Полезное для бухгалтера в декабре:
2020 йилда тўқимачилик саноатида янги солиқ имтиёзлари пайдо бўлади
Президентнинг 16.09.2019 йилдаги “Енгил саноатни янада ривожлантириш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4453-сон қарори қабул қилинди.
Тармоқда ижобий натижаларга эришилди – пахта толасининг 80%дан кўпроғи ва ип калаванинг 45%дан кўпроғи қайта ишланмоқда, 2018 йилда тайёр маҳсулот экспорт ҳажми эса 1,6 млрд АҚШ долларига етди. Имтиёзлар ва преференциялар тайёр чарм ишлаб чиқариш ҳажмини 6%га ва краст босқичидаги чарм ишлаб чиқариш ҳажмини 44%га ошириш имконини яратди. Қуйидаги чора-тадбирлар ушбу йўналишда ҳаракатни давом эттиришга ёрдам беради:
биринчидан, 2021 йил 1 январдан бошлаб ярим тайёр чармни (ТИФ ТН буйича 4104, 4105, 4106 21 000 0 кодлари) олиб чиқишда йиғим экспорт қилинадиган маҳсулот қийматининг 5%идан 10%игача оширилади, пахта ип-калаваларини (ТИФ ТН буйича 5205, 5206, 5207 кодлари) олиб чиқишда эса ҳар бир килограмм ип-калава учун 0,01 АҚШ доллари ундирилади. Йиғилган маблағларнинг 75%и “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига ўтказилади, у маблағлардан мақсадли харажатларни молиялаштириш учун фойдаланади;
иккинчидан, 2020 йил 1 январдан қуйидаги солиқ имтиёзлари жорий этилмоқда:
- ҳисобот даври натижалари бўйича ялпи тушумнинг умумий ҳажмида тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларининг экспорти 60%дан кам бўлмаган экспорт улушига эга бўлган корхоналар 2023 йил 1 январга қадар мол-мулк солиғини тўлашдан озод этилади;
- тўқимачилик, тикув-трикотаж, чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳалари корхоналарининг фойда солиғи бўйича солиққа тортиладиган базаси 7 йил давомида тенг улушларда замонавий тозалаш ва канализация иншоотларини қуриш бўйича харажатлар суммасига камайтирилади;
- чорва молларини сўйиш бўйича замонавий автоматлаштирилган мажмуаларни ишга тушираётган ташкилотлар ва терини қайта ишловчи корхоналар 2023 йил 1 январга қадар ер солиғи тўлашдан озод этилади;
- “Ўзтўқимачиликсаноат” ва “Ўзчармсаноат” уюшмаларининг хорижий консультантлари, шунингдек, тўқимачилик, тикув-трикотаж, чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳалари корхоналарида меҳнат фаолиятини юритаётган хорижий мутахассислар Ўзбекистондаги даромад манбалари бўйича ЖШДСни унинг белгиланган ставкасидан 50% миқдорида тўлайди.
Бундан ташқари, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти қошидаги Ўзбекистон-Корея ўқув-амалий тўқимачилик технопаркига 2023 йил 1 январга қадар божхона имтиёзлари тақдим этилди. Шунингдек, унга “Ангрен” ЭИЗда тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер майдонлари ажратилади.
учинчидан, “Ўзпахтасаноат” АЖ 2018-2020 йиллар ҳосилидан пахта толасини маҳаллий тўқимачилик корхоналарига биржа савдоларида миллий валютага, маҳсулот юклаб жўнатилган кундан 90 кун мобайнида якуний ҳисоб-китоб қилган ҳолда 35 фоиз олдиндан тўлов асосида сотади;
тўртинчидан, пахта тозалаш заводларини пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерларига сотишда баҳолаш қийматидан чегирмалар амал қилади. Чегирмалар миқдори тўлов муддатларига боғлиқ: бир йил мобайнида тўланганда – 50%, 2 йил мобайнида тўланганда – 40%, 3 йил мобайнида тўланганда – 30%. Чегирмаларни ҳисобга олган ҳолдаги баҳоси баланс қийматидан паст бўлиши мумкин эмас.
бешинчидан, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари бир қатор қўшимча афзалликларга эга бўлди:
- пахта хом ашёсини етиштириш учун 2019 йилда Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан банклар томонидан берилган кредитлар фақат 11 ой ўтганидан сўнг қайтарилади, ҳар бир транш учун қайтариш муддатини ҳисоблаш эса қарз олувчиларга маблағлар келиб тушган пайтдан бошланади;
- улар пахта уруғлик чигитини ишлаб чиқаришни мустақил амалга оширишлари, ўз эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарилаётган пахта толасини ихтиёрий равишда сертификатлашлари мумкин.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 17.09.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.