олувчидан тасдиқнома олинган сана сифатида қабул қилиш мумкин.
- Етказиб берувчи томонидан ҳисобварақ-фактура тақдим этиш ёки товарлар юклаб жўнатилган (топширилган) сана товарларни реализация қилиш оборотини амалга ошириш санаси деб тан олинади. Шу боис айнан шу сана контрагентга ЭҲФ тақдим этиш санаси ҳисобланади.
8) Илгари тузилган ҳисобварақ-фактураларни тузатиш имконияти назарда тутиладими? Масалан, қайтаришлар, чегирмаларда.
Мисол учун, чакана тармоқда ҳар ойда қайтаришлар бўлади, сабаби ҳамма маҳсулотлар ҳам сотилмайди. Яроқлилик муддати тугаётганда эса товарлар қолдиғини одатда етказиб берувчига қайтарадилар. Бунда манфий ҳисобварақ-фактуралар солиқ органларида шубҳа уйғотади. Яъни, бизнес ҳар ойда товарнинг қайтарилишини исботламаслик ва унга асос келтирмаслик учун уни тўлдиришдан воз кечишга мажбур бўлади.
- Қайтаришлар ва чегирмаларда ҳисобварақ-фактурани тузатиш Солиқ кодексининг янги таҳрири лойиҳасида назарда тутилган (50-модда). Янги СК кучга киргандан кейин мазкур механизм ЭҲФ тизимида ҳам амалга оширилади.
9) ЭҲФ тизими ишдан чиққан ёки корхонада электр энергияси билан боғлиқ муаммо юзага келган вазиятда нима қилиш зарур? Ушбу ҳолда ҳисобварақ-фактурани қоғозда расмийлаштириш мумкинми?
СКнинг янги таҳрири лойиҳасида (50-модда) назарда тутилишича, солиқ тўловчилар қуйидаги ҳолларда ҳисобварақ-фактурани қоғозда расмийлаштиришга ҳақли:
1) Ўзбекистон Республикасининг солиқ тўловчи турган жойдаги маъмурий-ҳудудий бирликлари чегараларида умумий фойдаланишдаги телекоммуникация тармоқларининг мавжуд эмаслиги. Ҳудудида умумий фойдаланишдаги телекоммуникация тармоқлари мавжуд бўлмаган Ўзбекистон маъмурий-ҳудудий бирликлари тўғрисидаги ахборот Ахборот технологияларини ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади;
2) ЭҲФ ахборот тизимида ваколатли орган томонидан тасдиқланган техник хатолар юзага келганлиги. Улар бартараф этилганидан сўнг қоғоз шаклда ёзилган ҳисобварақ-фактура техник хатолар бартараф этилган санадан бошлаб беш кун ичида ЭҲФлар ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилиши лозим.
Татьяна Лимарева, Олег Гаевой.