Полезное для бухгалтера в декабре:
Оилавий меҳмон уйлари учун қандай солиқларни тўлаш лозим?
Оилавий меҳмон уйларининг хизматлари турар жой эгалари томонидан якка тартибдаги ёки оилавий тадбиркорлик шаклида тақдим этилади.
Оилавий меҳмон уйи эгасининг оила аъзолари билан бирга ўзида 10 нафаргача ташриф буюрувчилар (туристларни) учун мўлжалланган бўлиши керак. Меҳмонларга вақтинча яшаш ва овқатланиш тақдим этилади. Бунда ҳар бир яшовчи шахсга 3 кв. м ҳисобидан тўғри келадиган турар жой майдони таъминланиши лозим (07.08.2018 йилдаги 631-сон ВМҚ).
Оилавий меҳмон уйлари хизматларини сертификатлаштириш соддалаштирилган бўлиб, уларни Оилавий меҳмон уйлари ягона реестрига киритиш ва ундан тегишли кўчирма беришга асосланган.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси оилавий меҳмон уйларини рўйхатга олиш ва Оилавий меҳмон уйлари ягона реестрини юритишни амалга оширади.
Оилавий меҳмон уйлари хизматларини тақдим этувчи хусусий тадбиркорлар ёки оилавий бизнес аъзолари 100 млн сўмгача миқдорда товар айланишида қатъий белгиланган солиқ тўлайдилар (26.12.2018 йилдаги ПҚ-4086-сон қарорнинг 9-иловаси).
Оилавий тадбиркорлик субъекти номидан иш юритадиган якка тартибдаги тадбиркор ҳар ойда 1 БҲМдан кам бўлмаган миқдорда ЯИТ тўлайди.
Оилавий тадбиркорлик субъекти таркибига кирувчи оила аъзолари қатъий белгиланган солиқ тўлашдан озод этилади. Бунда оилавий бизнес иштирокчиси бўлган ҳар бир оила аъзоси учун БҲМнинг 50%и миқдорида ЯИТ тўланади (Солиқ кодексининг 311-моддаси).
Оилавий меҳмон уйлари ягона реестрига киритилган хусусий тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъекти аъзолари учун тижорат банклари томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваригача миқдорда 5 йил муддатга икки йиллик имтиёзли давр билан Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан юқори бўлмаган ставка бўйича имтиёзли кредитлар берилиши назарда тутилган.
ДСҚ матбуот хизмати ахбороти асосида