Полезное для бухгалтера в ноябре:
Маслаҳатчи-норезидентнинг ФҲТ шартнома бўйича кўрсатилган хизматларига ҚҚС солинадими?
Корхона юристлар ёки маслаҳатчилар-норезидентларни фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида ҳамкорликка жалб қилган вазиятда унда хизматлар импорти бўйича ҚҚС юзасидан солиқ оқибатлари вужудга келадими? Бу масалани тушунтириб бериш учун Buxgalter.uz портали Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармасига мурожаат қилди.
Аниқ вазиятни кўриб чиқамиз. Корхона Ўзбекистон норезиденти билан Ўзбекистон ҳудудида маслаҳат хизматлари кўрсатиш учун ФҲТ шартнома тузди. Хизматлар қиймати – 5 000 АҚШ доллари. Ижро этувчи резидентлик сертификатини тақдим этмади. Маслаҳатлар якунлангандан кейин бажарилган ишлар (кўрсатилган хизматлар) далолатномаси имзоланди. Корхона олинган хизматлар қийматига ҚҚС солиши керакми?
Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси қуйидагиларни тушунтирди.
Товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилиш бўйича оборотга ҚҚС солинади, башарти Ўзбекистон ҳудуди уларни реализация қилиш жойи бўлса.
Хусусан, Ўзбекистон корхоналарига маслаҳат, аудиторлик, юридик (адвокатлик), бухгалтерлик, реклама ва инжиниринг хизматлари кўрсатишда Ўзбекистон уларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади (Солиқ кодексиниг 202-моддаси учинчи қисми 4-банди биринчи қисми).
Шу тариқа, норезидент томонидан кўрсатилган маслаҳат хизматларига норезидент билан тузилган ФҲШ туридан қатъи назар уларни олувчида (солиқ тўловчи-резидентда) ҚҚС солинади (Солиқ кодексининг 207-моддаси).
ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база норезидентга тўланиши лозим бўлган суммадан келиб чиқиб, тўлов манбаида –маслаҳат хизматларини олувчида ушлаб қолиниши лозим бўлган солиқ суммаси чегириб ташланмаган ҳолда белгиланади.
Бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммаси белгиланган ставка ва солиқ солинадиган базадан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Олинган ишлар, хизматлар учун ҳақ тўлаш хорижий валютада амалга оширилган тақдирда, солиқ солинадиган оборот бажарилган ишлар далолатномаси (ҳисобварақ-фактура) имзоланган санадаги МБ курси бўйича миллий валютада қайта ҳисоблаб чиқилиши лозим.
Солиқ кодекси имтиёзлар белгилаган норезидент томонидан кўрсатилган ишлар ва хизматларга ҚҚС солинмайди (Солиқ кодексининг 208, 209 ва 210-моддалари).