Полезное для бухгалтера в декабре:
Онлайн-НКМ ва виртуал касса: бухгалтер нималарни билиши керак?
Жорий этиладиган онлайн-НКМ ва виртуал касса тизими қандай бўлади? Ишлаш учун қурилмани қандай тўғри танлаш мумкин? Барча муҳим янгиликлар – шарҳимизда.
Ушбу саволлар Президентнинг янги технологияларга ўтиш графиги ва иштирокчиларга бериладиган имтиёзлар белгиланган ПФ-5813-сон Фармони чиққанидан кейин тадбиркорлик субъектлари учун яна долзарб бўлиб қолди. Бу ҳақда батафсил бу ерда ўқиб чиқиш мумкин.
ҚҲТБТ порталида эълон қилинган Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси кўп жиҳатларга аниқлик киритди, қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
● Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассани қўллаш тартиби тўғрисидаги низом;
● ЎзР ҳудудида қўлланилиши рухсат этилган онлайн НКМ, виртуал касса ва фискал модулга қўйиладиган техник талаблар;
● Онлайн НКМ, виртуал касса ва фискал модулга техник хизмат кўрсатиш марказларининг Давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низом;
Онлайн НКМ, виртуал касса ва фискал модулларнинг Давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низом.
Муҳокама 9 октябрга қадар давом этади.
Жорий этиладиган технология қандай ишлайди?
Онлайн-НКМ – бу махсус қурилма бўлиб, уни сотиб олиш мумкин. Алоҳида қурилма сифатида виртуал кассаси мавжуд эмас. Бироқ исталган компьютерни, ноутбук ёки планшетни махсус дастурий таъминот ёрдамида бундай қурилмага айлантириш мумкин. Шунда қурилма НКМ функциясини бажаради.
Виртуал касса ёки онлайн-НКМдан фойдаланишни – ўзингиз танланг. Энг мақбул вариантни танлашга назорат-касса техникаси соҳаси мутахассислари кўмаклашишади.
Жаҳон амалиётида интернет-савдода, шунингдек мобил хизматлари кўрсатишда виртуал кассадан кенг фойдаланилишини эътибордан четда қолдирманг. Масалан, НКМдан фойдаланиш ноқулайлик туғдирадиган таксини олайлик. Турғун савдо шохобчалари эгалари, қоидага кўра, автоматлаштирилган иш жойларида онлайн-НКМдан фойдаланадилар. Гаджетни сотиб олишда реализация қилинадиган товарлар рўйхати бўйича ҳисобга олиш имкониятига эътибор қилинг. Қурилмангизга ишлаб чиқарувчилар, товар тури ва бошқа жиҳатлар бўйича барча ассортиментни киритиш лозим. Турли моделлар турли миқдордаги товарлар билан ишлашга мўлжалланган.
SAM-карта ва USB-калит кўринишидаги фискал модуллар жорий этиладиган қурилмаларнинг муҳим элементига айланади. Ушбу қурилмалар кўринишидан SIM-карта ва флешкаларга ўхшайди. Онлайн-НКМ ёки виртуал касса ушбу қурилмаларсиз ишламайди.
Мазкур технологиялар жорий этилиши билан солиқчилар ҳар бир чиқарилган чек ҳақидаги маълумотни оладилар. Маълумот ДСҚ ваколатли органи - «Янги технологиялар» марказининг серверига келиб тушади.
Банк картаси ёки нақд пул тўланганда онлайн НКМ ёки виртуал касса чекларида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:
- чекнинг тартиб рақами;
- онлайн НКМнинг завод рақами ёки виртуал кассанинг серия рақами;
- тадбиркорлик субъектининг номи;
- солиқ тўловчининг индентификация рақами (СТИР);
- пулли ҳисоб-китоблар амалга ошириладиган манзил;
- товар/хизмат номи;
- маркировка қилинадиган товарлар учун маркировка коди;
- товар/хизмат миқдори;
- товар/хизматнинг ҚҚС ставкаси;
- товар/хизматнинг ҚҚС суммаси;
- тўлов шакли: нақд, пластик карта ёки аралаш;
- тўловнинг жами суммаси;
- тўлов санаси ва вақти;
- фискал модулнинг такрорланмас рақами;
- фискал белги;
- берилган касса чекининг ҳақиқийлигини текшириш учун камида 30х30 мм ўлчамдаги QR-код.
Онлайн-НКМ ва виртуал касса мунтазам ишлаб туриши лозим.
Уларнинг ишлаши учун техник имконият мавжуд бўлмаган тақдирда, шу жумладан интернет тармоғидаги вақтинча узилишлар бўлганда, Ушбу қурилмада чеклар оффлайн режимда 24 соат ичида чиқарилиши зарур. Мазку муддат тугагач шаклланган чеклар фискал маълумотлар операторига узатилишини таъминлаш лозим, акс ҳолда онлайн-НКМ ёки виртуал касса блокировка қилинади.
Онлайн-НКМ ёки виртуал кассани таъмирлаш даврида Техник хизмат кўрсатиш маркази (ТХКМ) томонидан ушбу муддатга бошқа шунга ўхшаш қурилма берилади.
Қандай уланиш мумкин?
Аввал ёзганимиздек, онлайн-НКМ ва виртуал кассага ўтиш босқичма-босқич икки йил давомида амалга оширилади.
Бу билан боғлиқ қадамларни қуйидагилар қабул қилинганидан кейин қўйган маъқулдир:
1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланилиши рухсат этилган онлайн НКМ, виртуал касса ва фискал модулларнинг Давлат реестрини;
2. Техник хизмат кўрсатиш марказларининг Давлат реестри.
Реестрлар юқорида айтиб ўтилган Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси тасдиқланган кейин тузилади.
Техник хизмат кўрсатиш марказларининг Давлат реестри ДСҚ сайтида эълон қилинади, Онлайн НКМ, виртуал касса ва фискал модулларнинг Давлат реестри қаерда эълон қилиниши ҳақида ҳужжат лойиҳасида айтилмаган. Ҳужжатни ишлаб чиқувчилар бунга эътибор беришларига ва аниқлик киритишларига умид қиламиз.
Ҳар бир ТХКМ фақат ДСҚдан рухсат олинган қурилмалар билан ишлашини инобатга олинг. Бинобарин, айнан сотиб олаётган қурилмангизга хизмат кўрсатадиган ТХКМни излашингизга тўғри келади.
Техник хизмат кўрсатиш марказлари шартнома асосида ишлайди, бунда онлайн-НКМ ва виртуал касса фискал маълумотлар операторига уланиши, уларни созлаш, техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва ҳисобдан чиқариш таъминланади. Ҳозирда НКМни улаш, ҳисобга қўйиш ва ҳисобдан чиқариш ишларини инспекция амалга оширмоқда.
ТХКМда мижозларга маслаҳатлар бериш ҳамда уларнинг мурожаат ва буюртмаларини қабул қилиш учун сайтлар ва колл-марказлар бўлади.
Солиқчилар нима қиладилар?
Солиқ органи онлайн-НКМ ва виртуал кассанинг ишлашини назорат қиладилар:
● онлайн НКМ ва виртуал кассанинг чекларини ДСҚга юборилган маълумотлар билан солиштириш;
● қурилмалар ҳолатининг техник талабларга мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказиш.
Солиқчиларда сизга тегишли онлайн-НКМ ёки виртуал касса носозлиги ёки талаблар бузилган ҳолда қайта созланганлиги борасида шубҳа пайдо бўлганда, қурилма ТХКМнинг мустақил мутахассислари томонидан экспертиза ўтказилиши учун юборилади.
P.S.
ҚҲТБТ порталида лойиҳа муҳокамаси қизғин давом этаяпти. Назорат-касса техникасини ишлаб чиқарувчилар ва уларга хизмат кўрсатиш мутахассислари ўз таклифларини билдирмоқдалар.
Шу билан бирга, ўқувчиларимизнинг ҳам таклиф-истаклари борлигига эътибор қаратишни хоҳлардик. Улар корпоратив пластик карта билан ҳисоб-китоб қилиш чоғида ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш мажбуриятини юкловчи нормани бекор қилиш зарурати билан боғлиқдир.
Норма ишламаётганлиги бухгалтерларга бош оғриғи бўлаётганлиги ҳақида ёзган эдик. Муаммони ҳал этиш учун мазкур нормани бекор қилишни ёки бундай ҳолатларда ҳисобварақ-фактура онлайн-НКМ ёки виртуал касса чекига алмаштирилиши мумкинлигини қайд этишни таклиф қиламиз.
Ушбу ҳужжутлар мазмуни ва ҳимояланганлиги борасида ҳисобварақ-фактурадан қолишмайди. Ушбу нормага тузатиш киритилиши эса амалда чекларга бўлган талабнинг ошишига имконият яратади.